Мақолалар

Экстремистик ва террорчи гуруҳлар ўз ҳаракатларини “шаръий” деб исботлаш учун ўзларини “мужтаҳид” деб эълон қилиши тўғрими? (давоми)

Суннийлик мазҳабларида мазкур масалада ижтиҳод эшиклари ХIII асрда ёпилгани ҳамда бугунги кунда мужтаҳидлик мартабасига эришиш тўғрисида икки ҳил фикр мавжуд. Шундай бўлса-да ҳар қандай ҳолатда ҳам бирор-бир ҳукм чиқариш зарур бўлса, аввало мазҳаблар таълимотига таянилади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаиназаридан фатво беришга салоҳиятли ҳамда ваколатли инсон томонидан фатволар чиқарилиши мумкин.

 Ижтиҳод қилиш мумкин эмас, ижтиҳод эшиклари ёпилган, деб иддао қилувчиларга қарши равишда мазҳаб уламолари ўз қарашларини билдиришган. Жумладан, машҳур уламо Рамазон Бутий: “Ижтиҳод эшиклари очиқ, уни ёпишга ҳеч кимнинг ҳақ-ҳуқуқи йўқ. Лекин унинг тартиб қоидалари бўлиб, бирорким улардан ўз билганича, манфаати йўлида фойдаланишга ҳақли эмас”, дейдилар.

Юртимимзда бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолиятини келтириб ўтиш мумкин. Диний соҳада пайдо бўлган муаммо юзасидан, айнан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чиқарилган фатволарга асосланилади.

Демак, фатво мусулмонлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда фатво беришга ҳамма ҳам хақли эмас. Акс ҳолда, бу каби ҳолатлар қанчадан қанча бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилишига ҳамда асл таълимоти тинчлик бўлган ислом жоҳиллик, ёвузлик, босқинчилик ва қотиллик сифатида намоён бўлишга сабаб бўлади.

Масалан ўзларини турли жозибадор номлар билан номлаб олган бузғунчи тўдалар ўз аъзоларига ғаразли мақсадларни кўзлаган ҳолда фатволар берадилар. Ваҳоланки, Ислом дини қоидаларига биноан фатво бериш ҳуқуқи юқорида қайд этилганидек, фақатгина ақида, фиқҳ илмида мукаммал даражага етган, Қуръонни тафсилари ва турли илмлари билан тўлиқ ёд билувчи, қолаверса, “муфтий” (фатво берувчи) мартабасига эга бўлган муайян шахсларгагина берилиши маълум. Шунингдек, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (р.а) дан қанча ҳадисни ёдлаган одам фатво бериши мумкинлиги ҳақида сўралганда, улар муфтий камида 400 минг ҳадисни билиши кераклигини айтганлар. Расулуллоҳ (а.с)нинг “Кимда-ким илмсиз фатво берса, унга Аллоҳ таоло, фаришталар, осмону ердаги барча мавжудотларнинг лаънати бўлсин”, деган ҳадислари ҳам экстремистларнинг бундай даъволари Ислом асосларига зидлигини кўрсатади.  (авоми бор)

                                                                  

 Зайниддин Эшонқулов тайёрлади.

Read 2147 times

Мақолалар

Top