Мақолалар

Ватан – онадек муқаддасдир

Ислом дини инсоният ҳаётининг фаровонлиги, унинг моддий ва маънавий камолотига сабаб бўлувчи амалларга чорлайди. Шу сабабли, инсон манфаати учун амалга ошириладиган барча хайрли ишлар динимиз томонидан ҳар доим қўллаб-қувватланади, чорланади. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, унинг зурриётларини ер юзига тарқатди. Одам ато ва Момо Ҳавводан тарқалган зурриётлар ерда турли миллат ва элатларни ташкил қилиб, ҳудуд ва маконларни ўзлари учун маскан тутдилар. Бу ҳақда Қуръони каримнинг Ҳужурот сурасида: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик...”, - дейилган (Ҳужурот, 13).

Табиийки, инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун муқаддас маскан – Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмашиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматлироқ даргоҳ ҳисобланади. Демак, ватанни севиш, уни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида, яъниким табиатида мавжуд бўлган ҳис-туйғудир.

Таълимотимизда она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон фидо қилган кишиларга улуғ мақом берилиши қайд этилган.  Бу бежиз эмас, чунки, у инсон учун жондан ҳам азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Шунинг учун ҳам ватан лафзи олдига жонажон деган сўз қўшиб айтилиши одатга айланган. Бу борада Иброҳим ибн Адҳам (р.а.): “Мен одамларни текшириб ўрганиб чиқиб, ватанга интилувчидан кўра кучлироғини топмадим”, деган экан.

Саҳоба Умар ибн Хаттоб (р.а.): “Аллоҳ таоло юртларни ватан муҳаббати билан обод қилди, агар ватан муҳаббати бўлмаганида юртлар хароб бўларди” деган. Ҳа, мўмин киши ватанини севади, юрт учун барча яхшиликларни бажаради, хизматида садоқатли ғайрат кўрсатади, ҳимоясида фидокорона меҳнат қилади. Чунки ҳар бир истиқомат қилувчининг зиммасида яшаб турган ватанининг қарзи ва ҳақлари бор. Улар бу қарз ва  ҳақларни юрт тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб узади.

Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳадисларининг бирида: "Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун "Аллоҳга ҳамд бўлсин" деса, шунда у ўша неъматидан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади", дея марҳамат қилганлар. Дарҳақиқат, кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этмоғимиз неъматлар баракасига замин яратади. Тарихдан маълумки, Иброҳим (а.с.) Макка ҳақига қилган дуоларида аввал у жойга тинчлик, сўнгра аҳлига ризқ сўраб дуо қилганлар. Қуръони каримда бу ҳақида: “Эй, Роббим, буни (Маккани) тинчлик  шаҳри  қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!”, дейилган. Ўша пайтда ҳам Макка шаҳри тинч эди. Тинч бўлиб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш шу жойда тинчлик бардавом бўлсин дейишни ифодалайди. Демак, осойишта юрт учун яна тинчлик сўраб дуо қилиш мақсадга мувофиқ амаллардан экан.

Абдулла Авлоний эса она Ватан ҳақидан шундай деган эди: “Ватан сенинг номинг муқаддасдир. Кимки буни билмас унинг ақли пастдир”.

Доноларимиз ушбу ўгитлари, тарих сабоқлари бизга доимо шуни таъкидлаб турадики, ўз озодлигини, ҳурлигини, давлат сарҳадларининг дахлсизлигини, яхлитлигини таъминлай олган халқ, мамлакатгина гуллаб-яшнайди, ривож топади.

Аслида Ватаннинг таърифини якунига етказиб бўлмайди. Бироқ, Аллоҳ таолога ҳадсиз ҳисобсиз шукроналар бўлсинки, тинчлик дея аталмиш неъматга эгамиз. Бунинг эвазига шу заминнинг ҳар сатҳини кўз қорачиғидек асрамоғимиз муҳимдир. Бинобарин, Иброҳим сураси, 7-оятда шундай марҳамат қилинади:

"Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман".

 

Зиёуддин Мирсодиқов

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири,

Юнусобод туман “Юнусобод Оқ-тепа” жоме масжиди имом хатиби

Read 7728 times

Мақолалар

Top