Ибратли ҳикоялар

Болам, қўшнига озор бермагин!

Саиднинг ойиси ҳар якшанба куни сомса қилар эди. Ойиси ҳар сомса қилганида бувиси: "Болам, қўшнига озор бермагин" дер, ойиси эса: "Хўп бўлади, ойижон", деб бир ликопча сомсани қўшнисиникига чиқариб берар эди. Бир куни Саид бувисидан: "Бувижон, нега ойим ҳар сомса қилганларида "Қўшниларга озор берманг", дейсиз?", деб сўради. Бувиси эса: "Ойинг пиширган сомсанинг ҳиди уларнинг димоғига киради, улар ҳам сомса егиси келиб, озорланишади. Агар сомсадан берсанг, еб кўнгиллари таскин топади", деди. Шунда Саид кеча мактабда синфдоши Аҳрор каттакон олмани карсиллатиб еганини, бошқа болалар эса унинг олмасига ҳавас билан қарашганини эслаб, сўради: "Кеча Аҳрор мактабда ҳамманинг олдида олма еди, демак, у ҳаммага озор берибди-да?!" "Албатта", жавоб берди бувиси. "Лекин у олмасини ҳаммага бўлиб берса, ўзига ҳеч нарса қолмас эди-да", деди Саид. "Ундай бўлса, панароққа ўтиб ейиш керак", деди бувиси.

Билингки, атрофдагиларга фақат қўл ёки тил билан озор беришдан ташқари бошқа кўпгина ишлар ҳам борки, улар орқали бехосдан азият етказиб қўйиш мумкин. Улардан бири ҳиддир. Жамоат жойларига борадиган бўлсангиз, ювиниб, тоза кийимлар кийиб боришингиз лозим.

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Read 6223 times
Tagged under

Мақолалар

Top