Мақолалар

Рамазон - Қуръони карим хатм қилиш ойидир! (Танловга)

Азизлар, ўтаётган Рамазон ойини ғанимат билайлик! Бу ойдан улкан ажрлар билан чиқишга ҳаракат қилайлик! Келинг, мен сизга Қуръони карим борасида айрим тавсияларимни айтай!

  1. Қуръони каримни ўқишни билмайдиганлар диққатига! Қуръони каримни билмайсизми? Унда ўрганишга киришинг. Бу карантинни ғанимат билинг! Ҳозирда алҳамдулиллаҳ, телеграмда "Шайх Алижон Қори ҳафизаҳуллоҳнинг Қуръон аҳлига туҳфа" деган, Устоз Ҳасанхон Қори акамизнинг "QURAN.UZ" саҳифалари бор. Тошкент Ислом Институти катта ўқитувчиси Устоз Жаҳонгир Неъматов домламизнинг "Муаллим Соний" китобини MP3да ўқиб берганлари бор. Диски билан китоб шаклида ҳам чиққан. Диққат билан эшитиб ўрганиб чиқинг. Икки-уч марта эшитинг. Ўзлаштириб олсангиз бирор қори ёки имом домладан текшириб олсангиз ҳам бўлади. Имконсизман деманг, интилганга Аллоҳ ёр бўлади.
  2. Қуръони каримни энди ўқишга тушганлар диққатига! Рамазон ойида Қуръони каримни хатм қилиб чиқишни мақсад қилинг! Қандай қиламан десангиз. Интернетда жуда кўп қориларнинг MP3 аудиолари мавжуд. Буни деярли билмайдиган одам бўлмаса, керак. Шуни юклаб олинг-да, бир бошидан эшитишга киришинг! Қори ўқиб кетади, сиз эса, орқасидан қайтариб кузатиб борасиз. Астойдил бўлсангиз, кунига бир порадан, яъни 20 саҳифадан эшитиб борсангиз, бир ойда энг камида Роббингиз Каломини бир маротаба хатм қилиш бахтига муяссар бўласиз. Агар ғайрат қилиб, кунига 2 пора, яъни 40 саҳифа ўқисангиз, бир ойда 2 маротаба хатм қилар экансиз. Агар вақтингиз кўп бўлиб, савоби нақадар кўплигини англаган ҳолда, вақтлардан унумли фойдалансангиз ва кунига 3 пора, яъни 60 саҳифадан ўқисангиз, бир ойда Қуръони Каримни 3 маротаба тугатишга муваффақ бўлар экансиз. Ҳар 10 кунда 1 маротаба Қуръон карим хатм қилинган бўлади. МашаАллоҳ! Бу нақадар бахт! Албатта бошланишида бундай бахтга қориларнинг MP3 аудиоларидан эшитиш билан эришасиз. 2-3 марта эшитиб тугатсангиз, иншаАллоҳ, 4-5 марталарида ўзингиз хатм қиласиз!

Муҳим эслатма! Мен ўқишга қийналаман, хатога йўл қўяман-ку, Аллоҳ таолонинг Каломига нисбатан одобсизлик бўлади-ку, деб қайғурманг! Сизнинг ўқишдан мақсадингиз нима? Уни бузиб ўқишми? Йўқ, албатта. Шундай экан, хато қилишдан қўрқманг!

Тўғри ўқиш учун хатолардан йироқ бўлишингиз керак. Хатолардан холи бўлиш учун эса Қуръони каримни кўп ўқишингиз лозим!

Қуръони карим бардавомлик билан ўқиб, MP3 аудиолардан фойдаланиб, диққатлик билан кузатиб, эшитиб борилиши натижасида илк ўқилишида йўлга қўйилган хатолар, камайиб боради. Қуръони каримни қанча кўп ўқиб, хатм қилиб бораверганингиз сари Қуръони карим моҳирига айланиб борасиз. Бироқ, хато қиламан, ўқий олармикинман, деб ўтирсангиз, йиллар ўтади-ки, бироқ сиз ҳали ҳам Роббингиз Каломини бирор марта хатм қилмаган бўлаверасиз. Шундай экан, ўқишга киришинг!

Тавсия! Устозларимиз Қуръони каримни эшитиб, кузатиб боришда Шайх Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, Шайх Абдулбосит Абдуссомад, Шайх Халил Хусорий раҳимаҳумуллоҳ каби зотларнинг MP3 аудиоларидан фойдаланишни тавсия қиладилар!

 

Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ ,

Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус

ислом билим юрти мударриси.

Read 2703 times

Мақолалар

Top