Мақолалар

Рамазон яхшилик ва силаи раҳм ойидир

Рамазон ойида рўзадорнинг қалби синиқ ва нафси итоаткор, раҳмати ва шафқати эса янада зиёда бўлади. Унинг яхшиликларига энг ҳақдор кишилар унинг яқинлари ва қариндошлари ҳисобланади. Рамазон мусулмон кишига унинг яқинлари ва қариндошлари бор эканини эслатади. Шунда у уларни зиёрат қилади ва уларга яхшилик қилишни бошлайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эҳтимол, (иймондан) юз ўгирсангиз, ер юзида фасод қилиб, қардошлик ришталарини узарсиз?! Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлади, уларни кар қилди ва кўзларини кўр қилди” (Муҳаммад сураси, 22-23 – оятлар).

Қариндошчилик алоқаларини узиш энг катта гуноҳ ва улкан хатолардан, уни мустаҳкамлаш эса энг гўзал солиҳ амаллардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Раҳм (қариндошчилик)ни узувчи жаннатга кирмайди”.

Аллоҳ уни боғлашга буюрган алоқани узган киши қандай қилиб жаннатга кирсин?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Силаи раҳм қилувчи берганга яраша қайтарган эмас. Лекин силаи раҳм қилувчи ўзининг силаи раҳми кесилганда уни боғловчидир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда бир киши у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ё Расулуллоҳ, мени қариндошларим бор. Улар билан алоқани тиклайман, улар узишади. Уларга яхшилик қиламан, улар менга ёмонлик қилишади”, деди. Шунда у зот бундай дедилар: “Агар сен айтганингдек бўлсанг, уларга мал(нон пишириладиган иссиқ чўғ)ни едираётган экансан ва сенга доимий Аллоҳдан бир ёрдам берувчи бўлиб туради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қариндошлари жуда оз эди. Шунга қарамай у зотга энг кўп душманчилик қилишарди. У зотни ватанларидан қувишди, азиятлар беришди ва уришгача боришди. Аммо Аллоҳ у зотга ғалабани берганда ҳали инсонлар эшитмаган афвни эълон қилдилар.

Силаи раҳм умрни зиёда қилади, унга барака олиб киради ва ажр-савобларни кўпайтиради. У иймон мукаммаллиги, Аллоҳдан қўрқиш ва Қуръонга бўйсуниш белгисидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ менга мен биан алоқани узганлар билан уни тиклашни, зулм қилганларни афв қилишни ва маҳрум қилганларга беришни буюрди”.

Ибодатларнинг ва яхшиликларнинг энг каттаси ота-онага қилинган яхшилик ҳисобланади. Уларга яхшилик қилиш, меҳрибончилик кўрсатиш, ҳақларига дуо қилиш ва буйруқларига итоат этиш лозим. Уларга итоат этиш Аллоҳга итоат этиш каби бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт” (Исро сураси, 23-24 – оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, чиройли муомала қилишимга инсонларнинг энг ҳақдори ким?”, деб сўради. У зот алайҳиссалом: “Онанг”. У: “Сўнгра ким?”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг”, дедилар. У: “Сўнгра ким?”, деб яна сўради. У зот яна: “Онанг”, дедилар. У яна: “Сўнгра ким?”, деди. У зот: “Отанг”, дедилар.

Рўза силаи раҳм ва яхшилик мадрасасидир. Чунки у гўзал ахлоқ тарбиячиси ва ўзаро муҳаббат риштасини мустаҳкамловчисидир. Рўза тутган кишининг руҳи эрийди, нафси мусаффолашади ва табиати юмшайди. Шояд, биз ушбу ойда яқинларимизга қайтсак ва уларни зиёратимиз, совға ва яхшиликларимиз билан хурсанд қилсак. Аллоҳ таоло яхшилик қилган бандасининг ажрини ҳеч қачон зое қилмайди.

Аллоҳим, бизни динингни теран англайдиган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида собит турадиган қилгин! Бизларни тўғри йўлга ҳидоят айла!

 

Доктор Оиз Ал-Қарнийнинг

“Рўзадорлар учун 40 дарс” китобидан

Саидхон қори МАХСУМ

тайёрлади.

 

Read 3202 times

Мақолалар

Top