Мақолалар

Қисқа умрдаги ҳаёти ибрат устоз

Ҳар доим ўтмишга назар ташлаб, ундан тегишли хулосалар чиқариш ва шунга мувофиқ иш тутиш хайрлидир. Қуръони каримнинг қарийб учдан бир қисми аввалги ўтган пайғамбарлар ва умматларнинг ҳаётларини баён қилувчи оятлардан иборатдир. Бу – жамият келажагини бунёд қилишда тарихнинг муҳим аҳамият касб этишига далилдир.

Аллоҳ таоло ўзи билган ҳикматлар туфайли кимгадир узун, кимгадир қисқа умр ато этар экан. Лекин кимдир инсонлар аср бўйи бажара олмайдиган ишларни қисқагина умри ичида уддасидан чиқа олади. Инсонларга, ватанига, жамиятга фойдали инсонлар бўлгани учун уларни ҳамма яхши кўради ва узоқ йиллар яхшилик билан ёдга олади.

Мана шундай улуғ инсонлардан бири, шогирдлари қалбида фахр ва ифтихор билан эсланиб, мангу яшаётган устоз  Элмурод ҳожи Ачиловдир. Элмурод домла Қашқадарё вилояти Китоб тумани Янгиобод қишлоғида 1961 йил 31 май куни туғилдилар. 1992 - йилгача Китоб тумани "Хожа Бухорий" жоме масжидида имом ноиби, сўнгра умрларининг охирига қадар "Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти мудири лавозимида ишладилар.

Ақлини таниганидан то сўнгги куни, сўнгги нафасигача илм ўрганди, илм ўргатди. Элмурод домла кўп шогирд тарбиялаганига қарамай ўзи ҳам илм олишдан асло тўхтамади. 1998 йил Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтини битирди. Ўзбекистон Миллий университети тарих факултети бешинчи босқичида сиртдан ўқиётган эди... Ҳаётининг сўнгги кунида ҳам вафотидан бир неча соат олдин билим юртида ўзи ташкил қилган дарсда билим юрти устозлари билан бирга иштирок этган эди.

     Домла шогирдларига доимо илм олишдан мақсадинг Аллоҳнинг ризолиги, кўз очган она диёринг ободлиги, инсонларнинг маърифат топиши бўлсин, ким билан гаплашсанг  ҳам, бой бўладими ёки камбағал доимо табассум билан муомала қилгин деб насиҳат қилар эдилар. Мақсадинг Аллоҳнинг розилиги бўлса Аллоҳ сенга мададкордир, дер эдилар.

  Устоз ниҳоятда тадбиркор, ишбилармон ва эҳтиёткор киши эдилар. У зотнинг бевосита ташаббуси ва ҳашар йўли билан 5 йил ичида билим юртининг 140 ўринли янги ўқув биноси қуриб битказилди. Яна, у киши туғилиб ўсган “Макрид” жамоа хўжалиги марказида ҳам устознинг саъй-ҳаракатлари билан катта бир жомеъ масжид бино қилинди.

Элмурод домла билим юрти учун  замонавий 2 қаватли ётоқхона қурилишини жуда ҳам орзу қилардилар. Ётоқхонанинг лойиҳалари тайёр бўлган, лекин маблағ муаммоси туфайли ишлар тўхтаб турган эди. У зот: “Менинг бир армоним ётоқхонани қуриб битказиш” - дер эдилар. Ҳақиқатан ҳам бу иш кейинчалик амалга ошган бўлсада ўша пайтда у кишига армон бўлиб қолган эди.

Камтар устоз, ҳаммани бир назарда кўрар, чақирилган жойга борар ва ҳеч кимнинг кўнглини қолдирмасдилар. Савоб ишларга шамолдан ҳам тез эдилар. Тозаликни ниҳоятда севар, ён атрофдагиларга меҳрибон, энг керакли панд - насиҳатларни берар, ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдамларини аямас эдилар. Инсонларни доим яхшиликка бошлар эдилар.

Талабаларга насиҳатлар қилиб чарчамас эдилар. Илғор ўқувчилар билан алоҳида, ўзлаштриши суст ўқувчилар билан алоҳида шуғулланишни ташкил этардилар. Мана шу саъй - ҳаракатлари натижасида билим юрти мударрислари ва талабалари мунтазам фан олимпиадаларида, спорт мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллашар, билим юрти Республикада мавжуд бўлган ислом билим юртлари ўртасида ўзининг юқори нуфузи ва ўрнига эга эди.

1992 йилдан 2005 йилгача 1000 га яқин ёшларнинг таълим олишига сабабчи бўлдилар. Билим юртини битирган юзлаб шогирдлари  бугунги кунда Ватанимиз тараққиёти йўлида хизмат қилиб келмоқдалар ва соф ислом динини тарғиб  қилишда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Жамоат ишларида фаол бўлиш билан бирга баракали ижод ҳам қилдилар. Имом Абул Муъин Насафийнинг "Ат-Тамҳид ли қовоид ат-Тавҳид" асарини таржима қилдилар, матбуотда юзга яқин илмий оммабоп мақолалари чиқди.

Юртимиз равнақи, ёшларимизнинг таълим-тарбия олишлари ва соф Ислом ақидасини тушуниб етишлари йўлида кўрсатган хизматлари учун Ҳожи Элмурод Ачилов "Мустақил Ўзбекистонимизнинг 10 йиллиги муносабати билан кўкрак нишони", Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан намунали хизматлари учун "Мақтов ёрлиқлари", Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг бир неча бор ташаккурномаси ва бошқа мақтов ёрлиқлари билан мукофотланган эди.

Устоз Элмурод Ачиловдан бизга ибрат бўладиган кўп хислатлар қолди. У киши ишга бораётганда ҳам, қайтаётиб ҳам доим ота-оналари зиё­ратига шошарди. Оталари вафот этганидан кейин оналарига ёлғизлик билинмасин учун олдингидан ҳам кўпроқ хабар олганлар.

2005 йилнинг 21 декабрь куни Хожа Бухорий номли ислом билим юртининг асосчиси ва умрининг охиригача шу зиё масканига раҳбар бўлган устоз Ҳожи Элмурод домла Ачилов 44 ёшларида вафот этдилар.

Жаноза маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлаган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари устознинг вафотини, олимнинг ўлими – оламнинг ўлими, деб таърифладилар. Шунингдек таниқли олим, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари эса домланинг вафоти оддий мусибат эмас, балки динимизнинг мусибати эканини таъкидлаб, таъзия изҳор этдилар. Устознинг қадрдон дўстларидан бири Абдулҳаким қори Матқулов дафн маросимида нутқ сўзлаб: “Устозимиз бир инсон асрлар бўйи қила олмайдиган ишни қисқа умрлари мобайнида бажара олдилар. У киши ҳар бир қадамларини Аллоҳ таолонинг розилиги, ислом динининг равнақи, ватанимиз фаровонлиги учун босганлар. У кишининг ҳаёти биз учун ибрат эди, ҳатто ўлимлари ҳам биз учун ибрат бўлди, ҳар биримиз ёмонликлардан узоқ бўлиб, солиҳ ишларга кўпроқ ҳаракат қилишимиз учун танбеҳ бўлди”-, дедилар.

Хотира – фақат инсониятга берилган улуғ бир туйғу. Инсон ўтган яқинларини вақти-вақти билан хотирлаб, руҳларини шод қилиши динимиз тавсияларидандир. Агар инсон умри давомида халқи, ватани, дини учун хизмат қилиб ўтса, унинг ҳар бир хизмати самараси сизни хотирлашга ундайверади.

Аллоҳ таолодан муҳтарам устозни ўз раҳматига ғарқ этиб, бизларга у кишига муносиб ворис бўлиш шарафини насиб этишини сўраймиз. 

 

 

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти мудири

Ў. Ғузаров

 

Read 2553 times

Мақолалар

Top