Мақолалар

Меҳмоннинг фазилати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар ва севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустофо соллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз салоту саломларимиз бўлсин.

Юсуф алайҳиссаломнинг гўзал иш-ҳаракатларидан бири, у зот ҳеч қачон ёлғиз таом емас эдилар, шунинг учун Аллоҳ таоло у зотни Муҳсин деб номлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қайси бир мўминнинг хонадонига меҳмон келса, мезбон меҳмонга кулиб боқса, унинг кўзларига дўзоҳ ўти ҳаром қилинади”.

Иброҳим алайҳиссалом кундузи таом емоқчи бўлсалар, бир ёки икки мил юриб бўлса ҳам, бирга овқатланиш учун бир меҳмон ахтарар эдилар.

Кимки меҳмонни икром қилмаса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларидан эмас ва Иброҳим алайҳиссалом миллатидан ҳам эмас. Кимки Аллоҳ таоло ризоси учун меҳмонга таом берса, онасидан янги туғилгандек гуноҳлардан пок бўлади.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу шундай дедилар: Уйимга меҳмон келди, уйда тоза сув ва қаттиқ нондан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Меҳмонга боримни қўйдим, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан меҳмоннинг фазилати ҳақида сўрадим. Шунда ул зот менга дедиларки: “Етти қават осмон фаришталари йиғилсалар ҳам, бунинг тавсифини келтира олмайдилар. Ким Аллоҳнинг севикли бандаларидан бўлишни хоҳласа, меҳмони билан бирга таом есин”.

Бир киши: “Бунинг (меҳмонни икром қилишнинг)савоби нима, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам?”- деб сўради. “Бунинг савоби бир йил нафл рўза тутган, Байтуллоҳни ҳаж ва умра қилган, Аллоҳ йўлида душман билан жанг қилган кишининг савобичадир”.

“Кимки меҳмоннинг гўзал қадам товушларини эшитиб, хурсанд бўлса, унга шаҳидларнинг савоби берилади ва токи жаннатдаги жойини кўрмагунича дунёдан чиқмайди”.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга айтилди: “Бу дунёда сиз севган нарса нима?”. “Меҳмонга таом бериш, душманга қилич уриш(дўшмандан мурод нафсга қарши кўрашни эътиборга олганлар), ёз кунларида рўза тутиш”, – дедилар.

Осим ибн Ҳамза розияллоҳу анҳу дедилар: “Али ибн Абу Толибнинг розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига кирдим, у зотни ғамгин ҳолда кўрдим ва: “Аллоҳ таоло сизга ғам- ташвишни кўрсатмасин!” – дедим. Шунда у зоти шариф: “Етти кундан бери меҳмон уйимга келмаяпди, шу туфайли Роббим мени хор қилмаса деб қўрқаман!” – дедилар…

Аллоҳим барчаларимизни бу маълумотларга амал қиладиган муҳсинлардан қилсин.

Соллаллоҳу ъала сайидина ва мавлана Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллам.

Саййидимиз ва мавлойимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, оилаларига ва саҳобаларига Аллоҳнинг саломи бўлсин.

Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом ноиби

Уролназар Мустофо тайёрлади.

Read 2812 times

Мақолалар

Top