Мақолалар

Эй яхшилик талабида юрган банда, шошил! (Танловга)

Рамазон ойи инсонларга қарата нидо қилади: "Эй яхшилик талабида юрган банда, шошил, Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати ва дўзаҳдан озод қилишидан ҳаммадан ўзиб кет. Насфинга қарши Раҳмон зотнинг ризосига етиш учун кураш. Эй ёмонлик талабидаги банда, бу ишингни тўхтат, маъсиятлардан тийил. Аллоҳ таолога тавба қил. Мана шу ойда Аллоҳ таолога қарши бўлишни бас қил!".

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Рамазон ойининг биринчи кечасида шайтонлар ва исёнкор жинлар кишанланади. Жаҳаннам эшиклари ёпилади, бирорта эшиги ҳам очиқ қолмайди. Жаннат эшиклари очилади, бирорта эшик ҳам ёпиқ қолиб кетмайди. Бир нидо қилувчи: "Эй яхшилик талабидаги (банда) шошил, эй ёмонлик талабидаги (банда) бас қил!", деб нидо қилади", дедилар.

Ҳақиқий рўза соҳибини савобли ишларга чорлайди, унга яхшиликларни чиройли қилиб кўрсатади. Уни маъсият ва гуноҳлардан узоқлаштиради. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рамазонга етиша туриб, мағфират қилинмай қолган банданинг бурни ерга ишқалансин", дедилар.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки ёлғон, бўҳтон сўзни ва унга амал этишни тарк этмаса, унинг емай-ичмай тутган рўзасига Аллоҳнинг ҳожати йўқ", дедилар.

Баъзи салафи солиҳлар: "Энг осон рўза фақат ейиш ва ичишдан тийилишдир. Чунки буни ҳамма қила олади".

Қалбни Аллоҳга боғлаш, тилни ғийбат, бўхтон ва ёлғондан тийиш, қулоқни бекорчи куй-қўшиқ ва бировлар ҳақида айтилган турли гапларни эшитишишган сақлаш, тилни гуноҳ ва фоҳиша сўзларни айтишдан асраш, қўлларни ҳаромни ушлаш ва мусулмонларга азият беришдан асраш, оёқларни ҳаромга боришдан асраш ила тутилган рўза Аллоҳ таоло Ўзининг каломида сифатлаган тақвога етиш учун бир васила бўлади.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

   "Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз".

Демак, оятда талаб қилинган тақводорликка юқорида санаб ўтган амаллар ила етамиз.

Рамазон ойида мўмин банда учун нафсида икки нарса жамланади. Биринчи, кундузи рўза билан жиҳод қилишлик. Иккинчиси, кечаси "қиёмул лайл" билан жиҳод қилишлик. Кимдаки мана шу икки жиҳодни жамласа, ҳақларини адо қилса ва қийинчиликларига сабр қилса, унга беҳисоб ажр-ҳасанот ёзилади.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Одам боласининг барча амали ўзи учун. У амаллари учун ўнтадан етмиштагача ажр олади. Аллоҳ таоло айтади: "Рўза мен учундир. Уни ажрини ўзим белгилайман"".

Кимга Аллоҳ таоло раҳм қилса у раҳм қилинганлардан бўлибди. Ким рамазондаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, у барча яхшиликлардан маҳрум бўлибти. Ким охират учун ҳеч нарса ғамлаб олмаган бўлса, у маломатга учраганлардан бўлибди.

Аллоҳ таоло ҳар куни жаҳаннамдан бандаларини озод қилади.

Биз ҳам улардан бўла оламизми?!

 

Маннобжонова Робия

Read 2618 times

Мақолалар

Top