Мақолалар

Ғийбатчининг охиратдаги аянчли оқибати

Ғийбатнинг таърифини ушбу ҳадисдан билиб оламиз:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?” деб сўрашди. “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”, дедилар. Шунда: “Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?” дейишди. “Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, айтганинг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб жавоб бердилар” (Абу Довуд ривоят қилган).

Баъзилар “Мен биродаримнинг йўқ айбини гапирмаяпман. Балки бор айбини айтяпман” деб даъво қилишади. Мазкур ҳадисга кўра уларнинг даъвоси асоссиз бўлиб, улар ғийбат қилаётган бўлишади.

Қуръони Каримнинг Ҳужурот сурасида ғийбат қилиш ўлган биродарининг гўштини ейишга ўхшатилган. Ҳеч ким ўлган биродарининг гўштини ейишни хаёлига ҳам келтиролмайди. Ғийбат ана шундай оғир гуноҳдир.

Афсуски, уч-тўртта улфатлар йиғилиб қолса, суҳбат орасида кимнидир ғийбат қилиш ҳам содир бўлади. Иймони комил мусулмон бировни ғийбат қилмаслиги, ғийбатчиларни бу гуноҳдан қайтаришга уриниши, агар улар ғийбатдан тилларини тиймасалар, ўзи ундай мажлисни тарк этиши керак. Чунки ғийбатчилар билан бирга ўтириб, уларни бу ишдан қайтармай ўтираверган киши ўша кимсаларнинг гуноҳига шерик бўлади.

Ғийбат биродаримизнинг унга ёқмайдиган нарса билан эслаш экан, бу нарса унинг ташқи кўриниши, шаклига оид бўлиши ҳам мумкин. Масалан, баъзилар “Фалончи пакана”, “Фалончи чўлоқ”, “Фалончи найнов”, “Фалончи қора” каби гапларни кўп ишлатишади. Бу гапни ўша инсон эшитса, хафа бўлади. Демак, бу ҳам ғийбат ҳисобланади.

Ғийбатчини ҳеч ким ёқтирмайди. Ундай кимсага охиратда ҳам аламли азоб бордир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Меърожга чиқарилганимда бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Уларнинг мисдан бўлган тирноқлари бўлиб, улар (ўша тирноқлар ила) юзларини ва кўкракларини тирнар эдилар. Мен: “Эй Жаброил, булар ким?” деб сўрадим. У: “Улар одамларнинг гўштларини ейдиган (ғийбат қиладиган) ва уларнинг обрўларига тил теккизадиган кишилардир” деб жавоб берди”.

Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Оддий тирноқ билан юзингизни ёки танангизнинг бирор жойини қашийверсангиз, бориб-бориб ўша жой ярага айланади. Энди мисдан бўлган тирноқлар билан юз ва кўкракларни тирнаш жуда қўрқинчлидир. Ҳадиси шарифда ғийбатчилар “одамларнинг гўштларини ейдиганлар” деб васф қилинмоқда. Бу Ҳужурот сурасида келтирилган ғийбатчи мисолининг ҳадисда ҳам келтирилишидир. Ғийбатчи кимса ғийбат қилаётган пайтда дўстининг, диндошининг гўштини еб ўтирган бўлади.

Охиратда ғийбатчи ўша ғийбат қилган кишисига ўз савобларидан беради. Бордию унинг ҳаққини тўлиқ беришидан олдин савоблари тугаб қолса, ғийбат қилган одамининг гуноҳларидан ўзига олади. Инсон ўша онда битта сажда, битта тасбеҳнинг савобига муҳтож бўлиб турганда, ҳаққини поймол қилган кишисига савобларини бериб, унинг гуноҳларини ўзига олиши мусибат устига мусибатдир. Шунинг учун барчамиз ғийбатдан тийилиб, ўзимизни ислоҳ қилиш билан машғул бўлиб, ибодатларимизни ўз вақтида адо этиб, қарзларимизни эгаларига бериб, гуноҳ-хатоларимизга истиғфор айтиб, тавбада бардавом бўлишимиз лозим. Шунингдек, бундай оғир гуноҳ бўлган ғийбатдан сақланишимиз, бошқаларни ҳам ғийбатдан тийишимиз, ғийбат мажлисларида ўтирмаслигимиз керак.

Аллоҳ таоло барчамизни ғийбат қилишдан, ғийбатга қолишдан асраб, Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 3200 times
Tagged under

Мақолалар

Top