Мақолалар

Юқумли касалликка қарши энг самарали восита суннатга амал қилишда

Шу кунларда бутун дунёда тобора кўпайиб бораётган коронавируснинг олдини олиш бўйича мутахассислар бераётган тавсияларда шахсий озодалик, жумладан, қўлни яхшилаб ювиш, яъни бармоқ оралари ва тирноқ остиларигача мукаммал ювишга эътибор қаратиш айтилмоқда. Сабаби қўл ушбу юқумли касалликни тарқатувчи асосий омилларидан бири экан.
Инсон ҳаётини қўлнинг иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Асосий иш бажарадиган ҳам, биринчи покланишга эҳтиёж сезадиган аъзо ҳам қўлдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта ювмасдан туриб, уни идишга солмасин. Чунки бирортангиз қўли қаерда турганини билмайди ёки қўли қаерда айланганини билмайди”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Қўл ва оёқдаги тирноқларни олиб юриш ҳам суннатдир. Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Бешта нарса фитратдандир: хатна қилиш, бадандаги тукларни олиш, тирноқларни олиш, қўлтиқ тукларини юлиш ва мўйлабни қисқартириш”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Шунингдек, таҳорат қилган киши бурни ва оғзини ювади. Бу амал оғиз ва бурун орқали кириши мумкин бўлган зарарли микроб ва бадбўй ҳиддан ҳимоя қилади.
Дарҳақиқат, Ислом – поклик дини. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севади” (Тавба сураси, 108-оят).
Ояти каримада поклик ва покувчилар мадҳ этилмоқда. Демак, мусулмон киши имкон қадар покликга эътибор бериши керак экан. Ундай кишилар Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлар экан.
Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам: “Поклик иймоннинг ярмидир” дедилар (Имом Муслим, Имом Насаий ва Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Албатта, Аллоҳ хушҳолдир, хушҳолликни севади, покизадир, покизаликни севади, ўта сахийдир, ўта сахийликни севади” (Имом Термизий, Имом Баззор ва Имом Абу Яъло ривояти).
“Поклик” деганда зоҳирий ва ботиний покликни тушунамиз. “Ботиний поклик” инсон қалбини турли иллат, кек ва адоватлардан саломат тутмоқлигидир.
Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинглар, жасадда бир парча гўшт бор. У ислоҳ бўлса, жасаднинг бошқа аъзолари ҳам ислоҳ бўлади. Агар у бузилса, тананинг бошқа аъзолари ҳам бузилади. Огоҳ бўлингларки, ўша бир парча гўшт – қалбдир”, деганларини эшитдим” (Муттафақун алайҳ).
Зоҳирий поклик деганда эса инсоннинг шахсий покизалигига эътибори тушунилади. Поклик динимизда ибодат даражасидаги амал ҳисобланади. Пок бўлмаган инсоннинг ўқиган намози қабул бўлмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом покизаликка доимо эътиборли бўлиб, таҳорат билан юрган инсонга кўплаб савоблар берилишини айтганлар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳорот устига таҳорот қилса, унга ўнта ҳасанот ёзилади”. (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Ҳалилим саллолоҳу алайҳи васалламнинг: “Мўминнинг безаги таҳорот суви етган жойгача етади” деганларини эшитдим” (Имом Муслим ва Имом Насаий ривояти).
Мўминнинг безаги банданинг қиёмат куни Аллоҳ томонидан безалишидир. Демак, мўмин банда бу дунёда кўп ва мукаммал таҳорат қилса, қиёмат куни Аллоҳдан бўладиган безак ҳам шунга яраша бўлади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ва улар тилло ва лаълдан бўлган безаклар ила безалурлар. Ва у ер (жаннат)даги либослари ипакдир”.
Шахсий тозаликка эътибор бериб, ўзини покиза ва озода қилиб юрган кишининг нафақат баданидаги кирлари, балки гуноҳлари ҳам тўкилади.

Абдулоҳ Сунобиҳий розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мўмин банда таҳорот қилаётиб, оғзини чайса, оғзидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бурнига сув олиб қоқса, бурнидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар юзини ювса, юзидан, ҳатто икки кўзининг четидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки қўлини ювса, қўлидан, ҳатто қўлининг тирноқлари тагидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бошига масҳ тортса, бошидан, ҳатто икки қулоғидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки оёғини ювса, оёғидан, ҳатто оёғининг тирноқлари остидан гуноҳлари чиқиб кетади. Сўнгра масжидга бориши ва (ўқиган) намози у учун қўшимча (савоб) бўлади” (Имом Насоий, Имом Ибн Можа, Имом Молик, Имом Аҳмад).
Ушбу ҳадиси шарифдан маълумки, инсон таҳорат қилганда таҳоратда ювадиган аъзоларидаги кирлари билан бирга, унинг гуноҳлари ҳам ювилар экан. Шунингдек, таҳоратнинг инсон саломатлиги учун ҳам фойдалари кўплиги, турли касалликларни олдини олиши илмий жиҳатдан исботланган.
Тиббиётга оид манбаларда ёзилишича, ҳар куни аъзоларини бир неча марта ювиш – тери касалликларининг олдини олади. Шунингдек, таҳорат қон айланиш тизимига ижобий таъсир кўрсатиб, бутун танага қон етиб боришини таъминлайди. Бундан ташқари, овқат ҳазм қилиш тизимини яхшилайди, тери саратони касаллигининг олдини олади, танадаги ортиқча чиқинди моддалар таҳорат орқали кетади, терини турли микроблардан сақлайди.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Бармоқларингизни ораларини яхшилаб ювинглар, чунки у покликдир. Поклик эса имонга чақиради. Имон эса жаннатда эгаси билан бирга бўлади”, деганлар” (Имом Тобароний ривояти).
Демак, инсон шахсий озодалигига эътиборли бўлса, аввало, кўплаб савоб олади, қолаверса, ўзи, оила аъзолари ва бошқа инсонлар орасида турли қасалликлар тарқалишига сабаб бўлмайди, ноқулайликларга дуч келмайди.


Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби

Read 2890 times

Мақолалар

Top