Мақолалар

Йўл ҳақини адо этинглар!

Одамзот бошида турли  синовлар бўлгани боис, ҳаётда оқилона йўл тутиш, мана шу йўлни миллий-диний қадриятларимиз асосида безамоғи мақсадга мувофиқдир. Олиму фузалоларимиз одоб борасида жилд-жилд китоблар ёзишган. Ҳар бир нарсанинг одоби, ҳар бир ишнинг ҳикмати бор.

Таъзия маросимлари ҳақида, мусибат етган хонадон эгаларига таъзия билдириш одоблари ҳақида жуда кўп айтиб ўтилган.  Ҳозирги вақтга келиб, таъзия маросимларидаги бидъат-хурофотларнинг аксари барҳам топган бўлса-да, ҳали-ҳануз  баъзи одатлар бор-ки, бу одатлар тўғрисида мушоҳада қилишни лозим деб топдик.

Бир инсон қазо қилар экан, унинг атрофидаги яқинлари марҳумнинг ҳақига иложи борича кўпроқ савоб қилиш ниятида юришади. Аммо айнан қайси амаллар яқинларимиз учун кўпроқ савоб бўлишини  билмай қолишади.

Таъзия бўлган хонадон эркаклари ҳовли бўлса, дарвоза олдида,  кўп қаватли уйлар бўлса, уй олдида қатор бўлиб ўтириб олишади. Кимдир қўл телефонини ўйнайди. Кимдир ҳазил-мутойиба қилиб ўтиради. Уч кун таъзияда эркаклар ҳовли бўлса, йўлакларига жой қилиб ўтиришлари мумкин, албатта катта кўчага, одамлар ўтиб-кетиб турадиган жойга эмас. Энди ишга шошиб турганлар бўлса, ўзи бир марта таъзия билдирган бўлса, кўчада ўтирганлар олдидан ўтиб кета олмай, яна таъзия билдириб ўтишга мажбур бўлади. Эрталаб ишга, ўқишга, боласини олиб боғча, мактабга кетаётган аёлларга, ўзи таъзия маросимида бўлса ҳам,  қараб ўтирганлар бор. Ҳар бир нарсанинг, ҳатто йўлда ўтиришнинг ҳам ўзига яраша одоби бор. Таъзияда турганлар ва келганлар ўлимни ўйлаб, ичларида зикр айтиб туришлари керак.

Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (солаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўлларда ўтиришдан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, биз гаплашиб ўтиришга мажбур бўламиз”, дейишди. “Агар ўтирсангиз йўлнинг ҳақини адо қилинг”, дедилар. “Йўлнинг ҳақи нима, эй Аллоҳнинг Расули?” дейишди. “Кўзни тийиш, озор бермаслик, амри маъруф ва наҳйи мункар”, дедилар”, (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти).

Энди аёлларга келсак, улар ҳам ҳовлида тизилишиб туришади. Келганлар билан йиғлашиб кўришади. Бир хонадонга  таъзия билдиргани бордик. Холаси қаттиқ йиғлаяпти. Бунча ўзингизни қийнаманг, десак, обрў олиб беряпман, дейди.  Ҳар бир амалимизнинг асосини риё эгалламасин. Ичкари хонага кириб Қуръон ўқилса, амри-маъруф қилинса, бел бойлаганлар киришмайди. Келганларни кутишади, бошқа вақт лағв гап, ҳатто ғийбат ҳам аралашиб кетади. Бекорчи гапларни гапирмасдан  Аллоҳнинг зикридан, тасбеҳ ёки салавотларни қайтариб туришса, ўзлари, ўтган яқинларининг охирати учун савоб бўларми-ди?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қай бир қавм мажлисда ўтириб, унда Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилмасалар, албатта, бу улар учун ҳасрат бўлур. Киши йўлда юриб, унда Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилмаса, албатта, бу унинг ҳасрати бўлур”, дедилар  (Имом Байҳақий ривояти).

Қилаётган амалларимизнинг ўтган яқинларимизга, ўзимизга савоби етишини истасак, чин ихлос билан динимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз даркор, бундай амалларга риё, манманлик, кимўзарлик каби иллатлар аралашмаслиги керак.

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Read 4821 times

Мақолалар

Top