Мақолалар

Ахлоқий камолот ва оила қадриятлари

Мустақил ўзбек давлатчилигини ва миллий ҳуқуқий тизимини шакллантиришнинг ўзига хос ва ўзига мос йўли бой маънавий-ҳуқуқий негизлари асосланади. Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқининг пойдевори – миллий давлатчилигимизнинг таянчлари жуда қадимий ва мустаҳкамдир. У уч минг йиллик тарихга эга.  Қадим Турон, Мовароуннаҳр, Туркистон ҳудудида равнақ топган давлатлар жаҳон маданиятини ривожланишида ёрқин из қолдирган.

Бизнинг давлатимиз кўҳна Сўғдиёна ва Хоразмдан бошлаб, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва темурийлар давлатлари ва  ўзбек хонликларининг давлат бошқарув тажрибасини, халқимизнинг бутун миллий, тарихий, ҳуқуқий, маънавий амалиётини ҳамда унинг мустақил давлатига эга бўлиш каби асрий орзуларини ўзида мужассамлаштирган. Ҳозир, XXI аср бошида Ўзбекистон Республикаси янги давлатчилигининг қарор топишида умумжаҳон ва миллий давлатчилик тараққиёти қонуниятлари узвий равишда уйғунлашди.[1]

Мамлакатимизнинг қадимий тарихи ва бой маданияти, бу ўлкада яшаб ўтган аждодларимизнинг жаҳон маданиятини ривожланишида қўшган ғоят улкан ҳассалари ҳозирги кунда ҳам ҳаётнинг барча соҳаларига ўзининг сезиларли даражада таъсир ўтказиб келмоқда. Шунинг учун ҳам нафақат ота-боболаримизнинг босиб ўтган йўлларини балки, қолдирган меросларини ўзимизнинг ҳаётимизга татбиқ этишимиз натижасида жаҳон ҳамжамиятининг қизиқиши ортиб бораётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Миллий истиқлол шарофати билан Ўзбекистон ўзининг маънавий-ҳуқуқий қадриятларини қайта тиклаш даврига, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда туб ўзгаришлар даврига қадам қўйди.

Ўзбекистоннинг давлатчилиги ва ҳуқуқи тарихи ўзбек халқининг бой маънавий-ҳуқуқий меросини ажралмас таркибий қисмидир. Бу тарих бирқанча авлодларнинг ҳуқуқ, адолат ва тенглик, бошқарув ва қонунчилик ҳақидаги ғоялари ва қарашларини ўзида мужассамлаштирган. Шу туфайли миллий давлатчилик, ҳуқуқий тизимимиз ва анъана, урф-одатларимизга қизиқиш сўнги йилларда ниҳоятда ошди.

Ҳозирги  кунимизда дунё харитасида икки юздан ортиқ давлатлар ўзининг номига эга бўлган бўлса, уларнинг барчасида қонунчилик тизими турлича номланади. Ушбу тизимни асоси ҳисобланган Конституцияни ўрганиш фуқаролик бурчи ҳисобланади деб ўйлаймиз. Жумладан, мамлакатимизда ҳам 2001 йил 4 январь куни “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойиши қабул қилинганлиги инобатга олиб, Қомусимизда келтирилган миллий урф-одатларимизни диний матнлар асосида қиёсий таҳлили, уларнинг илмий-маънавий меросининг ҳозирги давр учун аҳамиятини ёритиш ҳам асосий мақсадлардан ҳисобланади.

Мустақил юртимизда истиқомат қилаётган тенг ҳуқуқли барча фуқаролар каби мўмин-мусулмонлар ҳам оилалари фаровон, фарзанд ва набиралари баркамол бўлиши йўлида ҳаракат қилмоқдалар. Маълумки, Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи асосий қўрғондир. Дарҳақиқат, оилалар ҳар томонлама саодатли ва намунали бўлишда оила негизини ташкил этувчи эр ва хотин ўзларининг бурч ва вазифаларини яхши билишлари ва унга тўла амал қилишлари лозим бўлади. Шундагина оила фароғатли ва бахтиёр бўлади, фарзандлар эса ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етади. Ўзбекистон Республикаси Кониституциянинг 63-моддасида  “Оила  жамиятнинг  асосий  бўғинидир  ҳамда  жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Никоҳ  томонларнинг  ихтиёрий  розилиги  ва  тенг  ҳуқуқлилигига асосланади.

Аллоҳ таоло инсон зотининг ибтидоси саналмиш Одам (алайҳиссалом)ни яратиб, сўнгра унинг ҳаётдаги шериги қилиб Ҳавво онамизни яратди. Улардан инсон насли ер юзида  қиёматгача тарқалиши ва давом этишини ирода қилди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир” (Нисо, 1).

Демак,  инсон зоти ўзига юклатилган вазифа, яъни насл ва ҳаёт давом этиши борасидаги масъулиятининг асоси бўлмиш “Оила” аталмиш илоҳий бир муҳит доирасида бўлишини тақозо этди. Аллоҳ таоло бу мазмунга ишора қилиб, Ўзининг каломи шарифида марҳамат қилиб бундай дейди:

 “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум, 21).

Аллоҳ таоло мазкур ояти каримада инсон жинсидан ўз жуфтини яратиб, улар ўртасида меҳр ва муҳаббатни ва ўзаро раҳм-шафқатни ҳам вужудга келтирганлигини баён қилади. Демак, инсон бу дунёда инсон жинсидан яратилган жуфти билан биргаликда оила асосини ташкил қилиб, ўзаро тотувлик, муҳаббат замирида вужудга келган кичик бир жамият – оила даврасида ўғил-қиз ва набира-фарзандлар дунёга келади.

Дарҳақиқат, Ислом дини таълимоти оилага ва уни икки дунёда  саодатли бўлишига алоҳида эътибор қаратди. Аллоҳ таоло оила фароғати ва фаровонлиги, тинчлиги ва мустаҳкам бўлиши, унда таваллуд топган фарзандлар баркамол бўлиши  йўлида зарур бўлган барча тавсияларни баён қилди. Расул акрам ўз ҳаётларида никоҳ, оила ва фарзанд камолоти тўғрисидаги ҳадисларни марҳамат қилдилар. Ўзлари никоҳга асосланган оила қуриб, фарзандли бўлиб, ўзларининг оталик бурчлари ва вазифаларини аъло ва намунали даражада бажариб, то қиёмат кунига қадар барча умматларига ибрат бўлдилар. Оила қуриб яшаш нақадар улуғ ва савобли амал эканини қуйидаги ҳадиси шарифлари орқали билсак ҳам бўлади. У зот йигитларга қарата бундай дейдилар: “Эй ёшлар  жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўза тутиш билан ўзини сақлаб юрсин".

Оилани мустаҳкам бўлиши борасида ҳам Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) қуйидагича тавсия бериб: “Сизларнинг ичингиздаги яхшиларингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман” дедилар.

Жамиятда шахслар бир бирига боғлиқдир. Фарзандларни тарбияси, вояга етишида ота-онанинг вазифалари бўлса, кейин эса фарзандлар ҳам ўзларининг ота-оналари олдидаги бурчларини адо этишлари талаб этилади. Бу бизнинг нафақат урф-одатларимиз балки, илоҳий ва фуқаровий бурчларимизга киради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бошқа  давлатлар конституциясидан фарқи шундаки, унда Оила бобининг киритилиши диққатга ва ўзининг қийматига эгалигидир. Энди шу ўринда Конституциямизнинг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва  ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради”. 66-моддада эса “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли  фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”[2], деб белгилаб қўйилган.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандини чексиз меҳр-муҳаббат, шафқат, куч-ғайрат ва моддий имкониятларини сарфлаб уларни тарбиялайди ва таълим беради. Айниқса, мушфиқ оналар ёш гўдаклари вояга етгунга қадар кеча ва кундуз тинимсиз машаққат чекадилар. Демак, ҳар бир оқил фарзанд буни яхши билиши ва англаши керак. Ўз ота-онасига нисбатан қандай бурч ва вазифалари борлигини тасаввур қилиши лозим.

Фарзандларини ҳам ёшлигидан бошлаб, дунёга келишларига сабаб бўлган ота-оналари ҳақларини адо этишлари борасида тушунтириб боришлари зарур. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг йигирмадан  зиёд ояти шарифаларида фарзандларга ота-она ҳурмати, иззати, уларга доимо яхшилик қилиш ва розиликларини топиш муҳим амаллардан эканини баён қилган. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. (Аммо) агар улар сен билмаган нарсаларни (сохта маъбудаларни) Менга шерик қилишингга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин! (Барчангиз) Менга қайтурсиз, бас, Мен (ўшанда) сизларга қилиб ўтган амалларингиз хабарини берурман” (Анкабуд, 8).

Демак, фарзанд ота-онасига яхши муомалада, ширин сухан бўлишлари, уларнинг хизматида доим тайёр  бўлишлари лозим бўлади. Фарзанд  бу ишларни ота-онанинг розиликлари учун бажаришлари зарур. Жаноб Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз ҳадисларида ота-онага яхшилик қилиш ҳақида шундай деганлар: “Парвардигорнинг розилиги ота-онанинг розиликларига боғлиқ. Унинг ғазаби ҳам ота-онанинг норозилигига қараб бўлади”, дейилади. (Табароний ривояти) .

Фарзанд ота-онанинг розилигини олиш учун жумладан, қуйидаги амалларни бажариши зарур бўлади:

– аввало барча ишларда ота-онадан маслаҳат олишлари;

– яхши нарсаларни ўзидан аввал ота-онага тақдим этиши;

– ота-онанинг маслаҳатлар ва насиҳатларини жону дил билан қабул қилиши;

– уларни олдида баланд овозда гапирмаслик, “уфф” демаслик;

– ота-онадан олдин таомга қўл узатмаслик;

– ота-оналар олдиларида оёқларини чўзмаслик, ёнбошламаслик, улардан юқорида ўтирмаслик;

– фарзанд ота-онанинг кўнгилларини топиб розилигини олиши шарт;

  • ота-онанинг озиқ-овқати, кийим-кечаги ва соғлиғидан ўз вақтида хабар олиб туриш керак.

 

“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”  (Исро, 23).

Фарзанд зиммасида, айниқса, онанинг ҳаққи улуғдир. Чунки она фарзандини тўққиз ой қорнида кўтариб юради, туғилгач, бор меҳри, куч-қувватини бағишлаб, уни боқади, кечалари неча бор туриб, уни эмизади, оқ ювиб, оқ тарайди, шодлигида севинади, ғамга ботса, баравар қайғуради, тоби қочса, биргаликда дардини тортади бутун борлиғини фарзандига бахшида қилади. Шундай бўлгач, фарзанд бир умр она ҳаққини адо қилишга тиришса ҳам, бунинг уддасидан чиқолмайди.

Бир куни келиб кечагина навқиронлик ва бақувватликдан масрур юрган ота кексайиб, қадди дол бўлади. Соғлиғидан путур, кўзларидан нур кетади, ҳар ишда бошқалар ёрдамига муҳтож бўлиб қолади. Ҳаёт қонунига кўра, кечаги ожиз ва нотавон фарзанд бугун улғайиб, куч-қувватга тўлади, ақли, фикри, иқтидори юксалади. Ана шундай пайтларда фарзандлар оталаридан инсонлик қарзларини узишлари, яъни чиройли муомала қилишлари, улар шаънига доғ туширмайдиган, муносиб инсонлар бўлишлари, қўлларидан келганича ёрдам беришлари керак бўлади.

  

М. Аббаситдинов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Наманган шаҳар вакили

 [1] Жузжоний Ж.А., Ислом ҳуқуқшунослиги Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. – Т.: ТИУ, 2002, 3–бет.

[2] Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. – Т.: Ўзбекистон, 2012

Read 7849 times
Tagged under

Мақолалар

Top