Мақолалар

Ватан ҳимояси олий ва шарафли бурчдир

Яратганнинг сизу бизга берган энг олий неъмати тинчликдир. Дарҳақиқат, тинчлигимиз, осойишталигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимиз ўсиб-улғайишлари, комил инсон бўлиб етишишларида, шубҳасиз Ватан ҳимоячиларининг ўрни, шижоати ва жанговар руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ севгиси мустаҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деб марҳамат қилганлар: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”.

Дарҳақиқат, Ватан ҳимоячиси деган нарса энг шарафли ва олий касб эканлигини яхши билган йигитларимиз ҳам жисмоний ҳам маънавий жиҳатдан етук бўлиб, Ватан ҳимояси ҳаёт-мамот масаласи эканини, уларнинг туруш-турмуши, эл-юрт тақдири шу нуқтада туташишини теран англаб етганлар. Улар аввало ўз ота-оналарини, ака-укаларини, опа-сингилларини ҳимоя қиладилар. Ўзлари туғилган шаҳар, қишлоқларни, қавм-қариндошлари, бир сўз билан айтганда Она-Ватанни қўриқламоқдалар.

Бугунги кунда мустақил Она-Ватанимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган мард йигитларимизнинг йилдан-йилга тажриба ва маҳоратлари ошиб бораётганлиги барчамизни хурсанд қилади. Халқимиз шаҳдам қадам ташлаб бораётган имон-эътиқодли, ўз касбига ихлосли аскарларимизга боқиб фахрга тўлади, самимий дуо қилади. Келинг биз ҳам уларнинг байрамлари “Ватан ҳимоячилари куни” билан муборакбод этайлик. Уларга куч-қувват, соғлиқ-саломатлик тилайлик. Ёш аскар қалбида Аллоҳга бўлган ишончи, Ватан ҳамда ўз халқига бўлган садоқати уни ҳар доим огоҳ ва сергакликка чорлайди. Аллоҳ таоло Ўзининг илоҳий мадади билан қўллаб-қувватлайди, деб ишонади. Зеро Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Аслида Аллоҳ ҳимоячингиздир ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир”.

Ҳазрат Расули акрам (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир”.

Тинчлик – бу хотиржамлик ва барқарорликдир. Имон эса қалб хотиржамлигидир. Демак, тинчлик ва имон маънолари бир-бирига жуда яқиндир. Шунга биноан бир кишининг тинчлиги жамият тинчлигининг бир қисмидир. Зеро, киши ўзи яшаб турган жамиятнинг узвий аъзосидир. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши энг зарурий бурч ва вожиб амалдир.

Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши вожибдир. Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд хизматчи бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам имоний бурчга киради.

Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга етиши улкан ажрлар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилиб айтганлар: “Молини, жонини, динини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топур”.

Бошқа бир ҳадисда эса бундай деб марҳамат қилинган: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимки сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”.

Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир, кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. Она-Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.

Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темурнинг нақадар буюк ватанпарвар бўлганликларини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганларидек: “Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди. Амир Темур ана шундай тарихий ва унутилмас шахсдир”.

Бизлар ўз фарзандларимизга ана шу улуғлар йўлини, уларнинг она Ватан ҳимояси ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини англатмоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилидан Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади. Бу туйғулар нақадар улуғлиги ҳақида Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) бундай деган эдилар: “Она-Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлур”.

Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она-Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади, албатта.

Ватан ҳимояси барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Азиз юртимизда истиқлол берган улкан имкониятлар ҳақида сўзласак, шунча оз. Зеро, мустақиллик туфайли ҳаётимизда ёрқин саҳифалар очилди, эмин-эркин тоат-ибодат қилиш имкониятига эга бўлдик, диний-маънавий қадриятларимиз қайтадан халқимизга қайтарилди. Имон-эътиқодимиз ва эртанги кунга бўлган ишончимиз мустаҳкамланди. Шаҳару қишлоқларимиз кўркам ва обод бўлди. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган тинчлик дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир” деб марҳамат қилган.

Шунинг учун барчамиз ўз дилбандларимиз, азиз фарзандларимизга буюк аждодларимиз йўлларини, уларнинг Она-Ватан ҳимояси  ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини  англатмоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилидан Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади. “Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз ҳалқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, ҳалқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир”, – деган экан мутафаккирлардан бири.

Кечагина ўйнаб-кулиб юрган кичкинтойлар кўз очиб юмгунча ҳарбий хизмат ёшига етадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) таълим берганларидек, фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни ўргатиб, Она-Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифаларимиздандир.

Аллоҳ таоло мустақил юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган фарзандларимизни, Ватанимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган барча фарзандларимиз ва ака-укаларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, азиз ва жонажон Ўзбекистонимиз тинч, осмонимизни мусаффо ва мустақиллигимизни абадий қилсин!

Азизлар Ватан ҳимоячилари байрамингиз муборак бўлсин!

 

 

Фурқат ЖУМАЕВ,

                                        Қарши шаҳар “Қум қишлоқ”

                                        жоме масжиди имом-хатиби

 

 

                             

Read 6225 times

Мақолалар

Top