Мақолалар

Узоқдаги қуйруқнинг жозибаси

Яқинда бир навқирон йигитнинг жанозаси ўқилди. Ҳамдардлик билдириш мақсадида азали хонадонга бордик. Ота кўзда ёш билан бўлган воқеани гапириб берди. “Ўғлим қаршилик қилишимга қарамай яхшироқ даромад қиламан деб бир неча дўстлари билан чет элга ишга кетди. У ерга бориб бир хонадонда ишлаган. Икки ой ўтса ҳам уй эгаси маошини бермаган ва ўртада низо чиққан. Ўғлимни роса дўппослаб бир кимсасиз жойга ташлаб кетган. Дўстлари хабар топгунча у ҳаётдан кўз юмган”.

Донишманд халқимиз мақолларида: “Узоқнинг донидан яқиннинг сомони яхши; Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши” каби ўгитлар баён этилган. Халқимиз тинчлиги, давлатимизнинг барқарорлигини кўролмаётган айрим ғаразгўй шахслар томонидан одамларнинг ишончини суистеъмол қилиб, алдаб, сени катта маблағ билан таъминлаймиз деб чет элга ноқонуний олиб чиқиб, улардан ғаразли мақсадларида фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилмоқда. БМТ экспертларининг фикрига кўра, жиноий тўдаларнинг ҳар йили ноқонуний миграция ва одам савдосидан олаётган даромадлари 5-7 млрд АҚШ долларини ташкил этмоқда. Бу дунёдаги асосий истеъмол товарлари сотилишидан келадиган умумий даромадга тенг деганидир. Одам савдоси жабрдийдаларининг 2,7 миллиони ёки 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил қилади.

Афсуски, инсон ҳаётини тасарруф этиш, қадр-кимматини оёқости қилиш, уни алдаш, ишлатгандан сўнг ҳаққини бермаслик айрим ваҳший, баднафс кимсаларнинг даромад манбаига айланиб қолмоқда. Осон пул топиш ниятида алдовга учраётган кишилар соддалиги, ўз ҳаёти, яқинлари, уларнинг тақдири ва келажагига бефарқлиги оқибатида бундай ёвуз кимсаларнинг тузоғига тушмоқда.

Имом Шаъронийнинг “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)га насиҳатлари” китобида бундай дейилади: «Ким ҳаром еса, қалби ўлади, ақидаси заиф бўлади, Аллоҳ таоло унинг дуосини қабул қилмайди, ибодати ҳам камаяди. Ҳаром йўллар билан мол тўплаган Аллоҳ таолонинг ғазабига йўлиқади. Аллоҳ у кимсага бузуқ амалларини чиройли кўрсатадиган, бойлиги туфайли динини унуттирадиган, дунё ишларини енгил ҳисоблатадиган, фосиқ амаллар қилганида “Аллоҳ Ғофур ва Роҳим-ку” дегувчи бир шайтонни ҳамроҳ қилиб қўяди. Эй Али! Ҳаромни қўлга киритиш, ҳаром мол топиш учун йўлга чиққан ҳар қандай одамга, албатта, шайтон эргашиб олади. Ҳаромдан тўплаган молни шайтон ейди».

Мамлакатимизда 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўрисида”ги Қонун, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг 2008 йил 8 июлда “Одам савдосига қарши кураш самарадорлигини ошириш бўйича чоралар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бундан ташқари мазкур турдаги жиноятлар учун жазо чораларини кескин кучайтириш бўйича Жиноят кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет элларда меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси томонидан хорижий мамлакатлар билан тузилган ҳукуматлараро, идоралараро шартномалар ва битимлар асосида фақат Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Тошкент, Бухоро, Нукус, Фарғона, Қарши шаҳарларида жойлашган Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича минтақавий бюроларнинг кўмагида амалга оширишлари мумкин. Юқорида қайд этилган ваколатли муассасалардан ташқари, ҳеч бир жисмоний ва юридик шахслар фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмас.

Республикамиз фуқаролари амалдаги қонунчилик бўйича хусусий меҳнат шартномалари асосида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элларга Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан бериладиган рухсатномалар асосида чиқишлари белгилаб қўйилган. Фуқаролар белгиланган тартибда расмийлаштирилган хорижий иш берувчининг меҳнат шартномаси нусхаси, иш берувчи тўғрисидаги қисқа маълумот, фуқаролик паспорти нусхаси ва соғлиғи тўғрисида маълумотномани Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига тақдим этишлари лозим. Агентлик тақдим этилган ҳужжатларни 15 кун ичида белгиланган тартибда кўриб чиқиб, фуқарога чет элда меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатномани белгиланган тартибда расмийлаштириб беради.

Ноқонуний миграцияга қарши курашда биргина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа тегишли идоралар томонидан кўрилаётган чоралар ва амалга оширилаётган ишларнинг ўзи камлик қилади. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда юртимизда беш мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг муайян қисми одам савдоси билан боғлиқ жиноятчиликнинг олдини олиш, бунда аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг хабардорлик даражаси ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жиноятчилик қурбонларига руҳий-маънавий, тиббий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга доир чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ўз навбатида, авваламбор, масжид имом хатиблари мавъизаларида, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва фуқароларнинг ўзлари бу масалага жиддий эътибор қаратиб, хатога йўл қўяётган фуқароларни огоҳлантирмоқда. Жамиятимизда ўзига хос жамоатчилик назорати шаклланмоқда. Буларнинг ҳаммаси мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир...

“The Guardian” нашрининг хабарига кўра, Европага ота-онасиз ва яқинларисиз келган 10 мингга яқин  қочқин бола Европа иттифоқи чегараларини кесиб ўтиш вақтида йўқолиб қолган. Италияда 5 минг нафар бола бедарак кетган. Буюк Британияда қаердалиги номаълум бўлган болалар сони бир йил ичида икки баробарга кўпайган.

“The Independent” нашри тарқатган маълумотларда айтилишича, ўтган ойда бирданига 360 нафар бола йўқолиб қолган. Германияда шу йил бошидан бери қарийб 9 минг нафар 18 ёшга тўлмаган қочқин боланинг қаердалиги номаълум. Полициячилар  бу болалардан кўпчилиги Европага келгач одам савдогарлари қурбонига айланган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Интернет орқали ана шундай маълумотларни ўқир эканман, қувончи ичига сиғмай юрган, беғуборлик билан фанлардан олган баҳоларини ўртоқларига кўз-кўз қилаётган болаларга назар соламан. Уларнинг бахтиёр чеҳрасида эртанги кунга ишонч, мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, юртимизга хизмат қилишдек, муқаддас туйғу бор. Шу дамда бахтиёр кўзимга ёш қалқийди, шу кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога шукрона келтираман. Қандайдир ички ҳайқириқ мени мана шундай бахтли кунлар имконияти – Истиқлолимиз меъморларига таҳсинлар айтишга чорлайверади.

 

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,

“Мовароуннаҳр” нашриёти ходими

Read 4178 times

Мақолалар

Top