Мақолалар

Болани шакллантирувчи уч омил

          Одам боласининг ривожланиши – бу муҳим жараён ҳисобланади. Маълумки, ҳаёт давомида инсон жисмоний ва руҳий жиҳатдан ўзгариб боради. Лекин болалик, ўсмирлик ва ўспиринлик даврида ривожланиш ниҳоятда кучли бўлади. Бола мана шу йилларда ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан ўсиши, ўзгариши туфайли шахс сифатида камолга етади. Тарбия, ирсият (насл) ва муҳит боланинг ривожланишида асосий ўрин тутади. Агар ана шу учта омил болага ижобий таъсир қилса, у келажакда баркамол инсон бўлиши ва салбий томондан таъсир қилса, бадахлоқ кимсага айланиши мумкин.

       Боланинг шаклланишига таъсир кўрсатувчи омиллар ҳақида Ислом дини ва уламоларнинг асарларида етарлича фикр ва мулоҳазалар билдирилган. Шу билан бирга боланинг ривожланиши ҳақида Ғарб файласуфлари ҳам ўзларининг қарашларини баён қилишган. Қуйида биз Ғарб ва Ислом дунёсининг боланинг шаклланишига таъсир кўрсатувчи омиллар ҳақидаги фикрларини келтириб ўтамиз.  

Боланинг шаклланиши ҳақида Ғарб файласуфларининг  фикрлари

      Биологик йўналиш – бу йўналиш тарафдорлари одам боласининг шахс сифатида ривожланишида  табиий – биологик (ирсий) омиллар ҳал қилувчи рол ўйнайди деб биладилар. Уларнинг фикрича, бола она қорнидалик вақтида авлод-аждодлардан ўтган туғма хусусиятларгина ривожланади. Улар тарбия ва муҳитнинг ролини чеклаб қўйишади. Йўналишнинг тарафдорлари Аристотел, Платон ҳисобланади.

    Преформизм йўналишиXVI аср фалсафасида вужудга келган бу оқим намояндаларининг фикрича, бўлажак шахсга тегишли барча хусусиятларга бола она қорнидалигидаёқ эга бўлади. Улар тарбия ва муҳитнинг ролини бутунлай инкор этишиди.

    Бихевиоризм йўналишибу оқимга америкалик педагог ва психолог        Э. Торандайк асос солди. Унинг фикрича, шахснинг барча хусусиятлари, жумладан, онг ва ақлий хусусият ҳам наслдан наслга ўтади. Бу билан            Э. Торандайк тарбиянинг шахс ривожланишига таъсирини бутунлай инкор этади ва уни шахснинг хусусиятларига таъсир этишдан ожиз деб билади.                

 

Инсоннинг шаклланишида Ислом дини ва мутафаккирларнинг фикрлари

     Ислом дини ва мутафаккирларнинг асарларида боланинг шаклланиши учун тарбия, ирсият ва муҳит таъсири алоҳида таъкидланган. Шу уч омилнинг ичида тарбиянинг роли, айниқса, аҳамиятли ҳисобланади. Аммо тарбия таъсирининг кучи ва натижаси ирсият ва муҳит каби омилларнинг ҳамкорлиги билан белгиланади. Чунки насл ва муҳитда камчилик бўлса, тарбиянинг таъсири сезилмаслиги мумкин. Қуйида биз учта омил ҳақида Ислом дини ва уламоларнинг қарашларини келтирамиз.

Боланинг шаклланишида тарбиянинг аҳамияти

    Тарбия – инсон камолотига таъсир этувчи ташқи ва энг муҳим омил ҳисобланади. “Тарбия” арабча сўз бўлиб, ўстирди, раҳбарлик қилди, ислоҳ қилди деган маъноларни билдиради.

   Ислом уламоларидан Роғиб Асфиҳоний тарбияни қуйидагича таъриф қилади: “Тарбия бир нарсани бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтказа бориб, батамом нуқтасига етказишдир. Тарбиянинг маъноларидан бири, инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ва мувозанат ила ўстиришдир ”.

    Тарбияни инсонга етказишда ота-онанинг ўрни беқиёслигини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таъкидлайдилар. Абу Ҳурайра(розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) билан туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади...”. Бу ҳадиси шарифдан ирсият, яъни биологик омил инсонни шаклланишида асосий ўрин тутади деган фикрни илгари сурувчи Ғарб файласуф ва оқимларининг фикрлари асоссиз эканини ва тарбиянинг муҳимлигини билиб оламиз.  

     Ўрта Осиёлик мутафаккирлардан Форобий ва Абу Али ибн Сино инсон тарбиясига таъсир этадиган омиллар аҳамиятига эътибор берганлар.

      Форобий инсон камолотида таълим-тарбиянинг муҳимлигини таъкидлаб: Муносиб инсон бўлиш учун инсонда икки хил имконият: таълим ва тарбия олиш имконияти бор. Таълим олиш орқали назарий камолотга эришилади, тарбия эса кишилар билан мулоқотда ахлоқий қадр-қимматни ва амалий фаолиятни яратишга олиб борадиган йўлдир...” дейди. Абу Али ибн Сино оила тарбиясида ота-онанинг ўрнига алоҳида тўхталиб: “Бола туғилгач, аввало, ота унга яхши ном қўйиши, сўнг уни яхшилаб тарбия қилиши керак... Агар оилада тарбиянинг яхши усулларидан фойдаланилса, оила бахтли бўлади” деган фикрни илгари суради.

Боланинг шаклланишида ирсият (насл)нинг аҳамияти

       Бола шахсининг ривожланишида наслнинг таъсири деганда ота-онадан болага мерос бўлиб ўтадиган жисмоний хусусиятлари (тананинг тузилиши, сочининг, кўзининг, терининг ранги, бўй-басти) шунингдек, тананинг вертикал ҳолдаги ҳаракати, тафаккур ва нутқ ривожланиши, меҳнат қилиш қобилияти, туғма ҳолатда ўтадиган қобилиятлар ва хусусиятлар тушунилади.            Ислом динида наслга алоҳида эътибор қаратилади. Чунки насл покиза ва ота-она маърифатли, ахлоқли бўлса, бу хусусиятлар туғма ҳолатда болага ўтади ва келажакда комил инсонга айланади. Агар ота-она маърифатдан йироқ ва ахлоқсиз бўлса, улардан туғиладиган фарзанд жамиятга зарар келтириши мумкин. Лекин ота-онадан туғма ҳолатда ўтадиган қобилият ва хусусиятлар ўз ҳолича ривожлана олмайди, гўё у “мудроқ” ҳолда бўлиб, унинг уйғониши – ривожланиши учун қулай муҳит ва муттасил тарбия керак.  

Боланинг шаклланишида муҳитнинг аҳамияти

   Бола камолотига таъсир этадиган омиллардан бири ташқи муҳит ҳисобланади. Муҳит деганда кишига табиий таъсир этадиган ташқи воқеалар мажмуи тушунилади. Бунга табиий муҳит, оила муҳити ва ижтимоий муҳит киради.

   Табиий (географик) муҳит – инсоннинг ҳаёт тарзига, характери ва меҳнат фаолиятига таъсир этади. Масалан, шимолда истиқомат қилаётган инсон, жанубда яшаётган инсондан нафақат жисмоний кўриниши, шу билан бирга руҳияти, дунёқараши ва хусусиятлари билан ҳам ажралиб туради.

   Оила муҳити – инсоннинг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Чунки бола кўз очиб ота-онасини, қариндош-уруғини кўради. Унинг жисмоний ва руҳий ривожланиш даври оила таъсирида шаклланади. Агар оилада исломий муҳит мавжуд бўлса, боланинг ахлоқи гўзал ва фазилатли бўлиб улғаяди.

   Ижтимоий муҳит – ишлаб чиқариш муносабатлари ва уларни тартибга солиб турадиган ижтимоий қонун-қоидалар инсонга алоҳида таъсир кўрсатади. Ижтимоий алоқа, яъни инсонлараро ўзаро муносабатлар натижасида одам боласи ҳаётга ва меҳнатга тайёрланади, керакли тажриба ва билимларни эгаллайди. Жамиятда маънавий муҳит яхши, адолат устувор бўлса, инсон фаолиятига ижобий таъсир қилиши ва аксинча бўлса, салбий таъсир кўрсатади    

      Демак, инсоннинг камолотга етишига таълим-тарбия, муҳит ва ирсият муҳим ҳисобланади. Нега бугунги кунда ўтмишда яшаб ўтган Имом Бухорий, Форобий, Беруний ва Ғаззолий каби олимларга ўхшаган инсонларни учратмаймиз? Чунки уларнинг ирсияти тоза, ота-оналари солиҳ ва солиҳа бўлишган, улар яшаган даврда илм, маърифат ва тараққиёт ўзининг чўққисига чиқди, яъни муҳит яхши бўлган ва энг асосийси, аждодларимизнинг тарбиясига масъул бўлган ота-оналари ва устозлари ўз вазифаларини аъло даражада бажаришган, тарбияларида нуқсон бўлмаган. Агар фарзандларимизнинг ривожланишига таъсир кўрсатувчи бу омиллардаги нуқсонларни бартараф этсак, албатта келажак авлоддан Имом Бухорий, Ғаззолийга ўхшаган забардаст олимлар етишиб чиқади.

  

И. ВАЛИЕВ,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси           

Read 9681 times

Мақолалар

Top