Мақолалар

Муносабат: бир инсоннинг тўғриликка қайтиши – жамият учун катта ҳодиса

Ривоят қилишларича, бир мусаввир чиройли суратни чизди ва уни кўпчилик йиғиладиган жойга осиб қўйди. Расмнинг тепасига шу ёзувларни битди: “Ким бу расмда камчиликни кўрса, устига қизил қалам билан белги қўйсин”. Рассом кечқурун келиб қараса, расм қизил бўёққа тўлиб кетибди. У устозининг олдига бориб, бу расмдан воз кечмоқчи эканини айтди.

  • Йўқ, - деди устози унга. – Сен яхшиси, иборани ўзгартир: “Ким расмда камчилик кўрса, уни тузатсин”, деб ёзиб қўй.

Рассом устозининг айтганини бажарди. Буни қарангки, орадан бир неча кун ўтса ҳамки, расмга ҳеч ким бир чизиқ тортмади.

  • Кўрдингми, - жилмайди рассомнинг устози. – Бу ҳаётда ҳамма нарсадан хато топиш жуда осон, аммо шу хатони тузатиш – ислоҳ этиш ниҳоятда мушкул ишдир...

Куни кеча муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланиб, матбуотда эълон қилинган  “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонини ўқиб, менинг хаёлимга қаердадир ўқиганим – шу ривоят келди. Унинг мазмун-моҳиятини мушоҳада этарканман, кечиримлилик нақадар улуғ фазилат бўлса, хато йўлдаги бир инсонни тўғрилик сари йўналтириш шунчалар мушкул вазифа эканини ҳам идрок этдим.

Дарҳақиқат, кечиримлилик – халқимизга хос фазилат. Умумхалқ байрамлари арафасида билиб-билмай жиноят содир этган, қонуний жазони ўтаётган фуқароларни Президент фармонига асосан авф этилиши ҳам ана шу фазилатларни юртимизда олий қадрият даражасига кўтарилганини англатади.

Президентимизнинг юқоридаги Фармони муборак Рамазон ҳайити арафасида имзолангани билан ҳам аҳамиятлидир. Чунки Аллоҳ ризолиги учун, гуноҳларимиз кечирилишини сўраб, ўттиз кун давомида холис ниятда рўза тутдик. Кўнглимиздан гина-кудуратларни ўчирдик, савобли амалларга шошилдик ва ўз-ўзимизни ислоҳ этишга ҳаракат қилдик. Шундай улуғ кунлардаги авф замирида ҳам ана шундай мақсад мужассам экани билан қалбларимизни тўлқинлантирди. Авф этилган шахслар хотирасида бу галги Рамазон ҳайити унутилмас бўлиб қолиши, шубҳасиз. Мазкур муҳим ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 16 нафари асосий жазодан озод этилади, 101 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 24 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Шунингдек, 117 шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди. Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 1 нафарини аёл, 7 нафарини чет давлат фуқаролари, 164 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади. Эндиликда улар оиласи ва яқинлари бағрига қайтиб, эркин ҳаёт кечирадилар. Улар келгусида ҳам эътибордан четда қолмайдилар. Ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун кўмак берилади. Бу юқоридаги фармонда белгилаб қўйилган вазифалардан биридир.

 

Мусохон АББАСИДИНОВ,
Наманган шаҳар бош имом-хатиби

Read 2156 times

Мақолалар

Top