Мақолалар

Исломий ижтимоий молия ва унинг камбағаллик даражасини пасайтиришдаги фойдалари

Халқаро Банк Гуруҳининг тадқиқотларига кўра 2015 йилда дунё аҳолисининг 10 фоиз қисми кунига 1.90 доллардан камроқ маблағга кун кечиради[1]. Бу улушни сонларда ифодалайдиган бўлсак, у таҳминан 736 миллион кишига тўғри келяпти. Афсуски, бу кўрсаткич барча давлатлар бўйича тенг тақсимланмаган. Масалан, дунё бўйича ўта камбағал аҳолининг ярмидан кўпи Африканинг Саҳрои Кабир остидаги қисмида жамланган бўлиб, агар у ердаги иқтисодий муҳит шу таҳлитда давом этса, 2030 йилга келиб бу минтақадаги 10 кишидан 9 таси ўта камбағаллар гуруҳига кириш эҳтимоли бор. Бу кўрсаткичлар одамларнинг иқтисодий томондан камбағал эканлигини кўрсатиш билан чекланади, лекин молиявий имконияти йўқлиги кетидан келувчи бошқа таъсирлар - соғлиқни сақлаш, таълим ва ичимлик сувини етказиб беришдаги муаммолар ҳолатнинг янада жиддий эканини билдиради. Юқоридаги манбада яна айтилишича камбағалликдан қутула олган аҳоли иқтисодий қалтис ўзгаришлар туфайли аввалги ҳолатига қайтиб қолиши хавфи ҳам кўп учраб туради.

Дунёдаги шу каби ҳолатларни тўғрилаш учун ҳар бир шахснинг манфаатини устун қўювчи иқтисодий тизим керак бўлади. Исломий молия айнан шундай нарсани биринчи ўринга қўювчи шариат асосига қурилган.

Исломий молия

Исломий молия деганда исломдаги шариат ҳукмларига асосланган кўринишдаги молиявий амаллар тушунилади. Исломий ижтимоий молияга шариат асосида амалга ошириладиган микрокредитлар, закот, садақа ва вақф киради. Буларнинг ҳар бири билан батафсил танишиб, камбағаллик даражасини камайтиришдаги ёрдамини ўрганиб чиқамиз.

Исломий микрокредит

Микрокредит қисқа муддатга кам таъминланган ёки иқтисодий томондан барқарор бўлмаганлар учун берилувчи кичик миқдордаги қарздир. Бу турдаги қарз кичик ва ўрта даражадаги бизнеслар учун ҳам мос келади. Одатий молия тизимидаги микрокредитлар фоизли қарз асосига қурилган бўлиб, унда қарз олувчининг ўзигина таваккал қилади. Қарз берувчи ташкилот - банкларнинг ягона мақсади бошқаларга қарз бериш кетидан фойда олиш бўлади. Исломда фоизли қарз рибо дейилади. Рибо исломда ҳаром қилинган бўлиб, у нафсий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатлардан зарарли, деб билинади. Судхўр одам фақатгина ўзининг манфаатини кўзловчи ва муҳтож одамларга паст назар билан қарайдиган ҳолга келиб қолади. Жамиятда фақат ўзининг манфаатини устун деб билувчилар бўлиши, улар одамларнинг муҳтожлигидан фойда олиши одамлар орасидаги адоват ва ҳасад туйғуларини орттиради. Иқтисодий жиҳатдан жамият бир-биридан катта фарқ қилувчи икки табақага бўлиниб қолади.

2008 йилдаги тадқиқотга кўра асосий аҳолиси мусулмон бўлган давлатларнинг 72 фоиз аҳолиси одатдаги банкинг тизимидан фойдаланмаслигини айтган ва уларнинг 40 фоизи бу қарорга сабаб одатдаги банкинг молия тизимининг шариат қоидаларига тўғри келмаслиги бўлган[2] [3].

Исломий шариат асосидаги микрокредитларда ҳолат бундан фарқ қилади. Бу микрокредитларда судхўрликка ўрин бўлмайди. Исломий микрокредитда қуйидаги шартларга амал қилиш лозим бўлади[4]:

  1. Қарз берувчи ва қарз олувчининг ҳам зарарга шерик бўлиши. Одатдаги микрокредит тизимида фақатгина қарз олувчи зарарга киради, қарз берувчи ташкилот доим фойдада қолади.
  2. Фойдага қарз берувчи ва қарз олувчи ҳам шерик бўлиши. Исломий микрокредитда икки томон ҳамкор, шерик сифатида ишлаши фойдани ҳам икки томонга бўлинишини талаб қилади.
  3. Судхўрлик аралашмаган ҳолда қарзни қайтаришнинг ўзгармас ставкаси.
  4. Шаффофлик. Икки томон ҳуқуқ ва мажбуриятлари қарз шартномасида очиқлигича ёзилиши, иккинчи томонга очиқланмаган қарз шартларининг бўлмаслиги.
  5. Ижтимоий фаровонлик ва адолат.

Закот ва садақа

Исломда инсонларга нафақат жисмоний, балки молиявий ибодатларни бажариш ҳам буюрилган. Шулардан бири исломнинг асосий рукнларидан бири бўлган закотдир. Закот ёрдамида жамиятдаги мол-мулк фақат бойларнинг қўлида тўпланиб қолмайди, муҳтожларга закот кўринишида ёрдам берилади. Закот ҳар бир балоғатга етган, ақли жойида бўлган ва бойлиги белгиланган миқдорга (нисоб) етган эркак ва аёлга фарз қилинган. Кишининг бойлиги белгиланган миқдорга етмагани уни молиявий ибодатлардан чеклаб қўймайди. Закот бериш фарз бўлмаган одам ҳам садақа бериш орқали савобга эга бўла олади. Масалан, бойлиги закот бериши керак бўлган даражага етмаган, лекин ўзига тўқ бўлган кишилар ихтиёрий кўринишда садақа бериб савоб олишлари мумкин.

Закот ва садақа ижтимоий-иқтисодий томондан ҳам жамиятга фойда келтиради. Биринчи ўринда закот ва садақа қилиниши ортидан жамиятдаги мол-мулкнинг бир табақа қўлида қолиб кетишининг олди олинади, яъни ўта бой ва ўта камбағал табақалар юзага келишига қарши восита бўла олади. Бундан ташқари, закот олишга ҳақли бўлган тоифадаги одамлар айни кам таъминланганлар, камбағалларга тўғри келади. Тавба сурасининг 60-оятида айнан кимлар закот олишга ҳақли эканлари айтиб ўтилган. “Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғилларига (сафарда қийналиб қолганларга) берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билувгувчи ва  ҳикматли зотдир”. Мақола аввалида келтирилган, кунига 1.90 долларга кун кечирувчиларни оятда айтилган фақир ва мискин тоифаларига киритиш мумкин, албатта. Юқорироқда айтиб ўтилган кам таъминланганларнинг таълим билан боғлиқ муаммоларига ҳам закот кўринишида ёрдам бериш, ўқиш тўловларини тўлаб бериш мумкин. Натижада кишилар бирон мутахассисликни ўрганиб чиқиб, мустақил ишлай оладиган бўлади ва бу жамиятдаги ишсизлик даражасининг тушишига олиб келади. Ҳамманинг ҳам тақдирида бой бўлиш ёзилмаганини ҳисобга олсак, исломий молиявий ибодатлар ёрдамида аҳоли ичидаги бойларгина эмас, балки кам таъминланганлар, муҳтожлар ҳам ўз ҳаётини яхшилаб олиши имконияти туғилади.

Вақф

Вақф сўзига “Вақф” хайрия жамоат фонди сайтида қуйидагича таъриф берилган[5]:

“Вақф” сўзи луғатда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади. Вақфнинг шаръий таърифи борасида турли фикрлар билдирилган. “Вақф - нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир”. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар каби) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.

Нақд пул, кўчмас мулк, ер, бино, станоклар, аксиялар ёки бошқа мулк бўла оладиган нарсаларни вақф қилиш мумкин[6]. Киши ўзи мустақил ҳолда ўз мулкини вақфга айлантириши ёки бу ишни бир неча киши бирлашиб ҳам қилиши мумкин. Вақф қилинган мулкни шаффоф тарзда самарадор бошқариб туриш талаб қилинади.

Ислом тарихига қарайдиган бўлсак, вақф мулки турли соҳаларга ўз фойдасини бера олган. Вақф мулкига масжид-мадрасалар, таълим масканлари, шифохоналар, муҳтожлар учун уйлар, кутубхоналар ва жамиятга фойда келтирувчи бошқа жойлар қурилган. Бу жойларнинг ижтимоий ўсиш даражасини оширишдаги улуши катта бўлган.

Ҳозирги кунда ҳам дунёдаги камбағаллик даражасини камайтириш ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим топишда вақф мулкларидан фойдаланиш мумкин. Масалан, таълим масканлари, соғлиқни сақлаш марказлари, чекка ҳудудлардаги аҳоли учун қудуқлар қазиш, шу ҳудудлардаги юқумли касалликлар олдини олиш учун сув тозалаш техникаларини ишга тушириш ва бошқалар.

Ҳозирда камбағаллик ва у каби ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг таъсирини камайтириш учун турли халқаро жамиятлар иш олиб бормоқда. Raptim.org[7] сайтида берилган маълумотга кўра бундай жамиятлар сони 40 дан ортиқ ва улар дунёнинг турли қисмларида фаолият олиб боришади. Уларнинг ичида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТ ТД) алоҳида эътиборга моликдир. БМТ ТД ташаббуси билан дунё бўйича ҳамма учун барқарор келажак тузиш йўлида лойиҳа ишлаб чиқилди. Лойиҳа номи Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (БРМ) бўлиб, унга кўра 2030 йилга қадар дунё миқёсида 17 та мақсадга эришишни режа қилинган. Бу мақсадларга камбағаллик, ишсизлик ва очликни камайтириш, табиатни асраш, сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини йўлга қўйиш кабилар киради[8]. Ислом Тараққиёт Банки берган маълумотларга кўра дунё миқёсида таҳминан 230-560 миллиард доллар пул закот учун ажратилади ва Улрика Модернинг айтишича[9] бу маблағ юқорида айтилган мақсадларга эришишда салмоқли ёрдам бериши мумкин. Масалан, БМТ ТДнинг Индонезиядаги бўлими Индонезия миллий закот йиғиш агентлиги билан ҳамкорликда закот пулларига қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқда. Бу лойиҳа Жамби провинсиясидаги деярли 5000 киши учун ёрдам бўлмоқда. Яна бир мисол - табиий офатлардан жабр кўрганлар учун ёрдамни ташкил қилишда БМТ ТД Индонезиянинг миллий закот йиғиш агентлиги билан ҳам ҳамкорлик қилган. Малайзиядаги камбағалликни камайтириш ва барқарор энергия манбаларини йўлга қўйиш учун ҲСБC банкининг Малайзиядаги бўлими 120 миллион долларлик фоизсиз исломий қарз ажратган.

Исломий молия тизими мижозлари сони ортиб бормоқда. Британиядаги энг йирик исломий молия муассасаси Ал Раян Банк унинг мусулмон бўлмаган мижозлари сони ошаётганини айтмоқда. 2010 йилда ҳар 8 мижоздан биттаси номусулмон бўлган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич ҳар 3 кишидан бирига тўғри келяпти[10]. Исломий молия тизимининг фойдаланувчилари сони ортишининг ўзи бу тизимнинг самарадорлигини ўлчашда етарли бўлмаслиги мумкин. Исломий ижтимоий молиянинг тўлиқ потенсиалини ўрганиш учун одатдаги тадқиқот марказлари етарли бўлмайди, дейди Нур Банки директори Ҳусайн ал-Қезми[11]. У исломий ижтимоий молиянинг қай даражада самарадорлигини ўрганиш учун тадқиқот марказлари ўрнига лабораториялар ташкил қилиниши, у ерга иқтисодчи, ҳуқуқшунос ва олимлар йиғилгани ҳолда бу молия турининг инфратузилмаларга қай йўл билан бириктирилишини тажриба асосида ўрганилишини тавсия қилмоқда. Бу жараён давомида жамиятдаги ҳолатни яхшилаш учун нафақат назарий, балки амалий ёрдам бериш ҳам мумкин бўлади.

Ишончлилик ва шаффофлик

Исломий ижтимоий молиянинг фойдали томонларини кўриб чиққан ҳолда яна бир муҳим мавзуга эътибор қаратишимиз лозим бўлади. Муҳтожларга ёрдам беришни истовчилар ўзлари эҳсон қилган маблағнинг ҳеч қандай камайишларсиз тўғридан-тўғри ҳақли одамларга етиб боришини хоҳлашади. Хайрия фондлари ўзининг эмас, жамиятдаги одамларнинг пули устига амалиёт олиб борар экан ўз фаолиятини тўлақонли шаффоф ва ишончли кўринишда олиб боришга мажбурдирлар.

Одамлардан йиғилган маблағнинг ўз жойига ишлатилишини таъминлаш ва шаффофликни ошириш учун замонавий технологиялардан фойдаланиш ғоялари баъзи ташкилотлар томонидан илгари сурилди. Масалан, БМТ ТД бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда закот молларини йиғишдан муҳтожларга топширишгача бўлган ишлар шаффофлигига эришиш учун блокчейн (инглиз: blockchain) технологияси асосидаги вақф молларини бошқариш платформасини тузмоқчи. Блокчейн технологиясида платформадаги барча амалиётлар тарихи доим ўзгармас ҳолда сақланади, ҳеч ким киритилган маълумотларни таҳрирлай олмайди. Бу ўз ўрнида вақф мулкидан нотўғри мақсадда фойдаланишнинг олдини олишда ёрдам беради. Лекин бу технологиялар нақд пул асосида бўлаётган амалиётларни кузатиш ва бошқаришда тўлиқ бошқарув имкониятини бермаслиги мумкин. Нақд пуллар асосидаги амалиётларни тўлиқ кузатиш мақсадида Миср ва Кеня давлатларида ижтимоий ақлли карталар ишлаб чиқарилган бўлиб[12], бу ёрдам сифатида ажратилган маблағдан бундан бошқа мақсадда фойдаланишининг олдини ола олади.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, юртимиз аҳолисининг аксар қисми мусулмонлар ва улар исломдаги молиявий ибодатлар эҳсон, садақа, закотларга алоҳида эътибор берадилар. Лекин афсуски, бу маблағлар ҳар доим ҳам керакли ўринларга сарфланмаяпти. Дабдабали эҳсон дастурхонлари, кетма-кет уланадиган ифторликлар, масжидларни меъёрдан ортиқча зийнатлаш кабиларга кетаётган миллионлаб пуллардан тўғри фойдаланилса, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ҳамда янги иш ўринлари яратишга қаратилса   жамият учун фойдалироқ бўлар эди. Тошкентда вафот этган одам учун тўйхонада қилинадиган битта ўртача эҳсонга 8-10 миллион сўм пул сарфланади. Агар шу маблағ жамият учун манфаатли бўлган соҳада ўқиётган иқтидорли талабага сарфланса, аввало бутун бошли миллат учун фойдалироқ бўлган, қолаверса, марҳум учун йиллар давомида савоби етиб турадиган садақаи жорияга айланган бўлар эди.

Асрлар давомида, аждодларимиз ижтимоий ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган вақф амалиётлари советлар даврида бутунлай унутилиб кетди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил қилинган “Вақф фонди” ана шу унутилган қадриятга қайта жон бағишлади. Эндиликда, диний олимларимиз олдида ушбу вақф амалиётларини халқимизга тўғри тушунтириб бериш вазифаси долзарб бўлиб турибди.

Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, исломдаги молиявий ибодатлар натижасида камбағллар учун жуда катта маблағлар ажратилади ва агар исломий ижтимоий молиялардан тўғри фойдаланилса, дунё бўйлаб камбағаллик даражасини пасайтиришда салмоқли натижаларга эришиш мумкин.

 

 

Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти

4-босқич талабаси Умархўжаев Муроджон

 

[1] https://www.worldbank.or g/en/topic/poverty/overview

[2] https://www.borgenmagazine.com/how-islamic-finance-can-reduce-poverty/

[3]https://openknowledge.worldbank.org/bitstream/handle/10986/22000/on0the0sustain0e0of0islamic0finance.pdf?sequence=1

[4] Исломий ижтимоий молия: камбағаллик даражасини камайтириш учун барқарор йўл. Аким Колаволе Одедунтан

[5] http://vaqf.uz/uz/pages/view/vaqf

[6] Исломий ижтимоий молия: камбағаллик даражасини камайтириш учун барқарор йўл. Аким Колаволе Одедунтан

[7] https://www.raptim.org/45-organizations-that-battle-poverty/

[8] https://www.un.org/sustainabledevelopment/sustainable-development-goals/

[9] https://www.undp.org/content/undp/en/home/news-centre/speeches/2018/Unlocking_Islamic_Social_Finance_to_Help_Communities_Address_Vulnerability_and_Inequality.html

[10] The Economist. https://www.economist.com/britain/2018/10/20/why-non-muslims-are-converting-to-sharia-finance

[11] https://gulfnews.com/business/banking/social-impact-of-islamic-finance-1.1924865

[12] https://blogs.worldbank.or g/eastasiapacific/can-islamic-social-finance-be-key-end-poverty-and-hunger

Read 2974 times

Мақолалар

Top