Мақолалар

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли зот (1-қисм)

Ўч олишга қодир бўла туриб кечириб юбориш фазилати худди бир кўзгу бўлиб, у ўзида нафснинг энг гўзал кўринишлари ва энг олий мақсадларини акс эттириб туради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ

Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!  (Аъроф, 199).

Барчамиз сийрат китобларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккаи мукаррамага фатҳ қилган, зафар қучган ҳолларида кириб келганларида Макка аҳли, Тоиф аҳли ва у зотга нисбатан фитна қилган зодагонлар, ёмонлик қилган бошлиқларга қандай муомалада бўлганларини ўқиганмиз. Ўшанда У зотнинг афвлари, кечиримлик сифатлари бутун ўлкаларни, ер юзида бузғунчилик қилган, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга азият берган, зулм қилган Макка зодагонларию бошлиқларини қамраб олган эди. Қуйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг беназир кечиримликларидан баъзи намуналарини санаб ўтамиз:   

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага кирганларида Икрима ибн Абу Жаҳл, Сафвон ибн Умайя, Суҳайл ибн Амр ва бир қанча кишилар у зотга бўйсунишдан бош тортиб, уруш қилишди. Мағлуб бўлиб, қочиб кетишди. Сўнг у зотдан омонлик беришларини сўраб элчи юборишди. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга омонлик бердилар, қилган ишларини кечириб юбордилар, ҳатто қалбларини улфат қилиш мақсадида, Ҳавозин ғазотидан тушган ўлжалардан тақсимлаб бердилар.
  2. Отаси ҳам ўзи ҳам душман бўлган Сафвон ибн Умайяни мисол тариқасида эслаб ўтайлик. У Яманга денгиз орқали ўтиш учун Жидда томон қочиб кетди. Шунда Умайр ибн Ваҳб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб:
  • Ё Набийюллоҳ, ўз қавмининг саййиди бўлган Сафвон ибн Умайя ўзини денгизга ташлаш мақсадида сиздан қочиб кетди. Унга омонлик берасизми, - деди.
  • Майли, у омонда, - дедилар.
  • Ё Расулуллоҳ, Сафвонга омонлик берганингизни билиб олиши учун унга бирор белги беринг, деди.

Расулуллоҳ Маккага кириб келганларида кийган саллаларини бердилар. Умайр уни олиб, йўлга отланди, Сафвон энди денгизни сузиб ўтмоқчи бўлганида, Умайр етиб келиб:

  • Эй, Сафвон ота-онам сенга фидо бўлсин! Ўзингни ҳалок қилишдан Аллоҳдан қўрқ. Мана Расулуллоҳ томонидан берилган омонлик белгиси, уни сенга олиб келдим, - деди.
  • Ҳозир қайтиб борсам жонимга бирор нарса бўлишидан қўрқаман, - деди.
  • Расулуллоҳ сен ўйлаганингдан кўра ҳалимроқ ва меҳрибонроқ, - деб Сафвонни орқага қайтарди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келганида, Сафвон:
  • Мана бу (ишора Умайр ибн Ваҳбга) айтишича, сиз менга омонлик берган экансиз, - деди. У зот алайҳиссалом:
  • Тўғри, - дедилар. Шунда у:
  • Ундай бўлса, бу борада (исломни қабул қилиш қилмасликда) ихтиёр этишимга икки ой муҳлат беринг, - деди.  Шунда У зот:
  • Ихтиёр этишингга тўрт ой рухсат, - дедилар.
  1. Абу Суфён ибн Ҳорис фатҳдан бироз олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди. У илгари У зотга азият беришда жуда пешқадамлардан бири эди. Абу Суфён Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига киришга изн сўраганида, У зот: “Менинг унга ҳожатим йўқ, менинг у билан ишим йўқ, у мени обрўсизлантирган эди”, дедилар. Ўшанда Абу Суфён ўз ўғли билан бирга эди. Бу гапларни эшитган Абу Суфён: “Аллоҳга қасамки, ё менга киришимга изн берадилар ё мана бу ўғлимнинг қўлидан ушлаб то чанқоқлик ва очликдан ўлгунимизча юрамиз”, деб қасам ичди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу гаплар айтилганида, унга нисбатан қалблари юмшаб киришига изн бердилар. Ҳузурларига кирганида уни кечирдилар. Шунда Абу Суфён қуйидаги шеърни айтди:

Умрингизга қасамки, Лотнинг оти Муҳаммаднинг отидан ғолиб келиши учун байроқ кўтарган куним,

Зулматли кечада ҳайрон бўлиб, йўлга чиққан кишидек эдим.

Мана энди тўғри йўлга йўлланиб ҳидоятни топган вақтларим келди.

  1. Маккада Расулуллоҳ Байтуллоҳни тавоф қилиб турганларида Фазола ибн Умайр у зотни қатл қилиш истагида яқинлашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
  • Фазола сенмисан? – дедилар. У:
  • Ҳа, Фазоламан, ё Расулуллоҳ, - деди.
  • Ичингда нималарни тугиб қўйган эдинг? – дедилар.
  • Ҳеч нимани, ўзим Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилаётган эдим, - деди. Расулуллоҳ кулдилар ва:
  • Аллоҳ таолога истиғфор айт! – деб, қўлларини унинг кўксига қўйдилар. Шу заҳоти унинг қалби тинчланди. Фазола розияллоҳу анҳунинг ўзи бу ҳақда шундай деган: “Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўксимдан олишлари билан дунёда мен учун у зот энг севимли инсонга айландилар”.
  1. Фатҳдан кейин ҳамма инсонлар ўзларига келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба эшиги олдига туриб: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу, содақо ваъдаҳ, насоро ъабдаҳ, ва ҳазамал-аҳзааба ваҳдаҳ (маъноси: Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқ, У Зот ваъдасини бажарди, бандасига ёрдам берди, душманларнинг устидан Ўзи ғолиб келди). Огоҳ бўлинглар! Жоҳилият аҳлининг барча одатларию даъво қилинадиган қону моллари мана бу икки қадамим остида қолди (яъни, бекор қилинди). Фақат Байтуллоҳнинг хизмат ишлари ва ҳожиларни суғориш ишлари бундан мустасно. Эй, Қурайш жамоаси, дарҳақиқат Аллоҳ таоло сизлардан жоҳилият димоғдорлигини, ота-боболари билан фахрланиш одатини кетказди. Барча инсонлар Одам алайҳиссаломдан. Одам эса тупроқдан”, деб қуйидаги оятни ўқидилар:

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир. (Ҳужурот, 13).

Сўнг яна:

  • Эй, Қурайш жамоаси, сизлар ҳақингизда қандай ҳукм чиқараман, деб ўйлайсизлар, - дедилар. Қурайш қавми:
  • Яхшилик қиласан, сен олийжаноб кишининг ўғли бўлган олийжаноб кишисан, - дейишди. У зот:
  • Кетаверинглар, сизлар озодсизлар, - дедилар.

Мана Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тош отиб ҳайдаб юборишган Тоифдаги  Сақиф қабиласининг барчаси У зотнинг ҳузурида турибди. Фатҳ куни Расулуллоҳ уларга нисбатан нима қилдилар, деб ўйлайсиз? Ҳолбуки, улар орасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломни Тоифдан хайдаб чиқарган Абдулуайл ибн Амр ибн Умайр каби кишилар ҳам бор эди.

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ БАРЧАЛАРИНИ КЕЧИРИБ ЮБОРДИЛАР.

Ғиёсиддин Баратов,

"Кўкалдош" ўртамахсус ислом билим юрти мударриси

 

Read 4719 times

Мақолалар

Top