Мақолалар

Аллоҳнинг бандаларидаги энг яқин неъмати...

Ҳозир пайтда  баъзан  нолиш оҳангидаги фикрлар ёки карантин даврини ҳазил-мазах тарзида қабул қилиб, ижтимоий тармоқларда ҳар хил фото, видиороликлар жойлаётган инсонлар ҳам афсуски орамизда топилади. Қизиғи, бундай фикрдаги гап-сўзлар уйда, фарзандлари бағрида соғ-саломат ўтирган кишилар томонидан билдирилмоқда. Ахир, Аллоҳ таоло бундан ҳам аянчлироқ бало-офатни юборишга қодир эди-ку! Бундай ҳолатда барчамиз тинч-хотиржам, қорнимиз тўқ, устимиз бут эканлигининг шукронаси ўлароқ карантин қиодаларининг риоясини қилиб, Яратгандан тезроқ бу вабонинг юртимиздан, бутун мусулмонлар устидан кўтарилиши сўраб дуо қилиб туришимиз зиммамиздаги бирламчи вазифа эмасмикин!

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у сабабли сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган зотдир. У (Ўз) амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйин сундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйин сундирди. (У) доимо фаолият кўрсатиб турувчи Қуёш ва Ойни ҳам сизларга бўйин сундирди. Яна кеча ва кундузни сизларга бўйин сундирди.

Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир» (Иброҳим сураси, 30-34 сураси).

Шарҳ: Ақл билан ўйлаб кўрилса, инсонга берилган неъматлар чексиз. Осмон ва ер, борингки, коинотдаги ҳар бир нарса бўлсин, унинг ўз вазифаси бор. Улар бандаларнинг маишати, таъминоти учун хизматдадир. Қуёш ва ой нурининг то қиёматгача давомийлиги, қор ва ёмғирлар сабабли ўсимликларнинг илдизига қувват етиши ва улардан инсонлар ва бошқа чорва ҳайвонларининг фойланишлари, албатта, Буюк зотнинг раҳматидир. Айниқса, кеча ва кундуз кетма-кет, мунтазамлик билан алмашиб туришида улкан ҳикмат бор («Фатҳул Қодир»).

Банданинг вазифаси, чин дилдан, эй Аллоҳ бизга ато этган неъматларингнинг ҳар бирига шукр этамиз, гарчи кўпларини биз билмаймиз, фақат Ўзинг билгувчисан. Ҳар бир замонда барча шукр этувчи инсонлар ҳам неъматларингнинг ададини ҳисоблай олмайди[1], дейишдир.

Инсонлар ўз зиммасидаги шукр қилиш вазифасидан ғафлатда бўлиши, фақат ўзига бўлган зулмни оширади. Абу Айюб Қураший мовлоси Бани Ҳошимдан ривоят қилади: Ҳазрат Довуд алайҳиссалом бундай нидо қилди: «Эй Роббим, менга ато этган неъматларингнинг энг яқини ҳақида хабар бер? Шунда Аллоҳ таоло ваҳий қилди: Эй Довуд, нафас ол, Довуд алайҳиссалом нафас олди. Айтдики, бу сендаги Мен ато этган неъматларнинг энг яқинидир[2] (Абу Дунё ва Имом Байҳақий ривояти).

Расулулоҳ алайҳиссалом бир кишидан “тунни қандай ўтказдинг”, деб сўради. У икки марта сўраганларида ҳам: “Яхши”, деди ва учинчи мартасида: “Алҳамдулиллаҳ, Ўзига минг бор шукур, яхши ўтказдим” деди. Шунда Расулулоҳ (алайҳиссалом): “Сендан айнан шу жавобни кутган эдим”, дедилар (Имом Муслим ривояти)[3].

Изоҳ: Луғатда, «миннатдорлик, розилик» маьноларини билдириб,  истилоҳда яхшилик қилувчининг яхшилигини мамнуният билан этироф этишига «шукр» дейилади. Шукрни қалб билан эътироф этиб, тил билан етказилади ва ҳаётга амалий тадбиқ этилади. Ана шундагина у инсон мадҳ этилган ҳақиқий шокир бандалардан бўлади. Уламолар, инсон барча нематларни Аллоҳ таолодан деб билиб, унга иқрор бўлиши қалб шукридир. Яратгандан миннатдор бўлиб, унга ҳамду санолар айтиш тил шукридир. Тоат ибодатда давомли бўлиш, солиҳ амаллар қилиш, гуноҳлардан сақланиш  шукрнинг амалдаги тадбиқи бўлади, дейишган.

  Шукрнинг акси эса ношукурлик, яъни нематларга куфроналик билан жавоб қайтариш бўлади.  Ношукрлик мезони ҳирс, исроф, ҳурматсизлик, кибру ҳаво, ҳаром билан ҳалолни ажратмаслик каби ёт иллатларни қилиш билан белгиланади.

Шукр – улуғ ибодат. Аллоҳнинг нематларига шукрона айтиб, етган мусибату балоларга сабрлилик ила муносабатда бўлиш, уф тортмаслик ҳақиқий мўминлик хислатларидан биридир. Ривоятларга кўра, Пайғамбарлардан бири кичик бир тошдан мўл-кўл сув оқиб чиқаётганини кўриб ҳайратга тушганида, Аллоҳ таоло у тошга тил-забон ато этади ва  сўзлай бошлайди: “Одамлар ва тошлар ўтин бўладиган кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг” (Бақара сураси, 24-оят) – оятни эшитганимдан бери  йиғлайман, дейди. Пайғамбар у тошни дўзахдан қутқариши учун Аллоҳ таолога ёлворди. Аллоҳ таоло ҳам уни дўзахдан қутқарганининг хабарини берди. Лекин бир муддатдан кейин яна шу ердан ўтган Пайғамбар ўша тошнинг яна йиғлаётганини кўрди ва: “Энди нега йиғлаяпсан” деб сўради. Шунда тошдан: “Олдин сен кўрганинг қўрқув кўз ёшлари эди, энди буниси, шукр ёшларидир”, деган овоз эшитилади[4]

Неъматларга шукр қилиш, уларни қадрлай билиш неъматлар давомийлигига, зиёда бўлишига олиб келади. Шайх Саъдий: “Бир нафасга икки марта шукр айтиш вожибдир”, дея нафас кирсаю қайтиб чиқмаса ёки чиқсаю қайтиб кирмаса, инсон ҳалок бўлишини таъкидлайди”[5].

Инсониятга  ато этилган нарсалар ҳисоб-китобсиз, ниҳоясиздир. Аъзоларимизнинг ҳар бири  ўз вазифасини бажариш билан машғул. Кўриш, сезиш, таъм билиш, эшитиш, сўзлаш, ҳаттоки тукларнинг ҳам муайян бир фаолияти бор. Агар улардан бирининг фаолияти сустлашса ёки тўхтаса, бошқа аъзоларга ҳам нуқсон етади. Бу Аллоҳ таолонинг инсон жисмини бир-бирига мутосиб сувратда яратганининг белгисидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом жасадни ҳақиқий мўминларнинг хислатига менгзаши ҳам бежиз эмас. Яъни, танадаги бир аъзонинг шикояти бутун вужудни зирқиратгани каби мусулмонлар ҳам бир-бирининг ҳолидан хабардор бўлиб туриши, агар муаммо пайдо бўлса, бошқасининг виждони қийналиб, ёрдамга ошиқиши лозим бўлади. Айниқса, бугунги ҳолатимиздагидек, пайтда ишсиз, мардикорлик билан оиласига кунлик егулик қилиб оила тебратаётган камбағал кишиларнинг ёки боқувчиси йўқ ёлғиз қариялар, ожизалар бўлсин, уларнинг рўзғорига ёрдам улашишимиз ҳақиқий мўминлигимиз белгисидир.

Такрор айтмоқчимиз, егани таоми, кийгани кийими, ётгани бошпанаси бор, хонадони тинч инсоннинг тили шукр қилишдан толмаслиги лозим. Бироқ негадир шукр қилишга қотиб қолган бу тилларимиз, ҳеч бўлмаганда жим туришни ҳам қойиллатолмайди. Аксинча, ўзимиз сезмаганимиз ҳолда нолинишга одатланиб қолганмиз. Мўминликка даъвоимиз катта, аммо бандаликнинг биринчи талаби бўлган  шукрга келганда, мудом сусткашмиз. Ахир, шукр қилишга буюрилмаганмизми?!  Ота-боболаримиз шукр ва сабрда ҳаммага ўрнак бўлишмаганми?! Дунёни коронавирус балоси ўраб турган бир пайтда айрим мамлакатлардагидек, кунига юзлаб, ҳатто мингга яқин фуқароларнинг ҳалок бўлаётгани ҳам ибрат назари қарашга ундамаяптими? Ахир карантин қоидалари ҳам сизу бизнинг саломатлигимиз учун эканини наҳот ҳис этмасак! Олдинига сабабини қилиб қўйиб, сўнг Аллоҳ таоло таваккал қилиш эътиқодимиз тақозаси-ку! Ниқоб тақиб юриш, қариндош-уруғларникига бир муддатга бормай, телефонда алоқа қилиб туриш бир умрга эмас, балки вақтинчалик эканига нега ўйимиз етмаяпти?..

Дуо қилайлик, бу дард-балони Аллоҳ таоло бошимиздан тезда кўтарсин! Бемор бандаларига Ўзи шифои том ато этсин!

 

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

 

 

[1]Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад Шавконий. Фатҳул қодир, 3/150. Байрут: Дорул вафо.

[2] Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад Шавконий. Фатҳул қодир, 3/152. Байрут: Дорул вафо.

[3] Усмонхон Алимов. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари, т: 1, Мовароуннаҳр; Тошкент – 2017 йил.

[4] Абу Ҳомид Ғаззолий. “Мукошафатул қулуб” асари.

[5] “Гулистон” асари муқаддимаси.

Read 2575 times

Мақолалар

Top