Мақолалар

Масжид учун ҳовуз қурилди

Ургут туманиги “Эрназар Ҳожи” масжиди ходимлари бошчилигида “Андак” маҳалласи аҳли жоме ҳудудида махсус сув ҳавзасини барпо қилишди. У махсус материалдан тайёрланган бўлиб, бу сувни ифлосланишдан сақлайди. Ушбу ҳавза масжид ва аҳоли учун сув таъминоти вазифасини бажаради.

Гап шундаки, Ургут туманидаги тоғли ҳудудда жойлашган “Андак” маҳалласи аҳолиси қувур орқали келувчи “Чорчинор” чашмаси сувини истеъмол қилади. Бир кунда қувурдан 2-3 соат сув келади. Куннинг қолган қисмида эса кишилар сув ғамлаб қўйиши керак бўлади. Эндиликда “Эрназар Ҳожи” масжиди ходимлари ташаббуси ва сайъ-ҳаракати билан барпо этилган махсус ҳовуздан нафақат масжид қавми, балки қишлоқ аҳли ҳам ўз эҳтиёжи учун бемалол фойдаланиши мумкин.

Дарҳақиқат, сув улашиш савоби улуғ амаллардан. Бу бунга далолат қилувчи кўплаб ҳадислар бор. Жуумладан: Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Онам вафот қилди, унинг номидан садақа қилсам бўладими?” деб сўраганда У зот алайҳиссаллом: “Ҳа”, дедилар. У: “Садақанинг қайси бири афзал?” деганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сув улашиш”, деб айтдилар (Имом Аҳмад ва Имом Насаий ривояти).

Маълумот учун, Ургут туманидаги “Эрназар Ҳожи” жоме масжиди кўркам ва обод маскани ҳисобланади. Масжидда намозхонлар учун барча шароитлар муҳаё қилинган. Таҳоратхонаси эса замонавий ускунлар билан жиҳозланган, иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган. Бир сўз билан айтганда, туманнинг чекка ҳудудида жойлашган масжид бошқа жомеларга ҳар томонлама ўрнак бўлолади.
Аллоҳнинг байтини обод қилаётган, халққа фойдаси тегаётганларга улкан ажру мукофотлар насиб қилсин!

Баҳриддин Хушбоқов

Read 2629 times

Мақолалар

Top