Мақолалар

Эр аёлига яхши кўришини айтиши керакми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади: “Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир” (Рум, 21).

 

Инсонни эркак-аёлга ажратиб, жуфт яратишининг ўзи Аллоҳнинг биру борлиги, баркамол сифатлар соҳиби эканининг ёрқин далилидир. Доимо кўраверилгач, унга эътибор берилмайди, аммо эътибор ила тафаккур қилиб кўрилса, инсоннинг эркак ва аёллик ҳолати улкан мўъжизадир.

Аллоҳ таоло инсоннинг ўзидан унга жуфт яратиб беришни “сокинлик топишингиз учун” демоқда. Дарҳақиқат, эркак фақат аёлдангина сокинлик, ором, осойишталик ва тинчлик топади. Шунингдек, аёл ўзига керак сокинликни эркакдан топади.

“...ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани...”

Аллоҳ таолонинг Ўзи эр билан хотиннинг орасига севги, меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат солмаса, улар бир-бирларининг баъзи камчиликларини, қийинчиликларни кўтара олармидилар? Чидаб, бирга яшармидилар?

Эркакнинг танасини, аъзоларини, руҳиятини, ҳаттоки энг кичик ҳужайраларигача ўзига хос қилиб яратган ким? Аёлнинг танасини, аъзоларини, руҳиятини, хаттоки кичик ҳужайраларигача ўзига хос қилиб яратган ким? Ҳа, уларни бир-бирига сокинлик, меҳр-муҳаббатли бўладиган, ўзаро келишиб дунёни обод қиладиган этиб яратган зот қудратли Аллоҳ таолодир.

“Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир”. 

Модомики, Аллоҳ таолонинг Ўзи эр-хотиннинг ўртасига меҳр-муҳаббат солишини очиқ айтган экан, эр ҳам ўз хотинига уни яхши кўришини очиқ айтишида ҳеч бир монеълик йўқ. Қолаверса, бу нарсанин очиқ айтиш ўртадаги муҳаббатни яна ҳам кучайтиради. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Бир киши бир биродарини яхши кўрса, унга яхши кўришини айтиб қўйсин” деб марҳамат қилганлар. Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар ривоят қилишган. 

Ҳадиси шарифда биродарга яхши кўришни айтишга буюрилганидан кейин ўз аёлига бу гапни айтиш яна ҳам муносиброқдир. Зеро, киши ўз аёлига унга бўлган меҳру муҳаббатини билдириб қўйса, бу нарса аёлнинг қалбидаги эрига бўлган меҳр, ишонч, ҳурсандчилик, хотиржамлик каби туйғуларни яна ҳам зиёда қилади. Бу борада Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари бизларга ёрқин намунадирлар. 

У зотдан “Инсонлардан кимни кўпроқ яхши кўрасиз?” деб сўралганда, у зот алайҳиссалом “Оишани” деб жавоб берганлар. Бухорий ривояти. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кунларини биттадан аёллари учун тақсим қилар, улар ўртасида адолат билан иш тутар ва: “Эй Аллоҳим, бу ўзим эга бўлган нарсадаги тақсимимдир. Сен эга бўлиб, мен эга бўлмаган нарсада эса, мени маломат қилмагин” деб дуо қилар эдилар”. Тўртовлари ривоят қилишган. 

Ҳадисдаги  “Сен эга бўлиб, мен эга бўлмаган нарса”дан мурод эса, севги, меҳр ва муҳаббатдир. 

Ҳа, инсон зоҳирий ишларни тасарруфини қилиши мумкин. Аммо қалбга, ҳиссиётга боғлиқ ишлардаги эгалик эса, фақат Аллоҳ таолонинг қўлидадир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз “Аёлларимнинг барчасига адолат қилишга ҳаракат қиламан, бунга кучим етади. Аммо, муҳаббат борасида ҳаммаларини бирдай севолмайман. Улардан фақат битталарини севаман, холос”, деган маънода Роббиларига дуо қилмоқдалар. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи аёллари бўлмиш Хадича розияллоҳу анҳони вафотларидан кейин ҳам жуда кўп эслар эдилар. Хадича онамиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога уйланишларидан уч йил аввал вафот этган эдилар. Пайғамбаримиз биринчи аёлларини эслаганларида “Менга унинг муҳаббати берилди” деб айтар эдилар. Ибн Абдулбарр ривояти. 

Демак, биз ҳам юқоридаги оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, жуфту ҳалолимизга унга бўлган меҳру муҳаббатимизни билдириб қўйсак, ҳам савобга эга бўламиз, ҳам оиламизнинг янада фаровонлиги сари  катта қадам ташлаган бўламиз.  

Аллоҳ таоло юртимиздаги барча оилаларни фазилатли, намунали, исломий ҳамда мустаҳкам оилалардан бўлишини насиб этсин. Омин! 

 

Нозимжон Ҳошимжон

Read 3330 times

Мақолалар

Top