Мақолалар

Ойлар султони – Рамазон (Танловга)

Бисмилла ҳир Роҳманир Роҳийм.

Бандаларига тоат ва шифони мужассам этган амал - рўза тутишни фарз қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Рамазон ойининг буюк фазлини умматларига етказиб, муборак ҳаётларида ибрат кўрсатган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога чексиз дуруду салавотлар бўлсин.

Ассалому алайкум вароҳматуллоҳи вабарокатуҳ! Азиз диндошим, авваламбор, Сизни Аллоҳ таолонинг чексиз раҳмати ёғилиб турган ушбу фазли улуғ ой билан чин қалбдан муборакбод этмоқчиман. Сизу бизнинг аввалгию келгуси, кабираю сағира гуноҳларимизни авфу мағфират этишини Раҳмон ва Ғаффор зотдан сўраб қоламиз.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз» (183 оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон ойи, муборак ой келди. Аллоҳ азза ва жалла сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким унинг яхшиликларидан маҳрум бўлса, (барча яхшиликлардан) маҳрум бўлибди», дедилар. (Аҳмад ва Насоий ривояти)

Аллоҳга беҳад шукрлар бўлсинки, бизга Исломнинг беш устунларидан бири, ўзида ибодат, шифо ва кўплаб ажрларни жамлаган амал - рўза тутишни фарз қилди. Инсонларга Аллоҳ томонидан фарз қилинган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан тавсия этилган амалларнинг ҳар бири мўъжиза бўлиб, инсоннинг ўз фойдасига хизмат қилади. Рўза ҳам шу амаллардандир.

Албатта, Раззоқ зотнинг бу неъматининг чексиз фойдаларини бир мақолага сиғдириш имконсиз. Шундай бўлса-да, улардан баъзиларини санаб ўтсак. Аввало, рўза тутган мўмин субҳдан то кун ботгунча ейиш-ичишдан, ҳузурли ишлардан тийилишни ният қилар экан, бу амалини фақат Роббисининг розилиги учун адо этаётганини ҳис этади. Зеро, мўмин учун ҳаётдаги энг олий мақсад – Аллоҳ розилигидир. Очлик ва ташналик, турфа ноз-неъматларни татиб кўришдан ўзини тийиши билан эса иймони янада мустаҳкамланади. Тўғри йўлдалигини яна бир бор ҳис этиб, қалби таскин топади. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган ўгитларига амал қилиб, ўзини турли ноқобил ишлардан, адоват, ҳақорат, ғийбат, риё, ҳасад каби иллатлардан асраб, аҳлоқида ҳам ижобий ўзгаришлар юз беради. У зотнинг «Рўза тутинг, саломат бўласизлар» деган ҳадисларини ўн беш аср ўтиб, замонавий илм-фан ҳам тасдиқлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Рўзанинг иммунитетни ошириши, семизликка қарши монеълик пайдо қилиши, буйракда тошлар йиғилишидан сақлаши, тўқималарда тўпланиб қоладиган турли зарарли моддаларни тозалашга ёрдам бериши каби фойдалари ўз исботини топган. Шунингдек, турли касалликларни даволашда рўза тутиш яхши самара бераётганини табобат олимлари таъкидламоқдалар. Ҳам жисмоний, ҳам руҳий саломатликка элтувчи бу неъмат учун ҳар қанча шукр қилсак оздир.

«Лекин одамларнинг кўплари билмаслар». Афсуски, кўпчилик ўзини мусулмон атайдиган инсонлар рўзанинг фарзлигини, унинг моҳиятини, фойдаларию ажрларини тўлиқ англамай, унга эътиборсизлик билан шунчаки, оддий бир диний амалдек қарамоқдалар. Бир неча соатлик очлик ва чанқоқликдан қочиб, абадий дунёда берилажак буюк мукофотлардан маҳрум бўлаётганларини сезмаяптилар. Ахир, Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Рўза дўзахдан қалқондир. Рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим берурман. Зеро, рўзадор мени деб ейишдан, ичишдан, нафсоний истакларидан воз кечади. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ учун мушк ҳидидан ҳам ёқимлироқдир», деб марҳамат қилган (Бағавий ва Табароний ривояти).

Рўза тутиш фарз бўлган Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар бор. Ҳадисларда Рамазон ойи муборак ой эканлиги, унда минг ойдан яхшироқ бир кеча борлиги, бу ойни кундузлари соим, кечалари қоим бўлиб ўтказган мўминнинг онасидан туғилгандек бегуноҳ бўлиши, Жаннатда «Раййон» номли эшик бор бўлиб, у фақат рўзадорлар учун очилиб, рўзадорлар кириб бўлгач ёпилиши каби хушхабарлар келади.

Рамазон ойи рўзасининг фазли тўғрисида мўмина-муслималар учун ҳам башоратлар бор:

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой (Рамазон) рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер», дейилади» (Аҳмад ривояти).

Баъзи ривоятларда эса бир яхшиликнинг савоби ўн мислидан етти юз баробаргача кўпайтириб берилиши айтилади. Бу хушхабарлардан маълум бўладики, Рамазон ойи раҳмат, мағфират ва чексиз имкониятлар ойи ҳам экан. Икки дунё саодатига эришиш, охиратга заҳира йиғиш учун сарҳадсиз имкон берилар экан.

Айни дамда юртимизга ва бутун ер юзига Аллоҳнинг синови келиб, инсонларнинг уйда қолиши ўзи учун, бутун жамият учун афзал бўлиб турганини ҳисобга олсак, бу йилги Рамазон ойида Аллоҳ таоло аввалгиларидан-да кўп имкониятлар бераётганини ҳис этишимиз мумкин. Нафл намозлар, ҳатми Қуръонлар, зикр ва дуоларни кўпайтиришнинг айни фурсати. Айниқса, ҳозирги синовли бир пайтда эҳтиёжманд оилаларнинг ҳам ортиши табиий ҳол.

Сўнгги йилларда авж олган, асосан ўзига тўқлар учун ёзиладиган ифторлик дастурхонларидан кўра ҳақиқий муҳтож оилаларга бериладиган кўмак айни муддаодир. Мискинларга таом беришга, етимларнинг бошини силашга кўплаб оят ва ҳадисларда тарғиб этилгани бундай ҳайрия ишларининг ҳар бир мусулмон учун ўз имконияти даражасида бажариши лозим бўлган амаллардан эканини билдиради.

Шундай экан барчамиз Роббимиз берган имкониятлардан унумли фойдаланиб, кўплаб ажрларга сабаб бўлувчи амалларни Аллоҳ таолонинг розилигини истаб, имкон борича кўпроқ қилишга уринишимиз, синовли кунларда оиламиз, яқинларимиз, юртдошларимизга маънавий ва моддий ёрдам беришга шошилишимиз зарур. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мўмин(лар) бир киши кабидирлар. Агар унинг боши оғриса, унинг ҳамма ери оғрийди. Агар унинг кўзи оғриса, унинг ҳамма ери оғрийди» (Муслим ва Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло ушбу Рамазон ойини барчамиз учун хайр, раҳмат ва мағфират ойи бўлишини, синовли кунлардан чиройли сабр билан ўтиб, ҳотиржам ҳаётимизга қайтишимизни насиб айласин. Бу ойда Аллоҳнинг розилиги йўлида қиладиган эзгу амалларимизнинг ажрини Ўзининг марҳамати ила кўпайтириб берсин. Аллоҳим барчамизга икки дунё яхшилигини, Ўзи рози бўладиган бандаларидан бўлишимизни, Охиратда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамд байроқлари остида тўпланиб, Жаннатга Раййон номли дарвозадан киришимизни насиб қилсин.

Омин! Аллоҳумма солли ва саллим ва баарик ала Муҳаммад ва ала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн!

Дилором Юсупова

Рамазон, 1441.__

Read 2670 times

Мақолалар

Top