Мақолалар

Ойлар султони ташриф буюрмоқда

Диёримизга ойларнинг султони, меҳр-шафқат саховат рамзи бўлган, Қуръони карим нозил бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал раҳмат мағфират ойи саналмиш муборак моҳи Рамазон ташриф буюриб келмоқда. 

Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи санасида фарз қилинган. Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган:

“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таъоло бандаларни тақвога яъни бу ойда инсон ўзини ҳар-ҳил ёмон гап айтишлик, ғийбат қилишлик ва ҳурофотга берилмасликка, барча амалларни Аллоҳ йўлида адо этмоқликка чорлайди.

Рамазон ойида бойлар ҳам камбағаллар бирдек очлик ва чанқоқликни ҳис қиладилар ва бу ер юзида саҳоватпеша инсонларни кўпайишига сабаб бўлади.

Шу ўринда  Ҳозирги кунда юртимизда кечаётган COVID-19 коронавирус пандимеяси даврида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг “Коронавирус (COVID-19) инфекциясининг тарқалишини олдини олиш бўйича ФАТВОСИ” эълон қилинди. Фатвода юртимизда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жамоавий намозлар вақтинча тўхтатилиб, мусулмонларимизга намозларни уйларида адо этишлари лозим эканлиги ва Ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари” орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказишлари айтилди.

Рамазон ойида Қуръони каримни бошидан охиригача ўқиб хатм қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидандир. Муборак Рамазон ойида мўмин мусулмонларимизнинг руҳини кўтариш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари онлайн тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилади.

Ҳозирги кунда ҳар биримиз аҳил бўлиб, жипслашиб, бир-биримизга меҳр оқибат, меҳр мурувват билан сийлаи раҳм қилмоқлик билан ҳаёт кечириб, Аллоҳ таолодан тез кунларда беморларимизга шифои комил бериб, дунё халқлари, жумладан юртимиздан бу касалликни кўтаришини сўраб солиҳ амалларни бажариш насиб қилсин!

 

Тошкент шаҳар Олмазор тумани

Имом Бухорий жомеъ масжиди имом ҳатиби

Садриддин Абдурашидов

 

 

Read 2600 times

Мақолалар

Top