Мақолалар

Етти тоифадаги жаннатий кишилар

عن ابى هريرة رضى الله عنه عن النبى صلى الله عليه وسلم قال "سبعة يظلهم الله فى ظله يوم لاظل الا ظله : الامام العادل و شاب نشاء فى عبادة ربه, و رجل قلبه معلق فى المساجد, و رجلان تحابا فى الله اجتمعا عليه و تفرقا عليه و رجلطلبته ذات منصب و جمال فقال انى اخاف الله, و رجل تصدق اخفى حتى لاتعلم شماله ما تنفق يمينه و رجل ذكرالله خاليا فعاضت عيناه" (متفق عليه

Маъноси: Етти нафар кишини Аллоҳ таоло қиёмот куни ўз Аршининг  соясидан бошқа соя бўлмаган кунда соя тагига олади. Булар: 1. Одил Имом; 2. Аллоҳнинг ибодати билан машғул бўлган йигит; 3. Қалби масжидга доимо боғланган киши; 4. Аллоҳ учун дўстлашган кишилар. Улар Аллоҳ йўлида дўстлашиб, Аллоҳ учун ажраладилар; 5. Гўзал ва аслзода хотин зинога чақирганда мен Аллоҳдан қўрқаман деб бормаган киши; 6. Садақасини махфий қилиб берган киши, садақани шу даражада махфий қилганки, ҳатто ўнг қўли билан берган садақасини чап қўли билмайди; 7. Ҳеч ким йўқ, холи жойда Аллоҳни эслаб кўз ёш тўккан киши”.  Бу ҳадисни Имом Бухорий ва Муслим Саҳиҳ китобларида ривоят қилишган.

Қуйида бу етти нафар шахсларни ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтамиз. Уларнинг биринчиси Одил Имомдир. Яъни одил рахбар ё бошлиқ. Унинг биринчи ўринга қўйилишини сабаби дунё ҳаётининг яхши бориши, фуқароларнинг яхши яшаши жамиятнинг покиза бўлиши – уларнинг адолатига боғлиқ. Зеро хабарда шундай марҳамат қилинади:

"قوام الدنيا باربعة اشياء اولها بعلم العلماء و الثانى بعدل الامراء و الثالث بسخاوة الاغنياء و الرابع بدعاء الفقراء".

“Дунёнинг асоси тўрт нарсага боғлиқ: 1 – Олимларнинг илмига; 2 – Амирларнинг адолатига; 3 – Бойларнинг сахийлигига; 4 – Камбағалларнинг дуосига”.

Амирларни (рахбарларни) энг аъло хулқи адолатдир. Шунинг учун ҳам қиёмат кунида амирлардан энг аввал адолатидан сўралади. Бу хусусда шундай дейилади:   "اول ما يحاسب الامراء العدل" Яъни: “Амирлар биринчи бўлиб адолатдан хисоб-китоб қилинадилар”.

Қуръони каримда марҳамат қилинади:  "ان الله يامر بالعدل و الاحسان..." “Аллоҳ таоло сизларни адолатга ва яхшилик қилишга буюради” (Наҳл сураси – 90 оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг ушбу ҳадиси шарифлари ҳам шунга далолат қилади:

"عدل ساعة خير من عبادة ستين سنة قام ليلها و صام نهارها"   “Бир соат қилинган адолат 60 йиллик кечалари билан намоз ўқиб ва кундузлари билан рўза тутиб қилинган ибодатдан афзалдур”.  Ушбу сатрларни ўқиган ўқувчида адолат амирларга керак экан, бизлар бу тўғрисида шунча гапни сўзлашимизни нима кераги бор деган фикр келиши мумкин. Бунга жавобан айтамизки: йўқ, азиз ўқувчи бу нарса жуда керак. Чунки Расулуллоҳ с.а.в.нинг: "كلكم راع و كلكم مسئول عن رعيته"  “Сизлар ҳар бирингиз ўз қўл остларингиздагиларга раҳбардурсизлар ва улар учун жавобгардурсизлар” – деган ҳадисларига биноан ҳар биримиз амирдурмиз ва адолат қилишга маъмурдирмиз. Демак, ҳар бир мусулмон киши адолатни ўз оиласидан бошлаши керак.

Масалан, оиладаги адолат аёл ва фарзандларга Аллоҳни танитиб уларга шариат аҳкомларини ўргатиш билан қарор топади. Аллоҳ таолони амр этади: "يا ايها الذين امنوا قوا انفسكم و اهليكم نارا" “Эй мўъминлар! Ўзларингни ва оила аъзоларингни дўззах ўтидан сақланглар” (Тахрим сураси – 6 оят).

Аршнинг соясидан жой оладиган иккинчи тоифа ёш бўла туриб ибодатга машғул бўлганлардир. У шунинг учун ҳам иккинчи ўринда турадики, доимо Аллоҳ таолога мунажотда бўлади. Ёшлик ўн саккиздан ўттиз учгача бўлган даврни ўз ичига олади ва у инсон учун энг улуғ неъмат ҳисобланади. Шунинг учун Аллоҳ таоло қиёматда ёшлик тўғрисида алоҳида ҳисоб-китоб қилади. Бу ҳисобни енгил бўлишини хоҳлаган ҳар бир инсон ўз ёшлигини ғанимат билиб, яхши ишларни, тоат ибодатларни қилишга машғул бўлиб қарилиги ва охирати учун тайёргарлик кўриш керак. Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар:

"ان الله يبغض الشاب الفارغ" “Аллоҳ таоло бекорчи ёш йигитдан ғазабланади”. Бу ҳадисдаги бекорчиликка дунёвий иш билан машғул бўлмаслик ҳам кирсада, асли мақсад Аллоҳга ибодат қилишдан бекор бўлишидур. Аммо ёш киши Аллоҳга ибодат қилиш билан машғул бўлса, уни ажрига тенг келадиган ҳеч бир савоб йўқ. Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар: "انا حبيب الله و الشاب التائب حبيب الله" “Мен ва ёш бўлиб тавба қилган киши Аллоҳнинг дўстимиз”.

Ёшликдаги озгина ибодат қариганда қилинадиган кўп риёзатлардан афзалдур. Чунки, бу пайтда ибодатга тўсиқ жуда кўп бўлади. Бир томондан нафс, яна бир томондан шаҳват ва ҳоказолар. Шунингдек  ёшлик пайтда нима қиламан деса қўлидан келади. Кимки шунча тўсиқларни енгса ва кучини ибодатга сарф қилса, албатта уни иши мақтовга сасовордир ва гўё у жангда жасорат кўрсатган кишидек обрўга эга бўлади. Қариганда қилинган ибодат бундай даражага етмайди. Чунки бу пайтда қўлидан ёмонликлар келмайди. Нафс – шаҳват йўқолади ва гўё ноилож ибодатга машғул бўлгандай бўлиб қолади.

Аршнинг соясидан ўрин оладиган учинчи тоифа – қалби масжидга боғлиқ бўлган кишидир. Яъни, беш вақт намозни жамоат билан ўқиб доимо хаёлида масжид бўлган мўминдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "انما يعمر مساجد الله من آمن بالله و اليوم الاخر و اقام الصلوة"  (Тавба сураси – 8 оят). “Аллоҳни масжидларини фақатгина Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонган ва намоз ўқиган кишилар обод қилишади”. Аллоҳ таоло Мерож кечасида Расулуллоҳга марҳамат қилди: "يا محمد ابشر المشائين فى ظلم الليل الى المساجد بالجنة" “Эй Муҳаммад! Қоронғу кечаларда жамоат намозига борай деб чиқганларга жаннат башоратини беринг”.

Расулуллоҳ с.а.в.нинг ўзлари шундай марҳамат қиладилар:

"من اصبح و قلبه معلق بالمسجد فكانما احيى ليلة القدر" яъни: “Кимки тонгни қалби масжидга боғлиқ ҳолда қаршиласа, гўё “Лайлатул қадр” кечасини топгандай бўлади”. Масжидга қатнашни савобини бу даражада улуғлигини сабаби инсон ҳаётида жамият ўрнинг жуда катталигидандир. Инсон жамиятсиз камолатга эриша олмайди. Чунки, яхши фазилатлар ва комил сифатлар инсонга жамият орқали ҳосил бўлади. Жамият эса бирликдан ҳосил бўлади. Масжидга йиғилиб ибодат қилишга буюрилганлиги худди шу бирликни юзага келтириш учундир. Бунинг натижасида мустаҳкам бирлик юзага келади ва бузилмас жамият барпо бўлади.

Аршнинг соясидан жой оладиган тўртинчи тоифа киши Аллоҳ учун дўст бўлиб, Аллоҳ учун ажрайдиган кишилардур. Бир киши иккинчи бир киши билан дўст бўлади, у киши Аллоҳни амридан чиқса, ундан Аллоҳ учун ажрайди. Бу сифат ибодатларнинг энг улуғларидан бири бўлиб ҳисобланади. Дарҳақиқат, бу сифат кишини ҳақиқий Аллоҳга ишонганлигини белгилайдиган мезондур. Чунки, у нафақат ўзи Аллоҳга ишонибгина қолмай, балки Аллоҳга ишонганларни шу сифатлари учун дўст тутади. Уларнинг моли, обрўси, мартаба ва насабларини эса ҳеч эътиборга олмайди. Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар: "ما اخذ عبد اخا فى الله الا احدث الله درجة فى الجنة" “Аллоҳ йўлида биродар бўлган банданинг Ҳақ таоло жаннатда даражасини юқори қилади”. Демак, Аллоҳнинг амрида юрган кишини фисабилиллаҳ дўст тутиши мўмин кишининг муҳим сифатларидан биридир. Худди шундай Аллоҳнинг амрида юрмаган, кофир, мунофиқ, бидъатчи ва фосиқларни Аллоҳ учун душман тутиш ҳам мўмин киши учун зарурий сифат бўлади. Зеро, Расулуллоҳ с.а.в.: "عليكم بالحب فى الله و البغض فى الله" “Аллоҳ учун дўст бўлинглар ва Аллоҳ учун (гуноҳкорларга) душман бўлинглар”, деганлар.

Аршнинг соясидан жой оладиган бешинчи тоифа бу – гўзал ва обрўли аёл зинога таклиф қилганида, худодан қўрқаман деб бу ишдан бош тортган кишидир. Дарҳақиқат, мўмин, мусулмон учун энг улуғ ишлардан бири ўзини зинодан сақлашдир. Ҳар ким ўзини зинодан сақласа у дўзах ўтидан нажот топади. Чунки у жуда оғир гуноҳ ҳисобланади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) шундай марҳамат қиладилар:"مامن ذنب اعظم عند الله من نطفة يضعها الرجل فى رحم لا يحل له" “Аллоҳ ҳузурида, киши ўзига ҳалол бўлмаган аёлга яқинлик қилишидан ортиқ гуноҳ йўқ”. Мусулмон киши зинога яқинлашмаслиги керак. Чунки зинонинг касофати ва азоби нафақат у дунёдагина бўлмай, балки бу дунёда ҳам талайгинадур. Бу ҳақда ҳадисларда ворид бўлган. Унга кўра, зино қилувчи кишига 6 та ёмон хислат ҳосил бўлади. Уни учтаси бу дунёда, учтаси эса у дунёда бўлади. Бу дунёдагиларини биринчиси: юзидан нур кетади, иккинчиси: ризқи камаяди, учинчиси умрининг баракаси бўлмайди. У дунёдагилари эса биринчиси: Аллоҳнинг ғазабига учрайди, иккинчиси: ҳисоб китоб қаттиқ бўлади, учинчиси: қаттиқ азобга гирифтор бўлади.

Яна шуни айтиш зарурки, зино фақатгина бир йўл билангина бўлмай, балки ҳар бир аъзони ўз зиноси бор: масалан: қўлнинг зиноси ҳаром нарсани ушлаш, оёқни зиноси шариатда ман қилинган жойларга бориш, қулоқнинг зиноси ҳаром қилинган нарсаларни эшитиш, кўзнинг зиноси ман қилинган нарсаларга қараш ва ҳакозодур. Демак, ўзини мўмин-мусулмон санаган ҳар бир киши мана шу зиноларни барчасидан сақланиши керак. Бу нарсаларни зино деб аталишининг сабаби, улар ҳақиқий зинога олиб борувчи нарсалардур. Чунки, зино қилиш учун аввал номаҳрамга қаралади, сўнг кўнгил кетиб унга гап отилади ва шу тариқа секин-секин ҳақиқий зинога ўтилади. Зино қилишни шариати исломияда қаттиқ қораланганлигини сабаби, у бутун инсоният наслини бузилишига сабаб бўлишидир. Насл бузилса, жамият бузилса инсоният ҳалокатга дучор бўлади.

Аршнинг соясидан жой оладиган олтинчи киши садақани махфий ҳолда берган кишидир. Ҳақиқатда, садақа бериш мўмин кишини яхши хислатларидан бири хисобланади. Садақа маҳфий ҳолда бўлса, унинг савоби фақатгина жаннатдир. бўлур. Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар:

"من تصدق بصدقة بالخفاء كانت له امانا من النار" “Ким яширин садақа қилса у дўззахдан омонда бўлади”. Яна бир ҳадиси шарифда айтиладики:

"صدقة السر تطفئ غضب ربّ" “Яширин берилган садақа Аллоҳнинг ғазабини туширади”. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам бир қанча оятлар мавжуд:

Жумладан:"ان تبدوا الصدقات فنعما هى و ان تخفوها و توءتوها الفقراء فهو خيرلكم" “Агар садақани очиқ берсаларинг бу ҳам яхши, лекин яширин ҳолда камбағалларга берсаларинг бу ундан ҳам яхшироқдур”.

Ушбу ва шу каби оятлардан маълум бўладики садақани очиқ ҳам яширин ҳам берса бўлади. Кўпчилик уламоларнинг фикрича закот, ушр ва садақаи фитрларни каби вожиб садақаларни очиқ берган, қолган нафл садақаларни эса яширин берган афзалдур.

Аршнинг соясидан жой оладиган еттинчи тоифа киши ҳеч ким йўқ бўлган, холи жойда Аллоҳни эслаб йиғлаган кишидир. Зеро, Аллоҳнинг зикри мўминлар учун энг улуғ ибодатлардандир. Агар у одамлардан холи бўлса, риёсиз бўлиб, ҳеч шаксиз қабулга бўлишга яқиндир. Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар:"طوبى لمن تحرك لسانه بذكر الله و فاضت عيناه بشوق الله" “Тили Аллоҳнинг зикрини айтиб, кўзи Аллоҳга бўлган шавқ туфайли ёш тўккан кишига жаннат башоратини бер”.

Аммо, тили билан зикр айтиб, дили ғофил одамнинг ҳолига вой.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

"فاذكرونى اذكركم واشكروالى و لا تكفرون" “Мени эсланглар мен ҳам сизларни эслайман ва менга шукр қилинглар, куфр келтирманглар”.

Мана Аршнинг соясидан жой оладиган етти тоифа кишилар ҳақида қисқача бўлса ҳам бирма-бир тўхталиб ўтдик. Қиссадан ҳисса шуки, бу етти хислат ҳақиқий, комил мўмин бандаларнинг ҳар бирида мужассам бўлиши зарур бўлган сифатлардир. Аллоҳ таоло барчаларимизга шундай сифатларда бўлишимизни насиб этсин. Амин!

Ҳабибуллоҳ Абдураззоқов,
"Ҳазрати Имом" жоме масжиди имом ноиби

Read 6338 times

Мақолалар

Top