Мақолалар

Худо суйган бандамисиз?

Баъзан, муваффақиятга эришган ёки мол-дунёга эга кишиларни кўриб одамлар “Худо суйган бандада” дея эътироф этишади. Мантиқан тўғри фикрга ўхшайди. Чунки, инсонларга барча нарса, омадни ҳам бахтни ҳам Аллоҳ таоло беради. Аммо, неъматларнинг аксари синов учун ҳам берилиши мумкин.

Хўш, унда Аллоҳ суйган банда қандай бўлади? Қуйида шу ҳақдаги уламоларнинг фикрларини келтириб ўтамиз.

         Уламолар айтади: Аллоҳ суйган банда эканлигини билмоқчи бўлган инсон қалбига ва амалларига қарасин: “Агар қалбида фақат Аллоҳ бўлса ва амаллари қалбидагини рўёбга чиқарса демак у Аллоҳнинг муҳаббати йўлидадир”.

 Ҳазрати шайх Ҳариси Муҳосибий қуддиса сирруҳу айтганлар: “Аллоҳнинг муҳаббатига лойиқ зотларда ўн икки хислат сақланмоғи лозим:

  1. На ёлғон, на рост гапга қасам ичмаслик.
  2. Ёлғондан сақланмоқлик.
  3. Ваъдасидан қайтмаслик.
  4. Махлуққа лаънат ўқимаслик.
  5. Ҳеч кимни дуойибад қилмаслик (яъни қарғамаслик).
  6. Зулм кўрса таҳаммул (сабр) этмоқлик.
  7. Ҳаромдан сақланмоқлик.
  8. Ўзини ҳеч кимсадан улуғ кўрмаслик.
  9. Ҳеч кимсанинг дилини оғритмаслик (ранжитмаслик).
  10. Муридни (илм ўрганувчилар) инжитмаслик (ўзидан совутмаслик).
  11. Қазо келса сабр ва шукр қилиш”.

“Эй кўнгил! Сен Аллоҳ мени севадими, севмайдими, деб қизиқяпсанми? Хўш, бунинг ўлчови борми, бор бўлса нимадан иборат? Сен Аллоҳга қалбан нақадар боғлиқсан? Аллоҳга бўлган ишқинг қай даражада – ўлчов мана шудир. Билким, сенинг Аллоҳга бўлган муҳаббатинг Аллоҳнинг сенга бўлган муҳаббатидир. Бу инсоннинг ботинидаги туйғуларга боғлиқ. Ана шу туйғулар майдонга келсин, қалб нурлансин, деб зикр қилинади. Зеро, Аллоҳнинг “Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман”, деган ваъдаси бор. Бу амал нақадар гўзал!” (Тоҳир Малик).

Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда Ўзи севган бандалари ҳақида шундай марҳамат қилади:

“Айтинг (эй Муҳаммад!): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”(Оли Имрон, 31)

Демак, Аллоҳ таолонинг суюкли бандасига айланиш учун аввало, Аллоҳга муҳаббат қўймоғимиз, унга содиқ қолмоғимиз ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, ул зотнинг суннатларига маҳкам амал қилмоғимиз лозим экан.

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 2256 times

Мақолалар

Top