Мақолалар

Саҳарда “мактуб ёзинг”

Ризқларни тақсимловчи Аллоҳ таолодир. Ризқ борасида хотиржам бўл! У Зот ҳар бир бандасининг ризқини ёзиб қўйган, шу жумладан сенинг ризқингни ҳам. Ана шу ризқингни тўлиқ олмагунингча вафот этмайсан. Ўзинг яхши кўрган нарсаларни бошқаларнинг қўлида кўрганингда унинг ҳаққига барака тилаб дуо қилишга одатлан. Бу билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига амал қилган бўласан. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар бирортангиз биродарида ёқтирган нарсасини кўриб қолса, унга барака тилаб дуо қилсин!” деганлар.

*****

Аллоҳга қуллик қилинмасдан, Уни танимасдан, неъматларини англамасдан, бутун борлиқни У яратганини билмасдан ўтказилган ҳаёт нақадар арзон, арзимас ҳаётдир.

Аллоҳни танимай ўтказилган ҳаёт маҳрумликдир.

Аллоҳ таолони танимасдан ўтказилган ҳаёт хорликдир.

Уни норози қиладиган тарздаги ҳаёт йўқотишдир.

*****

Аллоҳ таолонинг мададисиз ҳеч нарса қила олмайдиган, муҳтож, мискин инсоннинг барча ризққа кафил бўлган, неъматлар бериб турган, осмонлару ернинг хазиналари қўлида бўлган Зотга исён қилиши жуда жирканч, хунук ишдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ أَنتُمُ الْفُقَرَاء إِلَى اللَّهِ وَاللَّهُ هُوَ الْغَنِيُّ الْحَمِيدُ

“Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ эса, Ўзи беҳожат ва мақталган зотдир” (Фотир сураси, 15-оят)

*****

Яъқуб алайҳиссалом: “Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қилмоқдаман” деганларида, Арҳамур роҳимийн бўлган Зотдан дарҳол ижобат келди. Сиз ҳам саҳар пайтида кўз ёшингизни сиёҳ қилиб, у билан юзингиз дафтарига “мактуб”ингизни “ёзиб”, уни Аллоҳ таолога юборинг ва ижобатини кутинг! Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُواْ لِي وَلْيُؤْمِنُواْ بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ

“Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар” (Бақара сураси, 186-оят)

 

Доктор Оиз Қарний саҳифаларидан Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Read 2304 times

Мақолалар

Top