Мақолалар

Пул ҳаммага керак. Аммо... 

Пул ҳаммага керак. Аммо, тез ва осон пул топаман деб мусулмоннинг жиноятга қўл уриши, ҳаромдан бойлик орттиришга интилиши, оқибат уни икки дунёда хор қилади.   

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Охиратни деб дунёсини, дунёни деб охиратини тарк қилган банда яхшиларингиз эмас. Чунки иккисида ҳам жамғариши лозим бўлган жиҳати бор. Одамларга боқиманда бўлиб қолманглар – зинҳор  ўзгаларга оғирлигингиз тушмасин”.

Мазкур ҳадис мўмин-мусулмонларни у дунёни унутмаган ҳолда, ўзгаларга юк бўлмасдан, меҳнат қилиб, ҳалол йўл билан бу дунё эҳтиёжларига етарли мулк, маблағ топишга ундайди. Шарти шуки, фақат ҳалол йўл билан.                   

Сўнгги пайтларда, интернет саҳифалари, айниқса ижтимоий тармоқларда “уйдан чиқмасдан бой бўлишни хоҳлайсизми”, “Кўп пул топиш учун ажойиб имконият” ёки “Бир кунда миллион топишни истайсизми?” каби жимжимадор рекламалар орқали турли каналлар ва гуруҳларга аъзо бўлишни таклиф қилаётган “bet”лар ҳаддан зиёд кўпайиб кетди. Айниқса бугунги карантин шароитида, инсонларни уйда қолиб, кўпроқ вақтларини ижтимоий тармоқларда ўтказаётганлигидан фойдаланаётган фирибгарларнинг ишлари авжида. 

Ўзига оҳанрабодек жалб этаётган рекламалар домига тушаётганлар сони эса сўнги 2 ойда каррасига ортиб бормоқда. Тўғрида, пандемия шароитида, ишга бормасдан осонгина, ҳеч қандай меҳнатсиз ва ҳаракатсиз пул топиш, бойиб кетиш кимга ҳам ёқмайди?! Бироқ озгина ақл юритсангиз уларнинг фирибгар ва ёлғончи, камига очиқчасига ҚИМОРБОЗ эканлигини ва сизни ҳам қиморга тортаётганининг гувоҳи бўласиз. Қимор эса ҲАРОМ, оқибат жиддий хавф ва мусибатларга олиб келувчи жирканч иш.         

Аллоҳ таоло Қуръони каримда қиморни қаттиқ қоралаб шундай марҳамат қилади:  
“Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз” (“Моида” сурасида, 90-оят).

“Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?!” (“Моида” сурасида, 91-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “...Ким бир биродарига: “Кел, қимор ўйнаймиз” деса, дарҳол садақа қилсин”, деганлар (Бухорий ривояти).

Қимор шу даражада оғир гуноҳки, уни ўйнаймиз, деган гапнинг ўзиёқ каффоротни тақозо қилади. Бунда, қимор ўйнамоқчи бўлган пулни садақа қилиш кўзда тутилган. Зинҳор қимордан ютиб олган пулни эмас. Қимордан ютилган пул ҳаромдир. Ҳаромни садақа қилиб бўлмайди.         

Хўш, айни дамларда одамларни пул топишга қизиқтираётган интернет тармоғидаги гуруҳлар ва каналларни бошқараётганлар (админлар), қилаётган ишлари ҳаром эканлигини билишармикан?!        

Келинг,  бу “шоввоз”ларнинг пул топиш услублари билан яқиндан танишамиз.

Аввало, улар рекламаларда ўзларини гўёки қайсидир спорт ўйинидаги маълум бир жамоага пул тикиб, бойиб кетган (бу қимор!) ва шу бойликларини сизлар билан бўлишмоқчидек кўрсатади. Баъзилари эса каналга аъзо бўлганингиздан сўнг “фалон мусобақадаги унисига, бунисига пул тикинг” деган таклифни киритади. Бироқ, каналга ёки сайтга киришингиз билан олдиндан ҳисобни тўлириш кераклигини айтишади. Мана шу ерда сиз ҳам қимор ўйинига аралашасиз (қиморбоз бўласиз) ҳамда фирибгарнинг тузоғига тушасиз. Чунки, ҳали бу ҳаром ва жирканч қимор ўйинларида ютиб, пулини олган бирор кимсани танимайсиз. Демак, улар фирибгар.

Фирибгарлар...

Аллоҳ таолонинг Каломида келтирилган бир оятга назар соламиз: “Мол ва бойликларингизни ўрталарингизда ботил йўллар билан емангиз. Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз.”(Бақара сураси, 188-оят).

Юқорида сизни бой қиламан деган «свайпчилар»нинг фирибгар эканлигини таъкидладик. Аллоҳ таоло Ўз Каломида ботил йўл билан ўзгалар молини ейишни ман қилган. Ўзганинг молини ноҳақ ейиш эса ҲАРОМдир.

Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талофат етказади” – дея таъкидлаганлар (Имом Бухорий ривояти). 

Яна бир ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас. Макр ва алдов дўзахдадир” – дея қатъий огоҳлантирганлар (Имом Табароний ривояти).

Бой бўлишни истовчилар ДИҚҚАТИГА!

  • Аллоҳ таолога дуо қилиб, ризқингизга барака беришини сўранг;
  • Меҳнат қилишни ўрганинг;
  • Ҳалол йўл билан бойлик орттиринг;
  • Пулингизни ҳалол ва пок ишларга сарфланг;
  • Қимордан ҳазар қилинг. Қиморбознинг жойи жаҳаннамдадир;
  • Фирибгарларга алданманг, ақлингиз ва иймонингизга қулоқ солинг;
  • Фирибгарларнинг юқоридаги каби турли ҳийлаларини интернет ва мессенжерларда тарқатманг;
  • Аллоҳ таолонинг ҳисоби ва АЗОБИДАН қўрқинг!

betларни юритаётган “админ”лар диққатига! Ўз каналингиз орқали қимор, фаҳш, гуноҳ, фирибгарлик ва бошқа, инсонларни йўлдан оздирувчи, иймонига салбий таъсир этадиган рекламаларни тарқатишни БАС ҚИЛИНГ!

Қонуний, ҳалол ва адолатли бизнес режалар, таклифлар ва ҳамкорликларни тарғиб этинг!

Кимларнингдир гуноҳ амалларига шерик бўлиб қолманг! 

Азизлар, Сарвари коинот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ҳаром еб ўсган вужуд жаннатга кирмайди”, деганлар  (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).   

Чунки, ҳаром луқма еган кишининг дуолари ҳам, ибодату илтижолари ҳам қабул бўлмайди!

Бугун, фақат сиз эмас, бутун дунё пандемия шароитида, қийинчиликлар ичра яшамоқда. Аммо, бу вазият, иқтисодий ночорлик мусулмонни ҳаромга қўл уришига сабаб бўлмайди. Ризқимиз Аллоҳ таолонинг зиммасида! Биз фақат сабабини ҳалолликдан излашимиз лозим!

ҲАРОМДАН УЗОҚРОҚ ЮРИНГ!

Саидаброр Умаров

 

Read 3052 times

Мақолалар

Top