Мақолалар

Аёл – она, экстремистик оқимлар қўлидаги тарғибот қуроли эмас

Динимизда аёлларга юксак ҳурмат ва эътибор билан қаралади. Куръони карим сураларнинг бири айнан “Нисо” яъни “Аёллар” деб номланиши, унда аёлларнинг ҳак-ҳуқуқлари батафсил баён этилиши динимизда аёлларга бўлган этиборнинг ёрқин ифодасидир.

Оила бошлиғи эркакка бўлган ҳурмат, шарм-ҳаё, андиша, итоаткорлик, сабр ва матонат барча даврларда ўзбек аёлининг муҳим хислати саналган. Ҳозирги глобал ўзгаришлар даврида жамият негизи бўлган оила мустаҳкамлигини оқила ва доно аёлларсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Минг афсуслар бўлсинки, бугун аёл деган номга доғ тушириб, ўз шаънини топталишига сабаб бўлаётган аёллар ҳам афсуски, топилади.

Ислом динини ўзига ниқоб қилиб олган, ундан қурол сифатида фойдаланаётган экстремистик ташкилотлар ўзларининг ғаразли фаолиятларида аёлларни жалб этиб, террорчилик ҳаракатларини амалга оширмокдалар.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, мутаассиб аёлларнинг террорчилик жамоаси ичидаги вазифаларини қуйидагиларга ажратиш мумкин:

Оналик бурчи – она сифатида ёш фарзандларини онгини мутаассиблик уруғларини ундира боради. Жамоада террорчилик фаолияти учун ўринбосарлар тайёрлаб боради.

 Янгиларни жалб кила олиш маҳорати – ҳам фикр, дардкаш қўшни, амма, хола, сингил, опа, она, мураббий сифатида террорчи жамоага янги ишонувчан заифаларни тортиб келади.

Тарғибот қуроли – коммуникация воситалари ривожланиши натижасида аёл киши айрим оқимлар қўлида тарғибот қуролига, кейин эса қурбонига айланмокда.

Аёллар ушбу мудҳиш оламга кириб қолиши моддий қийинчилик, оиладаги етишмовчилик, аламзадалик, ишсизлик, диний ва дунёвий билимларни етарли даражада ўзлаштирмагани билан боғланади.

 Ҳанафий мазҳабига кўра, аёл тўла мустақил шахс саналади. У ўз номидан шартнома тузиши, мерос олиши ва қолдириши мумкин. У ўз мулкини эркин тасарруф этиши, маҳр, мерос ва бошқа хусусий мулкларидан эркин сарф-харажат қилиш ҳуқуқига ҳам эга.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Никоҳли турмуш диннинг ярмига тенгдир, қолган ярмида ўзи тақво қилсин” - дея марҳамат қилганлар.

Ҳозирги кунда мутаассиб аёллар Интернет, ижтимоий тармоқлар орқали халифалик давлатини барпо қилиш ва исломий ҳукмларни жорий қилиш йўлида “жиход килаётган жангчи эркакларга ўзини бағишлагани кенг тарғиб қилинмоқда. Бунда аёл гуруҳдаги айнан бир эркакнинг маҳрами бўлиб қолмайди, балки гуруҳдаги турмуш ўртоғи жангда вафот этса, иккинчи жангарига турмушга чиқаверади ёки вафот этган турмуш ўртоғи билан тез кунда жаннатга кўришиш ниятида ўз ўлимига рози бўлади ва “шаҳидлик белбоғини» боғлайди. Ваҳоланки, Ислом таълимотига кўра, инсонга берилган жон неъмати Яратганнинг энг буюк неъматларидан саналади.

  Таассуфки, айрим аёл-қизларнинг ота-она, ака-ука, турмуш ўртоғлари аёлларнинг ўқиш ва ишлаши шарт эмас, бунинг ўрнига уйида ўтириб ибодат қилсалар етарли деб ҳисоблайдилар. Бунинг оқибатида, аёл мустақил фикрлаш қобилиятидан маҳрум, касб-ҳунар, илм маърифатдан йироқ, жаҳолат ва ғафлат тузоғига илинишга тайёр ўлжага айланади.

Динимизда эса, эркак ёки аёл эканидан катъи назар барчанинг илм олиши фарз эканлиги алоҳида таъкидланади. Қуръони каримда бундай дейилади. «Аллоҳ бирингизни бирингиздан бирон неъмат  билан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасадгўйлик билан) орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар, аёллар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар. (Ҳасад қилиш ўрнига) Аллоҳнинг фазлидан сўрангиз. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир» (Нисо, 32). Юқоридаги оят аёлларнинг ҳам касб қилишларига рухсат берилганига далилдир.

Демак, Ислом дини аёлнинг ҳаётдаги ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилар экан. Унинг касб-ҳунар ва мустақил фикр юритишида эркинлигини уқтириб, азизу мукаррам бўлган инсонни дунёга келишига сабабчи бўлган оналар – оёғи остида жаннат борлигини ҳам хабар берар экан.

 

Ш.Холмуратова

Термиз туман отинойиси  

 

Read 4813 times

Мақолалар

Top