Мақолалар

ФОТИҲАДАН КЕЙИН “ОМИН” АЙТИШ МАСАЛАСИ

Ҳанафий мазҳабимизга кўра намозда, “Фотиҳа” сурасидан кейин, “омин”ни махфий (овоз чиқармасдан) айтилади. Бунга уламолар қуйидаги далилларни келтирадилар:

  1. “Омин” лафзи дуо бўлиб, “ижобат қил”, “дуони қабул қил”,деган маъноларни англатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда дуони махфий қилишга буюрган:

 

ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

яъни: “Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси, 55-оят).

Демак, “омин”ни ичимизда айтсак, оятга амал қилган бўламиз.

 

  1. Яна бир далил:

 

عَنْ عَلْقَمَةَ بْنِ وَائِلٍ رضي الله عنه عَنْ أَبِيْهِ: "أَنَّهُ صَلَّى مَعَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَلَمَّا بَلَغَ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِيْنَ قَالَ: آمِيْنْ وَأَخْفَى بِهَا صَوْتَهُ")    رواه الإمامُ أحمدُ والإمامُ أبو داودَ الطيالسيُّ والإمامُ أبو يَعلى الموصلي والإمامُ الدارقطني والإمامُ الحاكمُ(

яъни: Алқама ибн Воил оталаридан ривоят қиладилар, оталари Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидилар. Пайғамбаримиз “ғойрил мағзуби ъалайҳим валаззоллин”га етганларида оминни овоз чиқармасдан айтдилар (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Абу Яъло, Имом Дорақутний, Имом Ҳоким ривоятлари).

 

  1. “Омин”ни машҳур ва буюк саҳобалар ҳам овоз чиқармасдан айтганликлари мазҳабимизни қўллаб-қувватлайди:

 

عَنْ أَبِيْ وَائِلٍ رضي الله عنه قَالَ: "كَانَ عَلِيٌّ وَابْنُ مَسْعُودٍ لاَ يَجْهَرَانِ بِبِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيْمِ

وَلاَ بِالتَّعَوُّذِ وَلاَ بِآمِيْنَ")  رواه الإمامُ الطبراني(

яъни: Абу Воил разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зот шундай деган: “Али ва Абдуллоҳ ибн Масъудлар “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам, “аъузу”ни ҳам, “омин”ни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар” (Имом Табароний ривояти).

Бошқа бир ривоятда ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳам “омийн”ни ичларида айтиб намоз ўқишлари таъкидланади. Ҳанафий уламолар худди шу маънодаги, лекин бошқа саҳобаи киромларнинг номлари зикр қилинган ривоятларни ҳам келтирадилар.

 

  1. “Омин”ни овоз чиқармасдан айтишга яна бир далил:

 

عَنْ إِبْرَاهِيْمَ النَّخَعِي قَالَ: "أَرْبَعٌ يُخْفِيْهِنَّ الْإِمَامُ اَلتَّعَوُّذُ وَبسم الله الرحمن الرحيم وَاَللَّهُمَّ رَبَّنَا لَكَ الْحَمْدُ وَآمِيْنْ)  "رواه الإمامُ عبدُ الرزاق في مُصَنَّفِهِ وإسنادُه صحيحٌ(

яъни:  Иброҳим Нахаийдан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Тўрт нарсани имом овозини чиқармасдан айтади: “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим”, “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим”, “Роббана лакал ҳамд” ва “Омин”” (Имом Абдурраззоқ “Мусаннаф” номли китобида ривоят қилган. Исноди саҳиҳ).

Уламолар шунингдек бир нечта ақлий далиллар ҳам келтирганлар:

Масалан: “Омин” лафзи Қуръондан эмаслиги ҳаммамизга маълум. “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим” эса Қуръондан, яна Аллоҳ таоло бизга Қуръон ўқиганимизда уни айтишни вожиб қилган. Шундоқ бўлса ҳам, “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим”ни ичимизда айтамиз. Нима учун “омин”ни овоз чиқариб айтишимиз керак экан?!”.

Яна бир далил: Намоз жуда ҳам машҳур ибодат ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам намоз фарз бўлган кундан бошлаб ҳар куни беш вақт намоз ўқиганлар. Пайғамбаримизнинг ҳар бир намозлари минглаб кишилар томонидан синчковлик ила кузатиб турилган. Агар “омин”ни овоз чиқариб айтиш керак бўлганида, У зот бу нарсани баён қилган бўлар ва орада ҳеч қандай шубҳа қолмас эди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бошқа мазҳабларда ҳужжат қилинадиган “Омин”ни жаҳрий (овоз чиқариб) айтилиши ҳақида келган ҳадисларни ҳанафий уламолар Расулуллоҳ таълим учун айтганликларини қайд этганлар.

Хулоса шуки, “Омин”ни махфий айтиш масаласи оят ва  ҳадисга тўлиқ мос келади ва Пайғамбаримизнинг суннатидир. Ҳанафий уламолар бу мавзуда оят ва ҳадисга суянганлар, қиёсга ҳожат ҳам қолмаган.

 

Маъруфхон Алоходжаев,

Наманган шаҳри Абдулқодитр қори” жоме
масжиди имом хатиби

Read 4392 times

Мақолалар

Top