Мақолалар

Эй Роббимиз! Халқимизни бу синовларни енгиб ўтишида чиройли сабр-қаноат ато қилгин!

Бутун дунёга, хусусан, ватанимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатаётган коронавирус инфекцияси барчамиз учун Яратганнинг катта синови бўлмоқда. Бу синовдан мардонавор ўтиш ҳамда бу касалликни енгиш учун мутасаддилар билан бир қаторда барча халқимиз қўлидан келганича саъй-ҳаракат қилмоқдалар. Шунингдек, устоз уламолар, аҳли илмлару қорилар ҳамда ихлосли халқимиз Аллоҳ таолога ёлвориб, кечаю кундуз дуо қилмоқдалар. Зеро, дуо ибодатнинг мағзидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда эслатиб, “Менга дуо қилинг ва сизга ижобат қилурман...(Ғофир сураси, 60-оят) деган. Айниқса, мўмин банда бошига мушкул тушиб, синов келган вақтда Роббисига янада яқин бўлади. Дуонинг янада тезроқ ижобат бўлишида шундай фурсатлардан фойдаланишга тарғиб ҳам қилинган. Демак, барча мўминлар бундай вақтда тавбаю истиғфор, тасбеҳу таҳлил, Қуръон тиловатию салавотларни кўпайтирган ҳолда ортидан дуога қўл очиб, Яратгандан бу синовни бошимиздан кўтаришини сўраб илтижо қилишимиз муҳимдир. Аллоҳ таоло бу хайрли ишларимиз сабаби ила ўз Раҳматини бизга ато қилиб, бу касалликни устимиздан даф қилса, ажаб эмас.

– Эй Роббимиз! Бу кунларда барча мўминлар ҳар галгидан-да кўпроқ Сени зикр қилмоқдалар. Тавба-ю истиғфор, тасбеҳ-у таҳлил, хатми Қуръон ва салавотлар, қурбонлик ва хайрияларини кўпайтириб, Ўзинга илтижо қилмоқдалар.

– Эй Роббимиз! Буларнинг барчасини бизлардан қабул айлагин! Бутун олам, хусусан, мўмин-мусулмонларни бошига келиб турган касалликни тез кунда Ўзинг кетказгин!

– Эй Роббимиз! Ушбу касаллик билан хонадонда ва шифохоналарда даволанаётган беморларга шифо бер! Уни тарқалиб кетишидан бизга паноҳ бергин!

– Эй Роббимиз! Халқимизни бу синовларни енгиб ўтишида мустаҳкам иймон, янада ҳамжиҳатлик ҳамда чиройли сабр-қаноат ато қилгин!

– Эй Роббимиз! Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳурматлари, диёримиздан ўтган азиз авлиёлар, солиҳ кишилар ҳамда кексалар, гўдаклар ҳурматидан бу касалликни бошимиздан кўтаргин! Тез кунларда дуоларимиз самарасини кўришни бизга насиб айлагин! Омийн!

Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

Read 3096 times

Мақолалар

Top