Мақолалар

Кечиримлилик мўмин кишининг фазилати

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Фармонга мувофиқ, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 нафар фуқаро афв этилди.

Кечиримли ва сабр - тоқатли бўлиш ислом динининг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 199 - оятида шундай марҳамат қилади: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”. Шу оят нозил бўлгач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам Жаброил алайҳиссаломдан уни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Ул зот жумладан: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқдаки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” – деган эканлар.

 Афв гўзал ва мақталган ахлоқлардан бўлиб, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўмин-мусулмон бандаларига ушбу сифат билан зийнатланишликка буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ

Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг! (Аъроф сураси, 199 оят). Оятдаги “афв” сўзининг тафсири – бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш деганлар. Шу оят нозил бўлгач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан уни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Ул зот жумладан: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқдаки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” – деган эканлар.

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Ўч олишга ҳақли бўлатуриб, кечириб юборган киши учун, Мен жаннатнинг ўртасидан бир қаср берилишига кафилман”-деганлар (Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таолодан алоҳида таъкидлаб, дуо қилиб сўраладиган фазилатлардан бири ҳам афвдир. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз жанобимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Эй, Аллоҳнинг Росули! Агар мен рамазон ойининг қадр кечасини топсам, Аллоҳдан нимани сўрай?-дедилар. Ул зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма иннака Афввун Каримун туҳиббул афва фафуанний” (яъни, Парвардигоро, Сен Афв (шафқатли, раҳмли, кечиримли), Карим (илтифотли, олийжаноб, марҳаматли) Зотсан. Кечиришни яхши кўрасан. Мени гуноҳларимни кечиргин)-деб дуо қилгин дедилар (Бухорий ривояти).

Афв этилганларга тиконли сим орқасида ўтириш эмас, балки ўз ҳалол мехнати билан ўз номини оқлаш, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишга тарихий имконият берилди. Энди ушбу фуқаролар ушбу имкониятдан самарали фойдаланишлари, оиласига бош-қош бўлишлари, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиб, ҳукуматимизнинг ишончига амалий шукрона билан жавоб қайтаришлари, шу юрт равнақи учун ўз ҳиссаларини қўшишлари лозим.

Афв туфайли озодликка чиққан фуқароларимизнинг ижтимоий мослашувига, тўғри йўлга тушиб олишларига маҳалла-куй, қариндошлар, дўст-биродарлар, имомлар, умуман кенг жамоатчилик яқиндан ва самимий кўмак кўрсатишлари керак. Қуръони каримда айтилганидек: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ муомала билан даф этинг! (Шунда) бирдан сен билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур (Фуссилат сураси, 34-оят)”.

Афв этилганлар эса ушбу ишончни суистеъмол қилмасликлари, берган ваъдаларига ҳиёнат қилмасликлари нафақат фуқаровий бурчи, балки шариатимиз талаби ҳам ҳисобланади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик, халқимизга хос бағрикенглилик, йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш, кечиримлилик сиёсатининг, олийжаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларини муборак Рамазон ойида янада юксак намоён бўлишининг ёрқин ифодаси бўлди.

 

Б.Мамашикуров

Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси

Read 2830 times

Мақолалар

Top