Мақолалар

Фитр садақаси

Фитр садақаси нисоб миқдоридаги мол-мулкка эга ҳур ва мусулмон бўлган кишилар учун ҳайит тонгида адо қилиши вожиб бўлган садақадир. Фитр садақасининг вожиб эканида ўзига хос ҳикматлар бор.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлиши учун фарз қилдилар. Ким уни ҳайит намоздан олдин адо қилса, у мақбул садақадир. Ким уни ҳайит намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақани бўлади”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Дорамий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан фитр садақасининг ҳукмини ва унинг савобини топиш билан биргаликда иккита ҳикмат ҳамда фойда кўзда тутилиши маълум бўлади. 

Биринчи ҳикмати ва фойдаси фитр садақаси рамазон рўзасини хато ва камчиликлардан поклайди. Шунинг учун Вакеъ ибн Жарроҳ “Рамазон ойининг фитр садақаси худди намознинг саҳв саждасига ўхшайди. Намознинг вожиб амали тарк бўлган вақтда саҳв саждаси намозни тўғрилагандек, фитр садақаси рўзанинг камчиликларини тўғрилайди”, дейди. Лекин бирор узр билан рўза тутолмаган кишилар ҳам, рўза тутиш вожиб бўлмаган ёш болаларга ҳам фитр садақасини бериш вожиб бўлади.

Иккинчи ҳикмати ва фойдаси ҳайит кунида камбағал ва мискинлар, етим ва бечораларни хурсанд қилиш, уларнинг очликларини кетказиб, ҳақиқий байрам кайфиятини улашишдир. Шунинг учун ҳам фитр садақасини ҳайит куни тонг вақтида бериш вожиб бўлади. Аммо, рамазоннинг аввалида, олдиндан берса ҳам жоиз. Лекин ҳайит намозидан кейин қолдирмаслик керак. Намоздан кейин қолса ҳам соқит бўлмайди. Ҳаттоки, зиммасига вожиб бўлгандан сўнг инқирозга учраб, камбағал бўлгандан кейин ҳам фитр садақа соқит бўлмайди.

Фитр садақаси вожиб бўлиш шартлари.

  1. Ҳур бўлиш.

Фитр молиявий ибодатлардан бўлгани учун ҳур бўлмаган кишиларга вожиб бўлмайди. Чунки қулнинг мол-мулки бўлмайди. Балки, қул хожасининг мулки бўлади. Агар хожасига фитр садақа вожиб бўлса, хизмат қилиб турган қулнинг ҳам фитр садақасини бериш хожасига вожиб бўлади.

  1. Мусулмон бўлиш.

Фитр садақаси ибодат ва у билан қурбат (савоб) ҳосил бўлади. Ибодатларнинг тўғри бўлиши учун холис Аллоҳ учун деган ният бўлиши лозим. Бундай ният эса фақат мусулмон кишидангина дуруст бўлади.

  1.    Нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлиш.

Фитр садақаси молиявий ибодат бўлгани учун маълум бир миқдордаги мол-мулкка эга кишига вожиб бўлади. Фақир ва мискинларга вожиб бўлмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам садақа бойликни орқасидан вожиб бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда фитр садақани вожиб бўлиши бой бўлган, маълум бир моддий қуввати бор кишига вожиб бўлишини баён қилмоқдалар. Ислом дини енгил, унинг молиявий ибодати ҳам енгил бўлиши керак. Садақани енгил адо қилиниши маълум миқдордаги нисобга эга бўлгандан кейин бўлади.

Аммо закотнинг нисоби бошқа, фитр садақасининг нисоби бошқа. Закот нисоби фақат закот чиқариладиган ўсувчи моллардан ҳисоб қилинади. Фитр садақасининг нисоби эса аслий ҳожатдан (ишлатилиб турган мол-мулкдан) ташқари мол-мулклар ҳам ҳисоб қилинади. Ушбу фитр садақасини нисобига эга кишига ўзининг ва балағотга етмаган фақир фарзандининг фитр садақаси вожиб бўлади. Хотинининг, балағотга етган фарзандининг ва балағотга етмаган бой фарзандининг фитр садақаси вожиб бўлмайди. Лекин мазкурларни фитр садақасини берса адо топади. Шу бойликка эга кишига бошқаларнинг закотини, садақасини ва назрини олмоқ ҳаром бўлади. Шунингдек қурбонлик қилиш ва нафақасиз қолган маҳрам қариндошларнинг нафақасини қилиш вожиб бўлади.

Фитр садақаси закот бериладиган кишиларга бериш билан адо топади.

 

Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси.

Read 2436 times

Мақолалар

Top