Мақолалар

Карантин вақтида уйда қолиш эътиқодга зидми?

Машҳур ҳодиса. Амавос (Қуддус яқин томондаги Шом шаҳарларидан бири) вабоси. Буюк саҳобий Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Амавос ерида лашкарбоши ўлароқ ўз лашкари билан истиқомат қилаётган эдилар. Амавос ерларида вабо тарқалди. Вабо шу қадар кенг ёйилдики, лашкардаги ўттиз олти минг кишидан ўттиз мингтаси вафот этиб, олти мингтаси тирик қолди.

Бир куни мўминлар амири ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу халифа ўлароқ Шом ерларини зиёрат қилиш истагида йўлга чиқдилар. Буни хабарини эшитган Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуни вабо ҳақида огоҳлантириш истагида ўзлари пешвоз чиқадилар. Вабо хабарини эшитган ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Ортга қайтамиз”, деган буйруқни бердилар. Шунда Абу Убайда ибн Жарроҳ: “Эй амирул муминин, Аллоҳнинг тақдиридан қочасизми?”, дедилар. Умар розияллоҳу анҳу эса: “Ҳа, Аллоҳнинг тақдиридан Аллоҳнинг тақдирига қочаман”, дедилар...

Дарҳақиқат, карантин Аллоҳнинг тақдиридан қочиш эмас, балки Аллоҳнинг тақдирига итоат этишнинг айнан ўзидир. Карантин даврида кўчага чиқмасдан уйда ўтириш – айнан Аллоҳ таолонинг тақдирига итоат этиш ва рози бўлишдир, тақдирдан қочиш ёхуд қўрқоқлик эмас.

Кимдир: “Мен ҳозир карантинда касаллик юқиб қолишидан қўрқиб уйда ўтирсам, Аллоҳнинг тақдирига иймон келтирмаган бўламан, чунки касални ҳам Аллоҳнинг Ўзи юқтиради. Аллоҳ хоҳламаса, кўчада юрсам ҳам юқмайди”, деб ўйлаши мумкин. Аммо, бу фикрлар тўғри эмас, хатодир. Балки, аксини олиб, айнан карантинда уйда ўтириш, кўчага чиқмаслик, махсус ниқоб тақиш, антисептик воситалардан фойдаланиш – Аллоҳ таолонинг тақдирига итоат этиш ва эътиқод қилишдир. Нега дейсизми? Аллоҳ таоло “Ҳашр” сурасининг 7-оятида:

وَمَا آتَاكُمْ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا

“Пайғамбар сизга нимани берса, шуни олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар” деб марҳамат қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَامِرٍ، أَنَّ عُمَرَ خَرَجَ إِلَى الشَّأْمِ، فَلَمَّا كَانَ بِسَرْغَ، بَلَغَهُ أَنَّ الْوَبَاءَ قَدْ وَقَعَ بِالشَّأْمِ، فَأَخْبَرَهُ عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ عَوْفٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِذَا سَمِعْتُمْ بِهِ بِأَرْضٍ فَلَا تَقْدَمُوا عَلَيْهِ، وَإِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ وَأَنْتُمْ بِهَا فَلَا تَخْرُجُوا فِرَارًا مِنْهُ".

Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар розияллоҳу анҳу Шом томонга қараб йўлга чиқдилар. Сарғ номли жойга етганларида у зотга Шом ерига вабо тарқагани хабари келди. У зотга Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб айтганларини хабарини бердилар: “Агар бир ерда вабо чиққанини эшитсангиз, у ерга борманглар. Сизлар турган ерда вабо чиқса, ундан қочиб чиқманглар” (Имом Бухорий ривояти).

Шундай экан, карантин қоидаларига тўлиқ итоат этган ҳолда уйдан чиқмаслик, махсус ниқобларни тақиш, анисептик воситаларидан фойдаланиш – ҳам қонунан, ҳам шаръан вожиб амал.

Қолаверса, илоҳий ҳикматга кўра бу олам – сабабият олами. Бу оламда барча нарсалар сабабларга бўйсунади. Барча ишларнинг ортида сабаблар ётади. Бу Роббимиз Аллоҳ таолонинг ирода ва хоҳишидир. Албатта, Аллоҳ таоло истаган нарсасини сабабиятсиз ҳам қоим қилаверади. Аммо, бу дунёни сабабият олами қилиб яратди ва бизни сабабларга бўйсундириб қўйди ҳамда сабабларни ушлашга буюрди. Намоз ўқишимиз жаннатга киришимизга, ибодатларни мукаммал бажаришимиз Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлишимизга сабаб бўлади. Дуо қилсак, ижобатини оламиз. Дуо қилмасак, ижобатни қаердан оламиз? Бошқача қилиб айтганда сабабиятни қоим қилмасак, натижа бўлган дуо ижобати қандай ҳосил бўлади?

Шундай экан, карантин ҳамда ҳимоя воситаларидан фойдаланиш – коронавирусдан сақланишнинг сабабидир. Биз ана шу сабабни қоим қилишга буюрилганмиз. Айни дамда эса, зиммамиздаги вожиб амалдир.

Аллоҳ таоло барчамизни карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда, шариатимизнинг аҳкомларига ҳам итоат этишга муваффақ қилсин!

 

Бахтиёр НАЖМИДДИНОВ

Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус Ислом билим юрти “Ҳадис” фани мударриси

 

Read 2623 times

Мақолалар

Top