Мақолалар

Коронавирус таҳдиди ва бирдамлик симфонияси
Уни биргаликда ижро этишимиз шарт
 
Таҳлил

Гўзал кунлар келишини кутма.
Унга томон бормоғингни унутма.
Жалолиддин РУМИЙ

Бугун дунёнинг барча пучмоқларида таҳликали бир шарпа кезиб юрибди. Кезганда ҳам, кўринмас қўли билан инсонларнинг ширин жонига чанг солиш ҳаракатида бўлмоқда. Унинг яна бир даҳшатли изи жаҳон иқтисодиётини таназзулга етакламоқда. Фаровонлик ва тараққиётга зарба бермоқда. Кун-у тун шовқинга тўлган шаҳарлар бирин-кетин жимгина бўшаб қолмоқда... Бу машъум пандемиянинг дунё ва биз кутмаган манзаралари... Ҳали яна нималар рўй беришини эса ҳеч ким билмайди... Аммо халқимизнинг қалбида бир ишонч борки, бу синовлардан талафотсиз ўтиш умиди – Аллоҳнинг марҳамати, давлат раҳбарининг оқилона сиёсати, миллат бирдамлигига ишончдир.
 
20_main.jpg
 
Тарихдан маълумки, инсоният турли эпидемия ва оммавий қирғинларни бошидан кўп ўтказган. Aммо, яна шуниси ҳам маълумки, уларнинг аксарияти маҳаллий миқёсда бўлиб, фақат баъзан бир ёки икки қитъа чегарасини ҳатлаб ўтган эди.
 
Бугун инсоният ўз тарихида илк бор нафақат фаровонлиги ва одатий турмуш тарзига, балки сайёрадаги миллиардлаб одамларнинг ҳаётига таҳдид солаётган жиддий хавф билан юзма-юз келди. Бу хавф бутун жаҳонни ларзага ва саросимага солмоқда. Ҳаттоки, биринчи ва иккинчи жаҳон уруши ҳам бунчалик даражада миқёс касб этмаган ва бунчалик кўп давлатни қамраб олмаган эди.
 
Ҳа, сўз ўша бугун барчанинг дили-ю тилида бўлган, барчанинг кўнглига хавотир солиб турган пандемия – коронавирус таҳдиди ҳақида бормоқда...
 
 
Киприкдаги ёшдек...
 
Depositphotos_351959920_l-2015-pic620-620x350-76973.jpg
 
Коронавирус пандемияси... Афсуски, бу офат тамаддуннинг бугунги ривожланиш даври, глобаллашув ва чегаралар шаффофлиги, ҳаракатлар тезкорлиги замонида рўй бермоқда. Ва, яна ҳам таассуфлиси шуки, бугун ҳеч бир давлат, гарчи ўз қудрати билан шу кунгача мақтаниб келган бўлса-да, ўз ҳудудида ушбу инфекциянинг тизгинсиз тарқалишининг олдини олишга кафолат беролмаслиги маълум бўлиб қолди. Италия, Испания, Франция, AҚШ ҳамда бошқа ривожланган ва технологик жиҳатдан қудратли давлатлардаги фожиали вазиятларга нигоҳ солинг-а... Одамларнинг дийдасидаги ёшлар, бўшаб қолган шаҳарлар, докторларнинг чарчоқдан киртайган кўзлари... Машҳур шоир Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, “киприкдаги ёшдай” қалқиб турибди дунё...
 
Бутун дунё янги 2020 йилни хуррамлик билан кутиб олаётган кезларда, Хитойдан келаётган баъзи хабарларга ҳеч ким хавотир билан қарамагани, биздан олисда-ку, деган хаёлга боргани ҳам бор гап. Аммо, орадан уч ой ўтиб, 2020 йилнинг 31 мартига келиб, дунёда 780 минг нафардан ортиқ одам коронавирусга чалинди, 38 минг нафарга яқин киши вафот этди. Барча қитъада, ҳатто, одам оёғи унча-мунча етавермайдиган ҳудудларда ҳам коронавирус аломатлари аниқланди.
 
 
Ўзбекистон бу хавфни кутмаган эдими?
 
Aфсуски, Ўзбекистон бу глобал тенденциядан четда қололмади. Шиддаткор тараққиёт, глобаллашувнинг янги босқичига қадам қўйган мамлакатимиз учун ҳам бу офат таҳдиди етиб келди. Бугунги кунгача мазкур вирусдан зарарланган юртдошларимиз сони 181 нафарга етди, икки бемор ҳаётдан кўз юмди. Ва яна ҳам ачинарлиси, иллат ҳамон тарқалаётгани ҳақидаги хабарлар келиб турибди. Демак, вирус ён-веримизда бемалол кезиб юрибди...
 
photo_2020_03_24_22_19_50.jpg
 
Аслида, Ўзбекистон бу хавфни кутмаган эдими? Албатта, бугунги шиддаткор иқтисодий тараққиёт, мигрантлари кўп бўлган мамлакат ва шаффоф чегараларга эга ва глобаллашув жараёни шаҳди ошиб бораётган Ўзбекистон бу хавфдан ҳоли эмас эди. Буни мамлакат раҳбарияти ҳам яхши биларди. Шахсан Президент Шавкат Мирзиёев аввал бошданоқ ушбу пандемия 34 миллионлик халқимиз ҳаёти ва соғлиғи учун қанчалик хавф туғдириши мумкинлигини аниқ-тиниқ идрок қилган эди.
 
Коронавирус эпидемиясини пандемияга айланмаган вақтда ҳам, ҳали дунё, ҳатто, Европа жиддий қабул қилмаган бир кезда, яъни шу йилнинг 29 январида давлатимиз раҳбарининг махсус комиссия ташкил этиш борасидаги фармойиши қабул қилинган, бу билан келиши муқаррар бўлган оғир синовларни муносиб енгиб ўтишнинг тамал тоши қўйилганди.
 
 
Дўст шундай кунда билинади
 
Бугун коронавирус пандемияси қачон мағлуб бўлади ёки камая бошлайди, деган саволга ҳеч ким аниқ жавоб беролмайди. Демак, биз вазиятнинг ҳар қандай кутилмаган ривожига ҳамиша тайёр туришимиз керак.
 
Шу сабаб дунё бугун бир-бирига ёрдамга шошилмоқда. Ўзбекистон ҳам дастлаб Хитойда ушбу инфекция тарқалган кезларда бир эмас, икки бор инсонпарварлик ёрдамини жўнатди. Сўнгра, Эронга, кейинчалик Венгрияга...
 
bdee0f47_c827_4c5f_b64c_b9edc9e835fb.jpg
 
Мени, айниқса, таъсирлантиргани Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг сўзлари бўлди. У бу ҳақда шундай деганди: “Бу масалада биз Венгрия доимий аъзоси бўлган Европа Иттифоқидан ёрдам сўрадик, бироқ ҳеч қандай кўмак келмади. Кузатувчи мақомида бўлганимиз Туркий Кенгаш мамлакатлари эса ёрдам қўлини чўзишди”.
 
Қарангки, бугун Ўзбекистонга дўстлар қўл чўзишмоқда. БАА, Хитой каби давлатлардан ёрдам кучлари келган бўлса, дунёнинг йирик ташкилотлари ўз мададини беришмоқда.
 
Яна ҳам таъсирлиси шуки, асли ўзбекистонлик бўлган, бутун дунёга донғи кетган меценатлар Фаттоҳ Шодиев ва Алишер Усмоновларнинг хайриялари ҳақида барчамиз эшитдик.
 
Буларни айтишдан мақсад шуки, барча-барчамиз бугун бир мақсад йўлида бирлашсак, бу синовдан албатта мағрур ўтамиз.
 
 
Қатъият, ирода ва ишонч
 
 
Ўзбекистон коронавирус пандемиясининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида қатъий чораларни амалга оширмоқда. Бунинг учун эса мустаҳкам ирода керак.
 
Давлатимиз раҳбарининг аниқ ва пухта ўйланган қарорлари асосида мамлакатимиз учун коронавирус оқибатларини минималлаштириш учун қатъий чоралар амалга оширилмоқда.
 
Эътибор беринг, Президентнинг дастлабки 2020 йил 19 мартдаги фармони шундай эди: “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”. Сўзларни бирма-бир ўқинг: биринчи навбатдаги дейилмоқда. Демак, барчаси изчиллик ва қатъият билан давом эттирилади, маъносини беради бу жумлалар.
 
20200306_gaf_u39_352.jpg
 
Айни вақтгача бир қонун, бир нечта фармон ва қарорлар қабул қилинди. Қўшни давлатлар раҳбарлари билан телефон орқали мулоқотларда чоралар изланди. Шахсан давлат раҳбари бир неча бор видеоселектор йиғилиши ўтказиб, халққа мурожаат қилди. Барча масъул шахслар олдига ижро механизмлари, молиялаштириш манбалари кўрсатилган, кўрилиши керак бўлган чора-тадбирлар комплексини қамраб олган, аниқ белгиланган вазифаларни қўйди.
 
Бу вазифалар барча тармоқ тиббий ходимларини ишга солиш, зарур ётоқ ўринларини тайёрлаш, асбоб-ускуна ва дори-дармонлар билан таъминлаш, чет элларда қолаётган ватандошларимизни олиб чиқиб кетишгача бўлган кенг кўламли ҳаракатларни қамраб олди.
 
Дарҳақиқат, Ўзбекистон хориждаги ўз ватандошларини ташлаб қўймади. Ўзбекистоннинг барча давлатлардаги элчихоналари қошида махсус штаблар ташкил этилиб, ўн кун давомида 20 та чартер рейслари ташкил этилиб, Россия, Туркия, БАА, Жанубий Корея, Миср, Малайзия, Ҳиндистон, Таиланд, Индонезия, Германия каби давлатлардан 4000дан ортиқ юртдошимиз ватанимизга олиб келинди. Қўшни мамлакатлардан эса 80 мингдан ортиқ фуқаро кириб келди. Ўрнатилган карантин тартибига кўра, уларнинг барчаси 14 кунлик мажбурий назорат –карантинга олинди. Бунинг учун 11 та тиббиёт муассасаси, 97 та санаторий, оромгоҳ ва ётоқхоналар карантинда ишлаш учун тайёрланди.
 
Бугунги кунгача 30 мингга яқин тест текширувлари амалга оширилди. Хитойдан 200 мингта тест-тизими ҳамда 50 минг дона ҳимоя комбинезонлари харид қилинди. Буларнинг барчаси вируснинг томир отиб кетишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳимоя қилиниши учун катта омил бўлиши шубҳасиз.
 
Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг мамлакат аҳлига бир неча бор қилган мурожаатини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Мен юрт отасининг куйинишларида юртимизнинг ҳар бир фуқаросига бўлган оталарча меҳр, уларнинг тақдирига чексиз хавотирни кўряпман.Шундай пайтларда халқимизнинг ўз халқи учун қалби оташдаги чўғ каби ёнаётган шундай юртбошиси борлигидан чексиз фахр ва ифтихор туяман.
 
Давлатимиз раҳбарининг биргаликда коронавирусни енгамиз, деган қатъий ишончи юртимиз аҳлига ҳам катта матонат бахш этмоқда.
 
Биз мусобақалашмаяпмиз, балки одамлар ҳаётини ўйлаяпмиз
 
Бугун юртдошларимиз мамлакатни коронавирус пандемиясига қарши самарали мобилизация қилиш борасида олиб борилаётган тезкор ва малакали ҳаракатларни фахр билан қайд этмоқдалар. Буни барчамиз кўриб, билиб турибмиз.
 
Бу, айниқса, баъзи бошқа давлатлардаги кечиккан ва самарасиз тадбирлар фонида янада яққолроқ кўзга ташланмоқда. Баъзилар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва яхши самара бераётган чора-тадбирларни бир ҳафта-ўн кун ўтиб, ўз мамлакатларида қўлламоқдалар.
 
Кўпгина чет эллик мутахассислар ўз мақолаларида ана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Кичик ва ўрта бизнесга солиқ таътиллари бериш, барча турдаги текширишлардан, давлат тасарруфидаги 3600 та объектда ижара тўловидан озод қилиш, хусусий бизнес вакилларига озиқ-овқат ва асосий маҳсулотларга нархларни оширмаслик каби долзарб чоралар шулар жумласидан.
 
Бунга жавобан 30 мингдан ошиқ тадбиркор ана шу қийин бир вазиятда нархларни оширмасликка ёзма равишда кафолат берди.
 
Давлатимизнинг имконияти ва куч-қудрати, ижро интизоми самарадорлиги карантинга мўлжалланган янги объектларнинг Ўзбекистонда рекорд даражадаги қисқа фурсатларда қуриб битказилаётганида ҳам намоён бўлмоқда. Хитойнинг бундай объектларни 10 кун ичида қуриб битказганига бутун дунё лол қолган эди. Ўзбекистонда эса бундай объектлар деярли ўша муддатда, ҳатто ундан ҳам қисқа фурсатларда фойдаланишга топширилди. Ҳозирда ушбу объектларга карантин назоратига олинган дастлабки минг нафардан ортиқ шахс жойлаштирилди.
 
photo_2020_03_28_20_03_31.jpg
 
Албатта, амалга оширилаётган ва келажакда қилинажак профилактик чора-тадбирлар самарасидан бошимиз айланмаслиги керак. Ўзбекистон дунё билан мусобақалашмаяпти, балки одамлар ҳаётини ўйлаяпти. Мана шуни англасак, ва мамлакатнинг қудрати кўп нарсага етиши мумкинлигига ишонсак, бас. Зеро, бу ишлар Ўзбекистон Республикаси раҳбариятига хос халқимизни ҳар қандай синовлардан ишончли ҳимоялашдек қатъий сиёсий иродасининг яққол ифодасидир.
 
Шу билан бирга, бугунги тадбирларнинг самараси фақатгина давлат кўраётган чоралар билангина амалга ошади, деб ўйлаш мутлақо тўғри эмас. Бу ерда карантиннинг асл сабабларига чуқур нигоҳ солиш, ҳар бир инсон, жамиятнинг ҳар бир аъзосига кўп нарса боғлиқ эканини теран англаш шарти бор. Президент топшириғи билан ташкил этилган, ҳукумат раҳбари бошчилигидаги Республика Штаби барча оммавий ахборот воситалари орқали қайта ва қайта, такрор ва такрор даъват этаётгани, огоҳликка чақираётгани — ҳар бир инсоннинг уйда қолиши шарти бош масала эканини ҳеч биримиз унутмаслигимиз зарур! Бу вирус на мартаба ва на мансабни, на бойлик ва на давлатни аяб ўтиргани йўқ. Унинг чекланиш чегараси нима экани ҳаммамизга аён бўлиб улгурди. Ўз хонадонини тарк этмаслик инсоннинг ўзини, оиласини, юртини, атроф-муҳитдаги барча инсонларни севиши, ҳурмат қилиши, эъзозлаши мезонига айланганини тушунмаслик ва унга риоя этмаслик бугунги кун учун энг катта ХИЁНАТдир!.
 
 
Меҳнат бозоридаги вазият
 
 
Коронавирус офати жаҳон иқтисодиёти турғунлашаётган, шаклланган хўжаликлараро ишлаб-чиқариш занжирлари узилаётган, асосий хомашё товарлари нархи пасаяётган, миллий валюталар қадрсизланаётган, кўплаб мамлакатларда яшаш даражаси пасаяётган, ишсизлик ортаётган, бюджет харажатлари қисқараётган бир пайтга тўғри келди.
 
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) COVID-19 пандемияси дунё миқёсида меҳнат соҳасини ва юз миллионлаб одамларнинг ижтимоий аҳволини қийинлаштириб қўйишидан жиддий хавотирда эканини таъкидламоқда. Ташкилот баёнотларида бу вирусни дунё аҳолисининг 40 дан 70 фоизигача юқтириб олиши мумкин, деган ваҳимали тахмин ва фаразлар ҳам борлиги рост.
 
Бўҳрон иқтисодиёт ва меҳнат бозорида таклифдагина (товар ва хизматлар ишлаб чиқариш) эмас, балки талабда (истеъмол ва инвестиция) ҳам акс этиб, жиддий оқибатлар келтириб чиқармоқда. Катта-кичиклигидан қатъи назар, барча корхоналар катта муаммолар гирдобида қолган. Булар, энг аввало, авиация хизмати, туризм, меҳмонхона тармоқларидир. Ҳозирданоқ бир қатор соҳаларда даромадларнинг кескин камайиши, банкротлик ва иш ўринларини йўқотиш хавфи пайдо бўлди.
 
Ҳаракатнинг чеклангани, чегараларнинг ёпилгани ва карантинга оид тадбирлар натижасида кўплаб ишчи-ходимлар ўз иш жойларига боролмаяпти, бу эса уларнинг иш ҳақини камайтиряпти ёки умуман тўхташига олиб келяпти. Бу эса жуда жиддий ижтимоий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
 
Ушбу умумбашарий тенденциялар бевосита бизнинг мамлакатимиз учун ҳам долзарбдир.
 
Аммо Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўра билиш салоҳиятини, тўғрироғи, адолат мезонига асосланган сиёсатини биз олдинроқ ҳис қилган эдик. Яна ҳам аниқроқ айтганда, ўтган йилнинг адоғида Ўзбекистон илк бор мамлакатда 5 миллионга яқин қашшоқ аҳоли яшаётганини рўй-рост тан олганди. Шу мақсадда қашшоқликни босқичма-босқич камайтириш бўйича давлат дастури қабул қилинди, аввал мавжуд барча давлат ва жамоат ташкилотларини ўзида бирлаштирган махсус тармоқ вазирлиги ташкил этилди.
 
Бу бугунги кунда – пандемиянинг олдини олишда, айниқса, карантин вақтида, алоҳида эътибор ва ғамхўрликка муҳтож аҳолининг ночор қатламини қўллаб-қувватлашда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
 
Энг муҳими, биз бугун аниқ маълумотларга эгамиз. Улар асосида эса мазкур тизимни самарали бошқариш имкони мавжуд.
 
 
Янги вазифалар юзага келмоқда
 
 
Ўзбекистон инфекцияга қарши курашиш учун тезкор равишда Республика ҳамда минтақавий комиссиялар, шунингдек, 10 триллион сўм (1 млрд. АҚШ долларидан ошиқроқ) миқдоридаги Инқирозга қарши жамғарма ташкил этди.
 
Куни кеча эса БМТ ўрта ва паст даромадли давлатларга коронавирусга қарши кураш ва унинг оқибатларини енгишда ёрдам бериш учун мақсадли жамғарма ташкил этишга қарор қилди.
 
Бу билан БМТ Ўзбекистон тажрибасини фаолиятга татбиқ этяпти, дейишдан йироқмиз, албатта. Аммо энг тўғри йўллардан бири ҳам аслида шу эди.
 
Биз юқорида сиёсатда узоқни кўра билиш қобилиятининг аҳамияти ва Мирзиёевнинг қарорлари ҳақида сўз юритгандик. Улардан бири айнан жамғарма тузиш ва унинг манбаларини тўғри йўналтириш эди.
 
Шу маънода баъзи мулоҳазаларни ҳам ўртага ташламоқчимиз. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, баъзи мамлакатларда бўлгани каби, оддий пул тарқатиш кутилган ва манзилли самара бермайди.
 
Мазкур йўналишда қилиниши лозим бўлган ишлар анчагина.
 
Биринчидан, оилавийлик коэффициентини ҳисобга оладиган бўлсак, айни дамда юртимизда қашшоқлик даражасида кун кечираётган 1 миллионга яқин оила бор. Улар манзилли кўмакка муҳтож. Шу ўринда, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан яқинда ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ўз ҳудудидаги ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларни, ҳудудларнинг паст-у баландини яхши биладиган ҳалол ва диёнатли юртдошларимизни сафарбар этиб маҳалла идоралари орқали бундай эҳтиёжманд оилаларнинг манзилли рўйхатини шакллантиришга киришгани таҳсинга лойиқ иш бўлмоқда.
 
Дарҳақиқат, бугунги карантин кунларида кундалик эҳтиёж товарлари ва озиқ-овқат рўйхатини тузиб, уларни Инқирозга қарши жамғарма ҳисобидан марказлашган ҳолда сотиб олиш тартибини йўлга қўйиш жуда ўринли иш бўлар эди.
 
Маҳалла идоралари аризаларига асосан, жамоат ташкилотлари ва кўнгиллилар иштирокида ушбу кундалик эҳтиёж товарларини аниқ оилаларга етказишни таъминлаш зарур. Ҳомийлар, хайрия ва халқаро ташкилотлар томонидан ажратилаётган ёрдамни ҳам шу ернинг ўзида тақсимлаш мумкин бўлади.
 
Иккинчидан, мамлакатнинг ҳар бир туманида аҳоли эҳтиёжлари учун манзилли заҳиралар яратиш мақсадида махсус омборлар ташкил қилинаётгани ҳам айни муддао бўлмоқда.
 
Бугун биз шундай синовли даврдан ўтмоқдамиз. Муҳими, қалбда ишонч бор. Бу ишонч Аллоҳнинг марҳамати, Аллоҳ элга бош этган давлат раҳбарининг оқилона сиёсати ҳамда миллатнинг бирдамлигига бўлган ишончдир.
 
Айни вақтда ёдимга бир вақтлар ўқиганим – француз ёзувчиси Альбер Камюнинг “Вабо” асари тушмоқда. Асарни адабиётшунослар қандай баҳолашади, билмадим-у, аммо мен унинг бир ҳаётий фалсафасини чуқур англаб етганман. Бу ҳам бўлса одамлар учун индивидуалликдан ҳам юксакроқ қадриятлар мавжуд деган ақида эди. Ва яна англаганим шуки, барчамиз инсонмиз, деган ҳаётбахш бир ишонч остида бирлашишгина дунёни қутқариб қолиши мумкин. Бирлашиш симфониясини эса барчамиз биргаликда ижро этамиз.
 
Сўзимни эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг бир сўзи билан якунлашни маъқул топдим: “...кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтади”.
 
Қудратилла РАФИҚОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
сиёсатшунос
Read 2879 times

Мақолалар

Top