Мақолалар

Дарахтлар жаннат неъматларидан нишонадир

Аллоҳ таоло мўминлар учун абадий мукофот бўлган жаннатни таърифлаганда  жудаям кўп ўринларда дарахтзорларни, боғу-роғларни, турли хил меваларни зикр қилган. Хусусан,  Роҳман, Воқеъа сураларида боғу бўстонлар, мевалар ва дарахтларнинг зикри жудаям кўп такрорланади. Масалан, Роҳман сурасида қуйидагича оятлар келади:  “У (ер)да мевалар ва гуокосали хурмолар бор. Ва сомонли донлар ҳамда райҳонлар бор”. (11-12-оятлар)   “У (жаннат)лар шох новдалидирлар”. (48-оят) “Икковларида мевалар, хурмо ва анорлар бордир” (68-оят)

Воқеа сурасида эса жаннат аҳлларини таърифлаб шундай дейди: “Улар тиконсиз сидрзорлардадирлар. Сермева бананзорлардадирлар. Ва ёйилган соялардадирлар” (28-29-30-оятлар)

Бунга ўхшаш дарахтлар, мевалар, ердан униб чиқадиган дон-дунлар ва экинлар ҳақидаги оятларни, улкан дарахтларнинг соялари ҳақидаги зикрларни жаннат таърифи келган жудаям кўп оятларда учратишимиз мумкин.

Бундан ташқари, ҳадисларда ҳам бу каби таърифлар ва башоратлар жудаям кўп учрайди. ҳаттоки Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Кимки: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Бу дунёда савобли амални қилган киши учун жаннатда бир дарахт экилиши беъжиз эмас албатта. Чунки, мевали дарахт неъматлар ичида энг эътиборли ва қадри баландларидан ҳисобланади.

Хулоса, қилиб айтадиган бўлсак, турли хил мевали дарахтлар, инсон учун керакли бўлган зироъатлар жаннат неъматларидан бир нишона ҳисобланади. Аллоҳ таоло бандалари жаннат неъматларини ҳис қилиб яшашлари учун улардан баъзиларини шу дунёнинг ўзида бизларга бериб қўйди. Демак, мусулмон киши бу нишоналарнинг қадрига етиши лозим. Уларни асраб авайлаш билан биргаликда, бу каби неъматларни кўпайтиришга ҳисса қўшмоғи лозим.

Шунинг учун ҳар баҳор фаслида киши ўз томорқасига турли хил экинлар экмоғи, ҳар хил мевали боғлар яратмоққа иштиёқманд бўлмоғи савобли ишлардан ҳисобланади. Инсонларга ҳалал бермайдиган жойлар, кўча ва сув бўйлари, эътибордан четда қолган қаровсиз ерларга ҳам меҳр бериб, улардан унумли фойдаланмоғи керак. Бу энг аввало, кишининг ҳалол ризқ топишига сабаб бўлади. Қолаверса, дарахтларнинг меваси ва соясидан баҳра олган инсонлар ва ҳайвонлар, экин тикинларнинг бир донасидан  тановул қилган қушлар, ҳаттоки ҳашоротлар учун ҳам киши садақа берганнинг ажрини олади. Садақаи жориянинг бир тури бу айнан экиб кетилган дарахдир. Чунки, битта дарах бир неча йиллар ва ҳаттоки бир неча асрлар яшашини ҳисобга олсак, бу имконият мўминлар учун айни муддаодир.

Унутманг! Қилинган ҳар бир яхши амалга мукофот бор. Зарра миқдорида бўлса ҳам қилинган садақа жаҳаннамдан парда бўлади. ҳар бир ҳўл жигар учун қилинган яхшиликка Аллоҳ таолонинг розилиги бор.

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби:      Исломов Ёрбек

 

 

Read 3644 times

Мақолалар

Top