Мақолалар

Улуғларнинг оналари: Бугун қайси сурани ўргандинг? 

Динимиз бола тарбиясида онанинг ўрни муҳим эканлигини уқтиради. Чуник, буюк зотларнинг кўплари илм олиб, юксак мартабаларга етишувида оналарининг ҳиссаси кўп бўлганига тарихда мисоллар етарли.

Ҳадис илми устозларидан Суфён Саврийнинг онаси ўғлига бундай деган экан: “Ўғлим, илм ўрганинг, рўзғор ташвишларини ўйлаб, фикрингизни бўлманг. Мен, иншааллоҳ, ип йигириб сотиб ўқишингизга кўмаклашаман”. Натижада унинг ўғли Суфён йиллар ўтиб Авзоий таърифлаганидек: “Ислом уммати сўзини бир овоздан қабул қиладиган нодир олим” бўлиб етишди.

Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий отасидан жуда эрта етим қолади. Фарзанд тарбиясидан хавотирланган она икки яшар ўғлини Ғаззадан Маккага олиб келади. “Ота-боболаринг юртида ўсиб-улғайганинг яхши”, дейди. Шофиъийнинг ўзлари ҳикоя қилганларидек: “Онам мени ўқитишни жуда-жуда истарди. Лекин етарли маблағи йўқ эди. Менинг ўзим ўқишга астойдил киришдим”. Музаний дейди: “Шофиъий етти ёшида Қуроънни ёд олган, ўн ёшида эса “Муватто”ни ёдлаган”.

Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал ҳикоя қилади (у киши ҳам жуда эрта етим қолган): “Олти ёшимда онам мени тонг саҳар уйғотиб, ўзи таҳорат олдирар эди. Таҳорат олиб бўлганимдан сўнг чиройли кийимларни кийгазиб, қўлимдан етаклаб масжидга олиб келарди. Мени хонақохга киргизиб, ўзи масжиднинг пана жойига ўтиб оларди. Бир оздан кейин муаззин келиб, бомдод намозига азон айтарди”.

Ибн Нажийя (Нужийя) номи билан танилган улуғ олим Али ибн Иброҳим даврининг катта муфассир ва воизларидан бўлган. Султон Нуриддин Зинкий ва Салоҳиддин Айюб ҳурматига сазовор бўлган. Ана шу олим тафсир фанида катта ютуқларни қўлга киритишидаги сирни айтиб, бундай дейди: “Тафсирни тоғамдан таълим олганман. Дарсдан қайтишим билан онам сўроққа тутарди:

– Бугун қайси сурани ўргандинг?

Мен дарсни тоғамдан қандай эшитган бўлсам, шундайича онамга айтиб берардим. Онам сўзларимни охиригача тинглаб бўлиб, бошини чайқарди: “Яхши, лекин ҳамма билганларини айтмабди-да. Мен тафсирни тоғанг билан бирга ўрганганман. Аслида уламолар бу оят тафсирида бундай дейишган, яна бундай дейишган”, деб тоғам айтганларига қўшимча қилиб қўярди”.

Бундай гўзал ибратлар билан танишиб, Пайғамбаримизнинг “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деган ҳадисларини яна ҳам теранроқ англаймиз. Ҳадисда таърифи келган оналар фарзанд тарбияси улуғ вазифа эканини тушуниб, бурчларини муносиб бажарган оналардир.

“Ҳидоят” журнали 2012 йил, 11-сон.

 

Read 2591 times

Мақолалар

Top