Мақолалар

Қарзимни уза олмаётганим туфайли сиздан уялиб юрибман

Қарз. Инсон ўзига зарур бўлган маблағ ёки нарсани мухтожликдан қийналиб сўраб келган биродарига бериши қарздир. Аммо, аксар ҳолларда қарздор одам қарзини ўз вақтида қайтара олмаслиги мумкин. Шундай вазиятда қарз берган киши нима қилиши керак?

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

“Агар ночор бўлса, бойи­гунича кутишдир. Садақа қилмоғингиз, агар билсангиз, ўзингиз учун яхшидир” (280-оят).

Мусулмонлик одоби агар қарздор ночор бўлса, қарз берувчини сабр қилишга, қарздорни қийин-қистовга олмасликка, у ўзини ўнглаб олгунича кутиб туришга чақиради.

 “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким камбағалга муҳлат берса ёки ундан баъзисини ўтиб юборса, уни Аллоҳ қиёмат кунида, Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Аршининг соясига олади”, дедилар”.

Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган.

Бошқа бир ҳадисда Бурайда Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ночор кишига муҳлат берса, унга ҳар бир куни учун битта садақа бўлади. Агар муҳлати келгандан кейин яна муҳлат берса, ҳар бир кунига унинг мислича садақа бўлади”, дедилар. Ибн Можа ривоят қилган. 

Шу ўринда мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳазратлари билан бўлиб ўтган бир воқеъани эслатиб ўтсак.

Ҳазрати Шақиф раҳматуллоҳи алайҳ ҳикоя қилади: Мен ҳазрати Имом Аъзам билан бирга кетаётган эдим. Бир киши у зотни узоқдан кўрибоқ ўзини четга олди ва бошқа йўлга бурилиб кетди.  Буни сезиб қолган имом ҳазратлари ҳалиги кишини чақирдилар. У одам келгач:

  • Нега йўлингни ўзгартирдинг? Нега мендан бекиниб юрибсан? – деб сўрадилар.
  • Сиздан ўн минг дирҳам қарзим бор, олганимга анча бўлди, аммо қийин аҳволдаман. Қарзимни уза олмаётганим туфайли сиздан уялиб юрибман – деди ҳалиги киши.

Имоми Аъзам ҳазратлари шунда дедилар:

  • Субҳаналлоҳ! Шу холосми? Ундай бўлса, бор, мен қарзимдан воз кечдим. Бундан буён мендан яшириниб юрма. Мен туфайли дилингда пайдо бўлган қўрқув учун мени авф эт..!

 

“Жавоҳирул-баён” китоби асосида

Саидаброр Умаров тайёрлади   

Read 2457 times

Мақолалар

Top