Мақолалар

 “Масжидун Набавий” ҳақида

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак масжидлари зиёрат учун бориладиган учта масжиддан биридир. Ушбу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозгоҳлари, минбар, равзайи шарифлари ҳамда тарихий устунлар жойлашган.

Ушбу масжидда ўқилган намоз минг ракъат намоздан афзалдир Икки Шайх ривоят қилгани каби: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу масжидимда ўқилган намоз Масжидул Ҳаромдан ташқари қолган масжидлардаги намоздан минг баробар афзалдир ” – дедилар.[1]

Масжидун Набавийга кирган кишига равзайи шарифда ёки масжид ичида икки ракъат намоз ўқиб олиши мустаҳабдир, ҳудди Икки Шайх Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилганидек: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирортангиз масжидга кирсангиз ўтиришидан олдин икки ракъат намоз ўқиб олсин” – дедилар.[2]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида масжид бино қилиш

Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келишларидан олдин Масжидун Набавий ўрнида намоз ўқирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида шу ўринда намоз ўқидилар ва у милодий 622/ ҳижрий 1 йил Роббиюл Аввал ойида масжид бино қилинди. Узунлиги 70 зиро [3], кенглиги 60 зиро яъни таҳминан 35м, 30м бўлган. Томи эса 5 зиродир. Унинг пойдевори тошлардан, деворлари хом ғиштдан қурилди. Устунлари хурмо танасидан, томи эса хурмо шохларидандир.

Масжид қурилишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобалар билан бирга ишладилар, тош вах хом ғиштларини ташидилар. Масжид учун учта эшик қилдилар.

Масжидун Набавийни кенгайтириш ва таъмирлаш ишлари:

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий 7-йил Ҳайбар ғазотидан қайтганларидан кейин, биринчи кенгайтириш бўлди: кенглиги 40 зиро (20м) га, узунлиги 30 зиро (10м) га кенгайтирилди. Масжид 100 х 100 зиро, 50 х 50 м бўлди. Шимолий томондан ҳозирги кунда масжиднинг улуғвор томи тугайдиган жойгача, ғарбий томонда минбардан бешта устун қўйилди. Яшил гумбазга “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари чегараси” деб ёзилган. Қибла томондан масжид биринчи чегараси устида қолди. Масжид пойдевори тошлардан, девори хом ғиштдан ва томи хурмо шохларидан бўлди. Томининг баландлиги 7 зиро бўлди.
  2. Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳижрий 17-йил (милодий 638-йил)да масжид ва иморатини кенгайтирдилар. Қибла томондан айвонгача зиёда қилдилар. Усмоний намозгоҳи ва Набавий намозгоҳини орасини кенгайтирдилар. Ғарб томондан иккита устун, бу таҳминан 20 зиро (10м) бўлади ва шимол томондан 30 зиро (15м) зиёда қилдилар. Шарқий томонини кенгайтирмадилар. Бу кенгайтириш сабабидан масжидни шимолдан жанубга қадар узунлиги 140 зиро (70м), кенглиги эса 120 зиро (60м) ва баландлиги 11 зиро бўлди. Умар розияллоҳу анҳу “Ас – салом” дарвозасини очдилар ва шарқий девор томонда аёллар эшигини очдилар. Майда тошларни масжидга тўшашни буюрдилар. Улар “Ақийқ” водийсидан олиб келинди ва масжидга тўшалди.
  3. Мўминлар амири Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу узоқ вақт халифалик қилдилар. Бу давр ичида Ислом давлати мислсиз равишда кенгайди. Турли халқлар Исломга кирди. Мусулмонлар сони ниҳоятда кўпайди. Саҳобаи киромлар ҳам турли юртларга тарқаб кетдилар. Ана шу даврлар ичида ҳазрати Усмон анчагина ишлар қилдилар. Бу ишларнинг кўпчилиги давр тақозоси ила юзага келган янгиликлар эди. Бу янгиликлар ичида Масжидун Набавийни янгитдан кенгайтириб қуриш ҳам бўлган. Ҳазрати Усмон Масжидун Набавийга кўплаб зиёдалар қилдилар. Аввало, уни анчагина кенг ва катта, қолаверса, қурилиш ускуналарини ҳам тамоман бошқача қилдилар. Хом ғишт ўрнига нақш солинган тош ва пишиқ ғишт ишлатдилар. Устунларини ҳам хурмо ёғочи ўрнига нақшиндор тошлардан, шифтини эса хурмо шохлари ўрнига Ҳиндистондан келтирилган саж ёғочларидан қилдирдилар. Қиблага айвон қўшдилар. Ғарб томондан айвон ва шимол томондан 10 зиро (5м) зиёда қилдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу бу ишларни милодий 649 -650 йилларда амалга оширганлар.
  4. Уммавий халифа Валид ибн Абдулмалик Мадинаи Мунаввара волийси Умар ибн Абдулазиз (роҳимаҳуллоҳ)га масжид иморатини кенгайтиришга буюрди. Ҳижрий 88-йил (милодий 707-йил) ва ҳижрий 91-йил (милодий 710-йил) оралиғида кенгайтирилди. Ғарб томондан икки устун зиёда қилди. Халифанинг амрига биноан, бу муборак масжидда биринчи болахоналар,4 та мезана(минора)лар ва деворнинг ичига кириб турадиган меҳроб қурилди. Ўша қурилишда оналаримизнинг ҳужралари ҳам масжидга қўшиб юборилди.  Шимол томонни ҳам кенгайтирди. Шарқ томондан учта устун зиёда қилдилар, бу таҳминан 30 зиро (15м) бўлади. Нақшли ғишт ишлатилди. 20 та эшик очилди. Томни икки қават қилдилар. Пастки том “Саж” дарахти ва шохлардан қилинган бўлиб, баландилиги 25 зиро (12,5 м) эди.
  5. Аббосий халифа Маҳдий ибн Абу Жаъфар ҳаж қилиш учун Маккага борди. Борганида Мадинаи Мунавварани зиёрат қилди. Масжидун Набавийни ҳам зиёрат қилди ва уни кенгайтиришга буюрди. Бу кенгайтиришга Абдуллоҳ ибн Осим ибн Умар ибн Абдулазизни бошлиқ қилиб тайинлади. Ҳижрий 161-165 (милодий 779 – 782) йиллар давомида фақат шимол томонини кенгайтирди ва баъзи қурилиш ишларини олиб борди.

Давоми бор...

Шайхонтоҳур тумани “Эшон 

Бобохон” жоме масжиди имом

ноиби Абдулаҳадов Абдулмўмин

 

 

 

[1] Sahihul Muslim, Haj kitobi. Makka va Madinada masjidimdagi namoz fazli. (15: 1390)

Sahihul Buxoriy. Makka va Madinadagi masjidda namozning fazli kitobi (20:1395)

[2] Sahihul Buxoriy. Namoz kitobi. Agar masjidga kirsangiz ikki rak’at namoz o’qing bobi, (8:444)

Sahihul Muslim. Musofirning namozi kitobi. Masjidga salom berish mustahab bobi (6:714)

[3] Ziro’ = 46,2 sm

Read 6102 times

Мақолалар

Top