Мақолалар

Зикр – унутишнинг давоси

Бу ҳангомани кўпчилик эшитган чиқар. Хуллас, бир маст одам ўзининг соясиданми, бошқа бирор шарпаданми қўрқиб, кўнглига ваҳима тушибди-да Аллоҳга ёлвора бошлабди: “Ё Парвардигор, шу балодан қутқазсанг, ароқни қайтиб оғзимга олмайман”. Бир амаллаб ёруғроқ жойга чиқиб қараса, ҳеч нарса йўқ эмиш. Хатардан холи эканига ишонч ҳосил қилиб олгач: “Одам мастликда нималар демайди”, дермиш.

Бу ҳангома давраларда кулги учун айтиб юрилган эса-да, унинг замирида катта ҳикмат бор. Буни билган билади – билмаган кулиб юраверади...

Бинобарин, одамзод яралибдики, кўплаб одамлар қаттиқ қўрққанида ёки қийин вазиятга тушиб қолганида Роббимизни хотирлаб Унга ялвориб қолади.

“Қачонки, инсонга зарар етса, Бизга ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида дуо қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек, кетаверадир...” (Юнус сурасининг 12-ояти)

Олимлар инсон калимаси арабча “нисён”дан олинган дейдилар. Албатта, бизга Роббимиз берган ҳар хусусиятнинг ўзи ҳикмати бор. Шунингдек,  унутиш ҳам ўрнида бўлса, инсонга фойдали бўлади. Фақат асл вазифамизни унутсак ва Ундан хабарсиз яшаб умр ўтказсак, бу – биз бандаларнинг фалокатимиз, заҳматимиз бўлади.

“Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир” (Оли Имрон сурасининг 185-ояти), дейилади оят каримада.

Инсоният тарихида бу ҳақиқатни инкор этувчи кимса бўлмаган. Чунки Аллоҳ таоло бандаларига ана шу ҳақиқатни эслатиб қўйиш учун элчилар юборган. Сўнгги пайғамбари Муҳаммад Мустафога (с.а.в) туширилган Қуръони каримда: “Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини билмас” (Луқмон сурасининг 34-ояти), дея марҳамат қилиб ўлимга ҳар доим тайёр туришимиз лозимлигини таъкидлаган.

Қуръони карим оятларининг асосий мавзуси Роббимизни ва Роббимиз қошига борадиган кунни ҳар доим хотирда тутишимиз ва шунга кўра ҳаётимизни яшамоғимиз кераклигидир.

Дунёни Роббимиз яратди ва ихтиёримизга берди. Фақат муайян бир вақтга қадар... ва ана шу вақт давомида ундан гўзал бир шаклда фойдаланишимизни истади. Унга буткул соҳиб бўлишимиз мавзусида сўз юритмади. Ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай амр қилдилар: 

“Дунёда бир ғариб, ҳатто йўловчи каби бўл! Оқшомга етганингда тонгни кутма. Тонгга етганингда оқшомни кутма! Саломат кунларингда хасталанадиган вақтинг учун, тириклик чоғингда ўладиган вақтинг учун тадбирли бўл!” (Бухорий, Термизий, ибн Можа)

Вақти-вақти билан бизлар ҳам бу дунёнинг абадий эмаслигини, бунда меҳмон эканимизни, асл юртимиз охират дунёси эканини сўзлаймиз. Сўзлаймиз-у, фақат бу кўпчилигимиз учун сўз ҳолида қолади. Аксаран дунё ҳаётини фаровон кечириш учун югуриб-еламиз ва шу тариқа умримиз ниҳоясига етади.

Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу ривоят этган ҳадисда:

“Расулуллоҳ ерга бир неча чизиқлар чиздилар ва уларни кўрсатиб: “Булар инсоннинг истак ва орзулари, буниси унинг ажалидир. Инсон орзулар қанотида яшаб юраркан, бир қараса, уларнинг энг яқини бўлган ўлим чизиғининг қаршисида турган бўлади”, дедилар (Бухорий).

Ажал ҳар доим ортимиздан қувиб юргани ҳолда дунёдан орзу-ҳавасларимиз шу қадар кўпки, улар бизни ҳақиқатдан чалғитиб юборади. Баъзан бирор киши вафот этганда озгина сергак тортгандек бўламиз. Лекин ҳеч қанча вақт ўтмай ҳаммасини унутиб яна орзуларимиз ортидан югуриб кетамиз. Ҳолбуки, Аллоҳнинг Расули: “Завқларни пичоқ билан кесгандек кесинг, ўлимни кўп эсга олинг!” (Термизий, ибн Можа) деганларини биламиз.  

“Дунё сўнггига қараб бошини олиб кетмоқда. Охирот эса жадаллаб биз томонга келмоқда. Инсонлар орасида дунёни истаганлар ҳам, охиратни истаганлар ҳам бор. Сиз охиратни истаганлар сафида бўлинг. Эрта-индин деманг. Бугун ҳисоб куни эмас, иш кунидир. Аммо эртага иш куни бўлмайди, фақат ҳисоб куни бўлади”, дедилар ҳазрати Али розияллоҳу анҳу.  

Маҳалламизда тўрт-беш одам эрталаб йиғилишиб олади-да қош қорайгунча нарда ўйнайди. Ўтиб-қайтганда уларга раҳмим келиб: “Геморай орттириб оласизлар”, дейман. Ҳазилга йўйиб қўл силтаб қўйишади. Оҳ, агар шу одамлар шунча кўп вақтини илмга, ибодатга ёки бошқа савобли ишларга сарфлаганида қандай яхши бўларди, деб ачинаман. Зотан, бошқаларни ғийбат қилиб вақт ўтказиш, нарда, қарта ўйнаб вақтни бой бериш ақлли одамнинг иши эмас. Ақли бутун одамнинг қўли иш билан, тили ва қалби зикр билан машғул бўлади. Зотан, зикр – унутишнинг ягона давосидир. Қанча кўп зикр этсак, шунча кўп эслаймиз ва фазилатли инсонлар қаторига қўшиламиз.

Дамин ЖУМАҚУЛ, 

журналист

Read 4801 times

Мақолалар

Top