Мақолалар

Бойликка барака киритадиган ибодат

Муқаддас динимиз буюрган ҳар бир фарз амал замирида улкан ҳикмат мужассам. Айрим фарзлар фақат эгасига фойда келтирса (намоз, рўза, ҳаж), баъзилари ҳам эгасига, ҳам жамиятга манфаатли бўлади. Бунга мисол қилиб закотни келтириш мумкин.

Юзаки ёндашганда, закот, ахир, чиқим бўлса, яъни нисобга етган молнинг, бойликнинг қирқдан бири ҳақдорларга берилса, ундан қандай фойда бўлиши мумкин, деган савол туғилиши табиий. Лекин чуқурроқ таҳлил қилинса, закот туфайли Аллоҳ таоло закот берувчининг молига, бойлигига барака киритиб, турли офатлардан асрайди.
Бугунги шароитда, яъни бутун дунё аҳолиси, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам коронавирусга қарши кенг курашилаётган пайтда закот беришнинг, хайр-у эҳсон қилишнинг аҳамияти қандайлигини кўриб турибмиз. Беш бармоқ тенг эмас. Кимдир бой бўлса, кимдир – эҳтиёжманд. Ана шундай вазиятда ижтимоий адолатни қарор топтириши муҳим. Бунинг учун динимиз амри бўлган закотни ҳақдорларга етказиб бериш зарур.
Ислом динининг беш арконидан бири бўлган закот ҳижратнинг иккинчи йили, Рамазон рўзасидан олдин фарз қилинган. Қуръони Каримда «закот» сўзи ўттиздан ортиқ жойда зикр қилинган бўлса, шулардан йигирма еттитасида намоз билан ёнма-ён келган.
Мисол учун, Қуръони Каримда: «Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз ва рукуъ қилувчилар (намозхонлар) билан бирга рукуъ қилингиз (намоз ўқингиз)» (Бақара сураси, 43-оят); «Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) йўлдир» (Баййина сураси, 5-оят).
Аллоҳ таоло Каломи мажидида намоз билан закотни ёнма-ён зикр қилиши бежиз эмас. Чунки намоз – Аллоҳ таолонинг ҳақи бўлса, закот банданинг ҳақидир. Шу боис, бу иккисига риоя қилиш орқали Аллоҳнинг буйруғига итоат этган бўламиз. Намоз – баданий ибодат, закот эса – молиявий ибодат.
Уч нарса уч нарса билан мукаммал бўлади. Биринчиси, намоз ўқиб, имкони бўла туриб, закот бермаса, гуноҳкор бўлади. Бежиз Аллоҳ таоло: «Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз» (Бақара сураси, 34-оят) демади.
Иккинчиси, ояти каримада: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ва Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз» (Нисо сураси, 59-оят), деб марҳамат қилинган. Демак, Аллоҳга итоат этиб, Пайғамбарга итоат этмасак, бошлиқларга, раҳбарларга бўйсунмасак (яхшилик йўлида), Аллоҳ таоло тоат-ибодатларимизни қабул қилмайди.
Учинчиси, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин!» (Луқмон сураси, 14-оят). Демак, ким Аллоҳга шукр қилиб, ота-онасига раҳмат айтмаса, уларнинг қадрига етмаса, Аллоҳ таоло унинг шукрини қабул қилмайди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Молларингизни закот билан ҳимояланглар! Беморларингизни садақа билан даволанглар! Дуо билан балолардан йироқ бўлинглар!» (Имом Табароний ривоя­тлари).
Ушбу ҳадиси шарифни бугунги кун нуқтаи назаридан таҳлил қилсак. Хабаримиз бор, Президентимиз ташаббуслари билан умумхалқ ҳаракатига айланган «Саховат ва кўмак» тадбирлари айни пайтда кенг қулоч ёймоқда. Бундан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, эҳтиёжманд фуқаролар жуда хурсанд бўлишяпти.
Ҳар бир эзгу ишга ҳар доим шай бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Идоранинг вилоятлардаги вакилликлари томонидан қурбонликлар сўйилиб, ўзгалар қарамоғига муҳтож кишиларга тарқатилди. Шунингдек, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида кўплаб хайр­­ли ишлар амалга оширилаётир.
Машойихларнинг айтишларича, тўрт нарса тўрт нарсага боғлиқ экан: 1) ким молидан закот бермаса, Аллоҳ таоло унинг молини офатлардан сақламайди; 2) ким ушр бермаса, Аллоҳ таоло унинг касбига барака ато этмайди; 3) ким садақа бермаса, Аллоҳ таоло унга офият бермайди; 4) ким дуо қилмаса, Аллоҳ таоло уни ижобат қилмайди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: закот кимларга фарз?
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳар йилги закот нисобини 20 мисқол тилла нисобига кўра ҳисоблаб, эълон қилади. 20 мисқол тилло ҳозирги кунда 85 грамм тиллага тенг экан. Демак, тилланинг нисоби 85 грамм бўлиб, шунча тилласи бор одамга закот фарз бўлади. Ёки 85 грамм тилланинг қийматига тенг маблағи, маҳсулоти бор одамга унинг закоти фарз бўлади. Кумушнинг ҳам нисоби бўлиб, илгари 200 дирҳам бўлган. Ҳозир ҳисоб бўйича 200 дирҳам кумуш 595 граммга тенг.
Бу йилги, яъни 2020 йил учун закот нисоби 21 250 000 сўм деб белгиланди. Ушбу қийматнинг қирқдан бири, яъни закот учун чиқариладиган қисми 531 250 сўмга тенг. Шунга кўра, зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 21 250 000 сўмдан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши жами маблағининг қирқдан бирини ҳақдорларга бериши фарздир.
Закот берадиган кишиларни билиб олдик. Энди закот олишга ҳақдорлар ҳақида ҳам тўхталсак.
Қуръони каримда: «Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошно қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлидагилар ҳамда йўловчиларга (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли Зотдир» (Тавба сураси, 60-оят) дейилади.
Ушбу ояти каримада закот бериладиган саккиз тоифа баён қилинган:

  1. фақирлар – нисобга етмайдиган нарсаси бор киши;
  2. мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши;
  3. садақа йиғувчи – атрофлардан закотларни йиғиб, кучини, вақтини шунга сарф қиладиган кишилар. Шу хизматларига яраша йиғилган закотдан маълум миқдорда уларга бериш мумкин;
  4. қалбларини Исломга мойил қилиш – баъзи қабила бошлиқларига закотдан улуш бериш. Пайғамбар алайҳиссалом вақтларида Ул Зот худди шундай қилганлар;
  5. бўйинларини қулликдан озод қилиш. Мукотаб қулнинг озод бўлиши учун берилади. Мукотаб: хўжайини билан маълум миқдордаги маблағни тўлаш эвазига озод бўладиган қул;
  6. қарздор киши. Гарданида катта қарзи бор, тўлашга маблағи йўқ киши;
  7. Аллоҳ йўлидаги мўмин. Бунга Аллоҳ учун, унинг йўлида юрганлар киради;
  8. йўловчи мусофирларга. Ўзга юртда юрган мусофир киради. Агар ўз юртида кўпгина маблағи бўлса ҳам.
    Мана шу юқоридаги саккиз тоифа ҳақдорлардан бирига ёки бир нечтасига хоҳлаганча закот берса бўлади.
    Закотнинг фойдалари жуда кўп. Бу дунёда молни бало-офатлардан асрашини, бойликка барака киритишини юқорида айтиб ўтдик. Охиратдаги ажри эса ихлосимизга қараб ортиб бораверади.
    Аллоҳ таоло Фирдавс жаннатига меросхўр бўладиган мўминларнинг сифатларини Мўъминун сурасида баён қилиб, жумладан, «Улар закотни адо қилгувчилардир», деб марҳамат қилади.
    Ҳадиси шарифда: «Сиз (эй мўминлар) Аллоҳдан Фирдавс жаннатини сўранг, чунки у – жаннатларнинг энг аълосидир», дейилган.
    Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин! Барча ибодатларимизни Ўз даргоҳида қабул қилсин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Манба: Ишонч  газетаси I https://ishonch.uz

Read 3040 times

Мақолалар

Top