Мақолалар

Буюк миллат буюклигича қолади

Хотира – муқаддас, қадр – абадий

Барчамиз тинч-тотув умргузаронлик қилишни, қўни-қўшнилар билан аҳил-иноқ яшашни, фарзандларимизни осуда ҳаёт қучоғида тарбиялаб вояга етказишни, уларнинг роҳат-фароғатини кўришни орзу қиламиз. Аммо бу орзуга биргина ният билан эришиб бўлмаслигини сўнгги икки-уч ойда бутун дунёни коронавирус офати қамраб олганда яна бир бор теран ҳис қилдик.

Мамлакатимизда 1999 йилдан буён ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланаётгани ғалабага муносиб ҳисса қўшган ота-боболаримизни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, урушда тинчлик учун жон фидо этган ҳамюртларимиз хотирасини муқаддас билишда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу кун ўтганлар хотирланадиган, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ёдга олинадиган, дориламон кунларга етиб, қарилик гаштини сураётган қариялар қадрланадиган кунга айланди.

Жорий йилнинг 30 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра, шу йил фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаймиз.

Инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғинбарот урушда 1,5 миллион нафар ўзбекистонлик фуқаро фронт­га кетиб, жангларда бевосита иштирок этгани, уларнинг ярим миллиони жанггоҳлардан қайтмагани, яна қанчалаб инсонлар майиб-мажруҳ, ногирон бўлиб келгани, минглаб аёллар бева, болалар етимга айланганини эсласак ҳали ҳам даҳшатга тушамиз.

Фронт ортида қолган юрт­дошларимиз эса, тунларни кунларга улаб, оч-наҳор бўлса-да, ўта оғир, заҳматли меҳнати билан ғалабага, тинчликка салмоқли улуш қўшди. Халқимизга хос бағрикенглик, меҳр-оқибат, саховат, эзгулик сингари юксак инсоний хислатлар уруш йилларида яна бир бор яққол намоён бўлди.

Бугун ҳар биримиз тинчлигимизни сақлаш, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашда жонини тиккан азиз инсонлар олдида қарздормиз. Ҳар доим уларга эҳтиром кўрсатиш динимиз амридир. Аслида, кексаларни эъзозлашни ўзини мусулмон санаган киши борки, шафар билан адо этади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғлиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кексайганида ҳурмат қилинадиган инсонлар қаторига қўяди”, (Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Кичикларга раҳм-шафқатда, катталарга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Луқмони Ҳакимдан: “Нега ҳадеб ўғлингизга насиҳат қилаверасиз?” деб сўрашди. У: “Кексаларнинг насиҳатлари ёшлар учун боғбон ниҳолни парвариш қилгани кабидир”, деб жавоб берди.

Дарҳақиқат, шундай. Бугун хонадонларимиз тўрини кексаларимизсиз тасаввур қилиш қийин. Уларсиз уйларимиздан файз-барака кўтарилади, гўё. Шу боис фақат 9 май арафасида эмас, йил бўйиа кексаларимизнинг дуоларини олишга шоишилишимиз керак. Чунончи, уларнинг дуолари билан Ватанимиз тинч, халқимиз турмуши фаровон.

Ота-боболаримизни эъзозлаш, Ватан учун жонини фидо қилган азиз инсонларнинг руҳи покларини шод этиш эзгу амаллардан. Зеро, улар орзу қилган ҳур замонлар биз авлодларга насиб этди.

Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, барқарорлик ва фаровонлик, эркинлик халқимизнинг ўз орзу-интилишларини рўёбга чиқаришларида муҳим омил бўлмоқда. Буни мамлакатимизнинг ҳар бир соҳада эришаётган юксак натижалари, аҳоли турмуш тарзининг юксалиб бораётгани, фарзандларимизнинг турли йўналишларда қўлга киритаётган ютуқ ва марралари мисолида яққол кўриш мумкин.

Тинчлик, то­тувлик, аҳил-иноқлик бор экан, бу улуғ неъмат йил­лар ўтгани сари яна­да навқирон­ликка, етук ва баркамолликка юз тути­ши, юртимизда жа­ҳон­нинг ривожланган мамлакат­ла­ри­даги юк­сак турмуш тарзидан асло кам бўл­маган ҳаёт тарзи, завқли умргуза­ронлик қарор топиши шубҳасиз.

 

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Read 2125 times

Мақолалар

Top