Мақолалар

Бугунги кун ёшлари нима билан банд?!

Маълумки, сўнгги йилларда глобаллашув турли-туман қарашлар асосида, деярли барча ижтимоий ҳодисалар билан боғлиқ равишда талқин этилаётган муаммолардан бирига айланди. Ҳозирги кунда ёшларимиз онгига ҳар хил ёт ғоялар сингиб, уларнинг ақлий фаолиятига ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Ёшларнинг ўз маданияти, урф-одатлари, қадриятларидан воз кечиши ва маънавиятининг сустлашиб бориши глобаллашув жараёнининг бевосита таъсири ҳисобланади.

Глобаллашув ёшлар онгига турфа кўринишлар орқали сингиб келмоқда. Биламизки, ХХI аср – ахборот ва технологиялар асри ҳисобланади. Бугунги кунда интернетга бўлган эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда. Ҳар нарсанинг бир манфаати бўлиш билан бирга зарари ҳам бўлиши табиий. Жумладан, интернет ҳам айрим манфур кимсалар учун “қурол” вазифасини бажармоқда. Мана шу қурол орқали маънавиятимиз ҳамда миллий қадриятларимизга ўз  таъсирини ўтказмоқда. Бу эса, ўз-ўзидан маънавий таҳдидни юзага келтиршга сабаб бўлмоқда. Ушбу иллат инсон эркинлиги, уни ўзига ғоявий қарам қилиш, руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилган бўлиб, у жозибали шиорлар ва ғоялар остида яширинган бўлади, албатта. Диний ва миллий ришта-ю қадриятлар томирига болта уради, ёшларнинг қалбини ва онгини эгаллашга, уларнинг дунёқарашига зарарли тушунчаларни сингдиришга ҳаракат қилади, охир-оқибат мамлакат хавфсизлиги ва миллий манфаатларга таҳдид солиб, жамиятни инқироз кўчасига олиб келади. Шу ўринда “маънавий таҳдид” жумласига биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг мазкур ибораларини келтириб ўтиш ўринлидир: “Маънавий таҳдид деганда, аввало тили, дини, эътиқодидан қатъий назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларини назарда тутиш лозим, деб ўйлайман”.

Ҳозирги кунда  интернет овчилари қабиҳ ниятларини амалга ошириш учун ёш, ҳали маънавияти тўла қонли шаклланмаган ва ғўр ўғил-қизларни ўз қармоқларига ҳеч қийинчиликсиз илинтирмоқда. Бунинг сабаби нима?! Нима учун ёшларимиз бундай ёт ғояларга ишонувчан? Нима сабабдан ҳозирги кунда интернет ёшларнинг овунчоқ масканига айланди?! Буларнинг асосий сабабларидан бири, уларнинг маънавияти сустлиги ва дангасалигидандир. Маънавиятнинг сустлиги эса, китобхонликдан четда бўлиш, тарбиясизлик, келажакка бефарқлик, ялқовлик, лоқайдлик ва шу каби салбий тушунчалар орқали юзага келади. Яна бир мисолга эътибор қаратадиган бўлсак, оилаларимизда фарзандга эътиборнинг йўқлиги ҳисобланади. Ўсмир ёшдаги болалар эътибор талаб, қизиқувчан, тез-тез фикрини ўзгартирувчи, қайсар бўлиб қолади. Бу даврда ёшларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, уларни ўз йўлини топиб кетади дейишнинг оқибати яхши эмаслиги барчага маълум. Ота-онанинг бефарқ ва лоқайдлиги туфайли фарзанд меҳрни бошқалардан излай бошлайди. Бунинг натижасида интернет овчиларининг қўлига тушиб қолади. Қаерда бепарволик ва лоқайдликлик ҳукм сурса, шубҳасиз, ўша жой парокандаликка юз тутади. Лоқайд одамдан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Бу борада Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Мўмин зийрак, эҳтиёткор ва оқил бўлади” дея таъкидлаган.

Глобаллашувнинг ёшлар тарбиясига ўтказаётган салбий таъсири қуйидагиларда намоён бўлмоқда:

- Информацион воситаларнинг юксак ривожланиши натижасида интернет, уяли алоқа воситаси, телекоммуникациялар ва турли ахборот нашрларининг кириб келишида ота-она ва устозларнинг эьтиборсизлиги.

- “Оммавий маданият”нинг турли хил кўринишлари ёшлар орасида тобора кенг тарқалиши. Бундай ҳолатлар асосан кийиниш маданиятида, турли ғарбона одатларга қизиқишларда, бўш вақтини бекорга  сарфлашда, миллий қадриятларга салбий муносабатда бўлишларида намоён бўлмоқда.

- Ёшлар орасида тақлидчилик, ғарбона “идеал”ларга кўр-кўрона эргашиш каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Бунда, хорижда кенг тарқалган ахлоқий ва маънавий юриш-туриш андозаларининг кинофильмлар, мода ва турли хил рекламалар орқали ёшларнинг онгини чулғаб олаётганлигини сезиш қийин эмас. Оқибатда, ёшлар ўртасида китоб ўқишдан кўра компютер ўйинлари олдида вақтини бекорга ўтказиш, мазмунан саёз бўлган турли хил жанрдаги фильмларни томоша қилиш одат тусига кириб бормоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бизнинг бундай салбий ҳолатларга қарши қуролимиз глобаллашувнинг маънавиятга салбий таъсирини бартараф этиш, ғоялар кураши даврида ёшлар дунёқарашини кенгайтириш, миллий-маънавий қадриятларимизни улар онгига сингдириш, жамият  асоси бўлмиш оилаларда соғлом муҳитни  шакллантиришдир. Ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз зарур.

 

Хадичаи кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Алишержонова Моҳирахон

Read 4780 times

Мақолалар

Top