Мақолалар

Касбларнинг энг покизаси ва афзали

Баҳор зироат соҳиблари – деҳқонларнинг фаслидир. Деҳқончилик улуғ ва фазилатли амаллардан бири ҳисобланади. Муқаддас динимизда бу касб соҳибларига алоҳида эътибор берилади. Деҳқончилик қилиш билан инсон кўп фазилатларга эга бўлади.

Деҳқончилик Одам алайҳиссаломнинг суннатларидир. Пайғамбарлар тирикчилик учун касб-кор билан шуғулланишган. Одам алайҳиссалом ерни ҳайдаб, буғдой экканлар. Ерни суғориб, ҳосил етиштирганлар. Буғдой туйиб, хамир қориганлар. Деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланадиганлар учун Одам алайҳиссаломнинг сийратларида гўзал намуна бор.

Инсон дунёда меҳнат билан улуғ мартабаларга эришади. Ҳалол касб сабабли дунёда бахтли бўлади. Деҳқончилик ҳам улуғ касблардан ҳисобланади. Абул Ҳасан Мовардий “Дунё ва дин одоби” китобида: “Касбларнинг асл устуни уч нарсага боғлиқ. Улар зироат, тижорат ва саноатдир. Менимча, деҳқончилик касбларнинг энг покизаси ва афзалидир”, деган.

Мусулмон учун ҳалол луқма топиш учун сарфлаган вақти ибодат ҳисобланади. Демак, инсон деҳқончилик билан шуғулланса, улуғ ибодатни бажарган ҳисобланади. Чунки деҳқонни иссиқ кунларда ҳалол касб қилиш учун далада меҳнат қилиши улкан жасоратдир. Ҳалол ризқ талабида касб қилиши эса унинг азизлигини зиёда қилади.

Деҳқон олий сифатлар соҳибидир. Жумладан, унинг имони мустаҳкам, қалби доимо Аллоҳга боғланган ва Роббига таваккули кучли бўлади. Уруғни ерга экиб, қолганини Аллоҳга топширади. Мўътадил об-ҳаво, ёмғир ва ҳосилни баракали бўлишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилади.

Деҳқон Аллоҳ таоло уруғни қандай ундириб, ўстирётганига гувоҳ бўлади. Шунинг учун, Раббининг қудратини қалбидан ҳис қилади. Бу борада Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Сизлар экаётган зироатларингизни (ўйлаб) кўрдингизми?!. Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!” (Воқеа сураси, 63-64-оятлар).

Бошқа оятда бундай дейилади: “У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” (Анъом сураси, 141-оят).

Экин экиш савобли иш. Мўмин яхши ният билан кўчат экса улуғ ажр-савобга эга бўлади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси мусулмон экин экса, ундан ейилса унга садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир. Йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир. Қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса унинг учун садақа бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳадисдан кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғлик улуғ ва фазилатли касб экани маълум бўлади. Кўчат экмоқчи бўлган киши нафақат ўзини, балки, ён атрофдагилар, келажак авлодларни ҳам манфаатини ўйлаши керак. Бу амалнинг деҳқонга нафақат тириклигида, балки, вафотидан кейин ҳам манфаати етиб туради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини кўчат ўтқазиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳи анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Деҳқон умид билан ерга уруғ қадайди, баъзилар эса кўчат ўтқазишади. Униб чиққан уруғ ва барг ёзган ниҳол то қуриб қолгунча Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади. Буларни етиштирганлар ҳам айтилган тасбеҳнинг савобига эга бўлишади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот Унга тасбеҳ айтур. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан Унга тасбеҳ айтур. Лекин сизлар уларнинг тасбеҳларини англамайсиз. Дарҳақиқат, У ҳалим ва кечиримли зотдир” (Исро сураси, 44-оят).

Биринчи жумладаги “жонзот”дан мурод Ер ва осмондаги инсонлар, фаришталар, жинлар. Кейинги жумладаги тасбеҳ айтадиган нарсалардан мурод жонли ёки жонсиз нарсалар эканида ихтилоф бор. Дарахтлар, гиёҳлар, сув, таом, ҳайвонлар, қушлар ҳам “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи деб тасбеҳ айтар экан. Жонсиз нарсаларнинг гапириши ва тасбеҳ айтиши тўғрисида ҳадисларда айтилган.

Деҳқончилик билан шуғулланиб, ҳалол меҳнат қилган, ҳалол ризқ топган, ўзи ва бошқаларнинг манфаати учун кўчат ўтқазган инсон ажру мукофотга эришади.

Кўчат ўтқазиш нақадар улуғ иш. Буни дунёда қилинган солиҳ амал учун жаннатда мукофот сифатида бир дарахт экилишидан ҳам билиш мумкин. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи (Аллоҳ таолони барча айбу нуқсонлардан поклайман, ҳамд Унгагина хосдир)”, деса у учун жаннатда бир хурмо кўчати экилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Исро кечаси Иброҳим алайҳиссалом билан кўришдим. У менга: "Эй Муҳаммад соллаллҳу алайҳи ва саллам умматингга мендан салом йўлла. Уларга хабар бер: “Жаннатнинг тупроғи хушбўй, суви шириндир. У бир текислик бўлиб, унга кўчат ўтқазиш учун: “Субҳаналлоҳи вал ҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар (Аллоҳ таолони барча айбу нуқсондан поклайман, ҳамд Унгагина хосдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳ буюк Зотдир)”, дейиш керак”, деди” (Имом Термизий ривояти).

Одилжон МИРЗАЕВ,
Ёзёвон туманидаги “Баҳоуддин Нақшбанд” масжиди имом-хатиби

Read 2287 times

Мақолалар

Top