Мақолалар

Агар ночор бўлса, имкон топгунича кутинг

Кеча бир йигит билан гаплашиб қолдим. Ижарага дўкон юритар экан. Коронавирус сабабли савдо пасайганини айтиб, дўкон эгаси вазиятни тушунса яхши бўларди, шу кунларда ижара пулини йиғиш қийин бўляпти. Вазият яхшилашгунга қадар бироз енгиллик қилиб турса ёки муҳлат берса яхши иш бўларди-да, деди. ... 

Айни кунларда ижарага берган ва ижарага олган, насияга олди-сотди қилган айрим кишилар ўртасида бироз келишмовчиликлар чиқиб тургани ҳақида эшитяпмиз. Қарздорлар коронавирус сабабли ишлар тўхтаб, қарзини ўз вақтида тўлашга қийналишаётганини айтсалар, сотувчилар “ваъдалашгандан кейин тўлаш керак”, деб ҳаққини талаб қилмоқдалар. Динимизга мурожаат қиладиган бўлсак, агар қарздор ҳақиқатда қийналиб қолган бўлса, имкони бўлгунча унга муҳлат беришга тарғиб қилган. Қуйида ушбу мавзуга тегишли бўлган айрим оят ва ҳадисларни келтирамиз: 

“Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз, (берган қарзингизни қарздорга) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир” (Бақара сураси, 280-оят). 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар билан  насияга савдо қиладиган бир савдогар бор эди. Агар ночор кишини кўрса, хизматкорларига: “Ундан (бир қисмини ёки ҳаммасини) кечиб юборинглар, шояд, Аллоҳ таоло ҳам биздан (гуноҳларимизни) кечиб юборса, дер эди. Натижада Аллоҳ таоло ундан (гуноҳларини) кечиб юборди», дедилар”. Имом Бухорий ривоят қилган. 

 Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтдилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фаришталар сизлардан олдин ўтганлардан бир кишининг руҳини қарши олиб: “бирон яхши амал қилганмисан?”, дейишди. У: “Хизматчиларимга (қарзини тўлашга) имкони бор кишидан (кам-кўстига қарамай, берганини қабул қилиб, унга) мурувват кўрсатинглар”, деб буюрар эдим”, деди. (Аллоҳ таоло): Сизлар ҳам ундан (гуноҳларини кечиб, унга) мурувват кўрсатинглар”, деди”, дедилар.” Бухорий ривоят қилган.  

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қиёмат кунининг ташвишидан Аллоҳ таолонинг нажот бериши кимни хурсанд қилса, ночор кишига муҳлат берсин ёки ундан (баъзисини ёки ҳаммасини) кечиб юборсин”, деётганларини эшитдим”. Имом Муслим ривоят қилган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васаллам: “Одамлар билан насия савдо қиладиган бир киши бор эди. У ходимига: “Агар (қарзни талаб қилиб борганда) ночор кишига дуч келсанг, ундан (бир қисмини ёки ҳаммасини) кечиб юбор, шояд Аллоҳ таоло ҳам биздан (гуноҳларимизни) кечиб юборса”, дер эди. У Аллоҳга йўлиққанда Аллоҳ таоло ҳам уни авф қилиб юборди”, дедилар”. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган. 

Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан аввал ўтганлардан бир киши ҳисоб-китоб қилинган эди, унинг бирорта ҳам яхшилиги топилмади. Лекин у кўпчиликка аралашиб юрадиган бой киши эди. Ходимларини ночорларга енгиллик қилишларини буюрар эди. Аллоҳ азза ва жалла: “Бундай қилишга ундан кўра биз ҳақлироқмиз, уни авф қилиб юборинглар”, деди”, дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ночорга муҳлат берса ёки ундан бир қисмини кечиб юборса, Қиёмат куни, Унинг соясидан ўзга соя бўлмаган кунда Аллоҳ таоло Аршининг сояси билан соялантиради”, дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.

[Барча сояларнинг эгаси Аллоҳ таоло бўлгани учун ҳадисда “Унинг сояси” деб, соя Аллоҳ таолога нисбат берилди]. 

Бурайда Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ночор кишига муҳлат берса, унга ҳар бир куни учун битта садақа бўлади. Агар муҳлати келгандан кейин яна муҳлат берса, ҳар бир кунига унинг мислича садақа бўлади”, дедилар. Ибн Можа ривоят қилган. 

Мазкур оят ва ҳадислардан маълум бўладики, ижарага берган киши ёки сотувчилар қарзининг бир қисмини қийналиб қолган харидорлардан кечиб юборса ёки унга имкон топгунича муҳлат берса, гуноҳлардан поклайдиган, охират ташвишларини аритадиган ҳамда жаннатга эриштирадиган амални қилган бўлади. 

Аслида бу нарса ижарага берувчилар ёки сотувчилар учун Аллоҳ таолодан берилган катта имкониятдир. Яъни, улар қийналиб қолган харидорларга ёрдам беришлари орқали жаннатга кириш сабабларидан бирига эга бўлиб турибдилар. Бу фурсатдан фойдаланиб қолишлари керак. 

Шунинг муқобилида ижарага олганлар ва харидорлар ҳам сотувчиларга ташаккур айтиб, қарзни тўлаш ҳаракатини қилиши, имкон бўлиши билан чўзиб юрмасдан адо қилишлари лозим бўлади. Чунки бой кишининг қарзни тўламай юриши зулмдир. 

Бундан ташқари кунлик топгани билан яшайдиган, айни кунда иши тўхтаб қолган оилаларга ёрдам беришимиз ҳам шариатимизнинг талабидир.

 

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Тошкент ислом институти ўқитувчиси,

“Аҳмаджон қори”  масжиди имом ноиби

 

Read 2571 times

Мақолалар

Top