Мақолалар

Ибратли ҳаёт

Одамлар табиатан кимгадир ҳавас билан қарайди, унга ўхшагиси келади. Айниқса, ёшлар болалик давриданоқ ўзлари учун кимнидир намуна қилиб оладилар. Юришда, туришда ҳатто кийинишда ҳам унга тақлид қилишга интилади. Баъзи кишилар эса ўзлари ҳавас қиладиган кишиларнинг ҳаёт йўлини ўрганиш учун кўп вақтларини сарфлайдилар.

Биз мўмин-мусулмонлар эса тақлид борасида энг гўзал ҳаёт, илоҳий йўл бўлган Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг сийрати шарифларидан намуна оламиз. Чунки бу ҳаёт инсонларни камолотга, бахту саодатга, икки дунё роҳату фароғатига етаклайдиган ҳидоят манбаидир.

Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримда бундай хабар берган «Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Росулуллоҳда гўзал ўрнак бордир» (Аҳзоб, 26).

Дарҳақиқат, маҳбуб Пайғамбаримизнинг ҳаётлари бизлар учун энг ажойиб намунадир. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётларига эътибор берсак, умрларининг аввалидан охирига қадар хар бир кишининг бошига тушиши мумкин бўлган ҳаётий вокеъликларни кўрамиз.

Болалик даврлариданоқ ота-онадан етим колишлари, арзимас ҳақ эвазига одамларнинг қўйларини боқишлари, тижоратдаги ҳалолликларию жамиятдаги тутган мавқифлари ҳамма-ҳаммаси бизлар учун ибрат мактабидир.

Айниқса, у кишининг хулқ-атворлари, бошқалар билан ўзаро муносабатлари таҳсинга сазовордир. Ёшликларида кўпгина қийинчиликларни бошдан ўтказсаларда, ушбу қийин вазиятлардан ҳийлакорлик ёки ёлғончилик билан ўтиб кетишга ҳаракат қилмадилар. Балки, ҳар бир сўз ва амалда ростгўйлик ва адолат йўлидан бордилар. Ҳаттоки, душманлар ҳам у зотни амин (яъни, ишончли), дея ҳурмат қилишарди. Оилавий ҳаётда, қўни-қўшничилик муносабатларида, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат қилиш борасида, борингки одамийликнинг ҳар бир кўринишида бизларга улкан намуна бўлдилар.

Зеро, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам)ни мақтаб Қуръонда бундай марҳамат қилган: «Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз» (Қалам, 4).

Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта мен яхши хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман”, деб айтганлар.

Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётларини ўрганган ҳар бир киши, ким бўлишидан қатъи назар, албатта, ҳавас билан ёд этади. Немис файласуфи ва шоири Ёханн Волъфганг Гёте ўз сўзид­а Пайғамбаримизни бундай эътироф этган: “Биз Европаликлар ўзимизни энг маъданиятли халқлар десакда, лекин Муҳаммад Пайғамбар энг юқорисигача кўтарилган маданият зинапояларининг ҳали биринчи зинасига ҳам кўтарила олганимиз йўқ”.

Шундай экан, фарзандларимизни маҳбуб Пайғамбаримизнинг ҳаёт йўлларини, сийратларини ўқиб-ўрганишга ва шу асосда ҳаётий йўлларини олиб боришга ундайлик.


 

 Кўнглимдагин айтай сизга қулоқ солинг,

 Ақл билан зеҳн билан англаб олинг,

 Чин умматлик даъвосида содиқ қолинг,

 Расулуллоҳ ҳаётида ибрат бордир.

 Бу ҳаётга интилганга толеъ ёрдир.

 

Етимликнинг аччиқлигин тотганларга,

Ота-она меҳрини зор кутганларга,

Сабр бирла ёруғ кунга етганларга,

Расулуллоҳ ҳаётида ибрат бордир.

Бу ҳаётга интилганга толеъ ёрдир

 

 Илм истаб Руму – Хитой борганларга,

 Ҳақиқатни билмай хаёл сурганларга,

 Тўғри йўлни топарман деб юрганларга,

 Расулуллоҳ ҳаётида ибрат бордир.

 Бу ҳаётга интилганга толеъ ёрдир.

 

Хақни истаб тариқатга кирганларга,

Тақводорлик зоҳир этар кўрганларга,

Кибр билан ўзин зўр деб билганларга.

Расулуллоҳ ҳаётида ибрат бордир.

Бу ҳаётга интилганга толеъ ёрдир.

 

 Эр йигитлар, маҳкам тутар суннат йўлин,

 Хушхулқ ила хурсанд этар ўнгу-сўлин,

 Бундай йўлдан адашишлик унга ўлим,

 Расулуллоҳ ҳаётида ибрат бордир.

 Бу ҳаётга интилганга толеъ ёрдир.

 

 Ҳақ доимо ҳақлигида собит турар,

 Билмаганлар гоҳ тентираб сарсон юрар,

 Оқил киши ўз йўлини ўзи қурар,

 Расулуллоҳ ҳаётида ибрат бордир.

 Бу ҳаётга интилганга толеъ ёрдир.

 

Улкан мерос қолдирдилар ул Зот бизга,

Одоб – ахлоқ намунаси ўғил қизга,

Аллоҳ учун илинганим шудир сизга,

Расулуллоҳ ҳаётида ибрат бордир.

Бу ҳаётга интилганга толеъ ёрдир.

 

 

 

 

Х.Чоршанбиев,

Қизириқ тумани “ Такия ота” жоме

масжиди имом-хатиби

Read 5180 times

Мақолалар

Top