Мақолалар

7 апрелдан 8 апрелга ўтар кечаси Бароат кечаси. Бу кечада қандай амаллар амалга оширилишини биласизми?

Муборак Рамазон ойи келишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам белларини ибодатга маҳкам боғлар эди. У зот одатдаги ибодатларига қўшимча яна ибодат қилар эди. Нафақат ўзлари, балки умматларини ҳам бунга жалб қилар эди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак Рамазон ойига тайёргарлик кўриш учун шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасида ибодат қилишга ва унинг кундузида рўза тутишга тарғиб қилган. Бу борада фақат тил ила тарғиб қилиш билан кифояланмасдан, балки соллаллоҳу алайҳи васаллам амалий тарзда ўзлари ҳаммадан олдин бу майдонда намоён бўлар эди. Чунончи, бу ой келиши билан у зотнинг ибодатларида одатдан ташқари ўзгариш кўзга ташланар эди. Буни Оиша онамизнинг ривоятларидан билиб олсак ҳам бўлади. 

Оиша онамиз айтдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа ойларда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганларини кўрмадим” (“Саҳиҳи Муслим”). 

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаъбон ойида кўп рўза тутганларга далил қилиб, аллома имом Нававий бу ойда рўза тутишни суннат деб айтганлар. 

Шарафли шаъбон ойида фазилати улуғ ва муборак бир кеча бор. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда тўлиқ маълумотлар келган. Уларни ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этиш биз мусулмонларнинг вазифасидир. Унда бизлар учун икки дунё саодати бор. 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: 

“Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади”. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “(Эй Оиша) бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” дедилар. Мен “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим. 

“Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча Ўзининг бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират қилади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишилар қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди”, дедилар. 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва то тонг отгунича “Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон (дейди)” дедилар”. 

Ибн Можа ривоят қилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 

“Бешта кечани ким тирилтирса (бедор ўтказса), жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, дедилар. 

Ҳадиси шарифда санаб ўтилган кечалар: 

  1. Саккизинчи зулҳижжа кечаси; 
  1. Тўққизинчи зулҳижжа кечаси; 
  1. Қурбон ийди кечаси; 
  1. Фитр ийди кечаси; 
  1. Ўн бешинчи шаъбон кечаси. 

Ушбу бешта кечанинг бири бароат кечасидир. Бу улкан фазилат ва саодатга тўла кечада Мавлоимиз Аллоҳ таоло “Сўранглар! Сўрганларингизни беришга тайёрман”, дейди. Шунинг учун у кечани бедор ўтказиб, дуолар қабул бўлади, деган эътиқодда дуо қилишимиз лозим. 

Муфтий Муҳаммад Шафиъ раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Юқоридаги ҳадислардан бу кечанинг фазилатлари маълум бўлганидек, мусулмонларга бу кечада қуйидаги амалларни қилиш суннат экани маълум бўлади: 

  1. Кечани бедор ўтказиб, намоз ва зикр, тиловатга машғул бўлиш; 
  1. Аллоҳ таолодан мағфират, оқибат ва ўзининг дунё-ю охиратдаги мақсадларининг ҳосил бўлишини дуо қилиб сўраш”. 

Бундан маълум бўладики, ушбу кеча учун бирор хос ибодат тайин қилинмаган. Кимнинг кучи қанча вақт Аллоҳ таолони ёд этишга қодир бўлса, ўшанча вақтни Қуръон ва ҳадис тиловати билан ёки уларни эшитиш билан ўтказиш лозим. 

Демак, қайси ибодатни қилиш осон бўлса, ўша қилинади. Бароат кечасида ўқиладиган нафл намозлар бирор ҳайъатга эга эмас (яъни биринчи, иккинчи ракъатларида фалон-фалон суралар ўқилади, дейилган жойи йўқ). 

Бароат кечасининг қайси қисмини бедорликда ўтказиш афзал? 

Бу борада Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтадилар: “Шу ўринда 

кечанинг қайси бирида туриш зиёда фазилатли экани ҳақида Қуръон ва ҳадисда баён қилинган. Уларга кўра кечанинг охирида бедор бўлиш мушкул ва энг фазилатлидир. Чунончи, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: 

«Албатта, тунги ибодат салмоғи кўпроқ ва қироати тўғрироқ бўлур» (Муззаммил сураси, 6-оят). 

“Нашиатул лайл”ни “Жалолайн”да бир ухлаб тургандан кейин ибодатга қоим бўлиш дейилган. Чунки бу вақтда туриш машаққатли бўлиб, у вақтда қилинган ибодат жуда қадрли бўлади. Ушбу ҳақиқат мазкур суранинг охирги оятидан ҳам маълум бўлади: 

«Албатта, Роббинг кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундай қилаётганларини) биладир. Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайдир. У сизларнинг буни ҳеч уддалай олмаслигингизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Энди Қуръондан муяссар бўлганича қироат қилинглар” (Муззаммил сураси, 20-оят). 

Бедор ўтказиш керак бўлган кечаларда бедор бўлиб, ибодат билан машғул бўлиш мустаҳаб амалдир. Шунинг учун бу амални ўз хонадонида оила аъзолари билан қилиш яхши ва аълодир. Ушбу кечаларни бедор ўтказиш учун масжидларда тўпланиш мумкин эмас. Фақиҳлар фазилатли кечаларда, жумладан, бароат кечасида масжидларда тўпланишни макруҳ санаганлар. 

Бароат кечасида (7 апрелдан 8 апрелга ўтар кечаси) хуфтон ва бомдод намози ўртасида нафл ибодатларини адо қилишга эътибор қилиш лозим. Ибодат қила олмаса ҳам, гуноҳлардан сақланишга қаттиқ эътибор қаратиш, хусусан, бу кечанинг фазилатларидан маҳрум қиладиган гуноҳлардан сақланиш зарур. Бу кечада тавба ва истиғфор айтишга эътибор қилиб, ҳар ҳил бидъатлардан сақланиш керак. Ўзи ва барча уммат учун хайрли дуолар қилиш, тоқат етгунича зикрлар, нафллар, тиловати Қуръонлар қилиш, имкон топган кишилар шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутиши бароат кечасининг муҳим фазилатлари саналади.

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси

Самарқанд вилояти бўйича вакили,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

 

Манба: http://uza.uz

 

Read 4835 times

Мақолалар

Top