Мақолалар

Аввал ўйла, кейин сўйла

1991 йил халқимиз мустақилликка эришгач Ислом дини арконларига амал қилиш, унинг таълимотларини ўрганишга бўлган иштиёқини рўёбга чиқариш борасида имкониятлар очилди. Ўша даврларда Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий жоме масжидида имом-хатиб вазифасида фаолият олиб бораётган Усмонхон Алимов ўз ҳамфикрлари билан биргаликда халқнинг диний таълимга бўлган эҳтиёжларни қондириш мақсадида масжид қошида Имом Бухорий мадрасасига асос солди ҳамда ушбу масканда устозлик қила бошлади. Дастлаб, ўрта махсус диний билим юрти, сўнг ҳадис илми маркази сифатида фаолият юритган ушбу билим юрти бир неча юзлаб диний уламолар етиштириб берди. Бугунги кунда жуда кўплаб масжидларнинг имом-хатиб, имом ноиби, билим юртларининг мударрислари сифатида ва бошқа соҳаларда ушбу мутахассислар фаолият олиб бориб, халқимизнинг диний-маърифий саводхонлигини оширишда хизмат қилиб келмоқдалар.

Ҳаммамизга маълум, кейинчалик ушбу таълим маскани негизида Усмонхон Алимов ҳазратларининг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси вазифасида иш олиб бориш жараёнида халқаро илмий тадқиқот марказлари ташкил қилинди. 2019 йилга келиб эса Имом Бухорий номли ҳадис олий мактаби ҳам ўз иш фаолиятини бошлади ва ҳадис илми соҳасида етук олимлар тайёрлаш бўйича собиқ иттифоқ ҳудудидаги ягона таълим муассасига айланди.

Кўп йиллар масжид имоми, вилоят бош имом-хатиби лавозимида меҳнат қилган Усмонхон Алимов 2006 йилга келиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб сайландилар. Ўзининг илму маърифати, иш юритиш салоҳияти, адолат, оғир ва вазминлик билан фикрлаши, мусулмонлар манфаатини ўйлаб иш бошқариши муфтий ҳазратларининг узоқ йиллар давомида идора раислиги вазифасида ишлашини таъминлади десак, муболаға бўлмайди.

Ҳазрат ҳар қандай вазиятда ҳам мусулмонлар идораси, масжид ва мадрасаларнинг бир маромда иш олиб бориши, уларга нисбатан ҳар хил таъна тошлар отилиши, турли зарарлар етишини олдини олганлиги айниқса шу соҳа ичида бўлганларга кўпроқ аёндир, шу жумладан каминга ҳам. Нафақат зарар етиши, балки уларни такомиллаштириш, халқимизнинг масжид ва мадрасаларга бўлган эҳтиёжларини қондириш борасида мусулмонларнинг раҳбари сифатида кўплаб ишларни амалга оширгани ҳеч кимга сир эмас. Янги масжидларнинг очилиши, 500дан зиёд масжидларда қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани, Бухоро шаҳридаги “Мир Араб”, Самарқанд вилоятидаги “Имом Бухорий ҳадис мактаби” диний олий билим юртлари, 2020 йил Сурхондарё вилоятидаги “Имом Термизий” ўрта махсус ислом билим юрти янгидан очилиб, фаолият олиб бораётгани, диний билим юртларига талабалар қабул квотасининг оширилиши, вилоятларда ҳадис, калом, ақида, фиқҳ мактабаларининг фаолияти йўлга қўйилганлиги, диний билим юртлари қошида Қуръон курслари ташкил этилганлиги каби кўплаб хайрли ишлар айнан муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг диний идора расиликлари даврида амалга ошилирлагани ҳазратнинг ушбу соҳадаги самарали меҳнатларидан далолат беради. Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонларининг раҳбари, бугунги кунда диний соҳада фаолият олиб бораётган кўплаб мутахассисларнинг устози бўлибгина қолмай, ён қўшни мамлакатлар, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон муфтиётлари томонидан ҳам устоз сифатида эътироф этилганини қайд этишимиз лозим. Улар кўплаб масалаларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани, ҳазратнинг идора тарихида илк бор 2012 йил Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси, Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланганлари, ислом дини маърифатини кенг тарқатиш, бузғунчи кучларга қарши бирга курашиш ва ўзаро ҳамкорликдаги кенг кўламли ишлар учун Россия  Федерацияси Свердловск вилояти мусулмонлари идораси томонидан “Кумуш ярим ой” медали билан тақдирланиши, Марказий Осиё мусулмонлари маънавий тараққиётига кўп йиллар хизмат қилгани, тинчлик-осойишталик, фаровонлик каби исломий тамойилларга содиқлиги, урф-одатларни тиклаш ва авайлаб асрашга қўшган ҳиссаси учун Қирғизистон мусулмонлари идорасининг 1-даражали “Ынтымоқ” медали (“Иттифоқ”) билан тақдирланишлари, Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2019 йил 30 сентябрда эълон қилинган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллаганлари халқаро эътибор ва эҳтиромга сазовар бўлаётганларига далолат қилади.

Муфтий ҳазратлари Ислом дини маърифатининг тарғиботчиси сифатида ҳам нафақат юртимизда, балки, кўплаб хорижий мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро анжуманларда илмий асосланган мазмунли маърузалари билан иштирок этиб келмоқдалар. У киши йигирмадан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақолаларнинг муаллифи ҳисобланади. “Тафсири Ирфон”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ёшлар келажагимиз”, “IX-X асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши” каби асарлари шулар жумласидандир.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Ислом дини ва мусулмонлар манфаати йўлида амалга оширган ишлари ва олиб бораётган саъй ҳаракатлари ҳақида яна кўплаб тўхталишимиз мумкин. Аллоҳ таолонинг инояти ила мана шундай салмоқли ишлар муфтий ҳазратлари бошчиликларида бардавом бўлмоқда. Аммо, бугунги кунда баъзи бир дилни хира қиладиган, мусулмонларни ўз раҳбарига қарши чиқишга ундайдиган, улар орасида фитна ва парокондаликка чақирувчи айрим ижтимоий тармоқлардаги хабар ва гапларнинг тарқалиши биз диний соҳа вакиллари ва мусулмонларнинг норозилигимизга сабаб бўлмоқда. Илм аҳлларининг даражаларини Аллоҳ таолонинг  Ўзи баланд қилган. Бу тортишмайдиган масаладир. Чунки, Аллоҳ таоло “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даржаларини кўтарур” (Мужодала-4), дея марҳамат қилган. Олимларга душманлик қилган одам Аллоҳга уруш қилганга ўхшайди. Аллоҳ азза ва жалла билан уруш қилган ғолиб бўлармиди? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ айтади: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан” (Бухорий ривояти). Ибн Ҳажар айтади: Аллоҳнинг дўстидан мурод Аллоҳни танийдиган, Унинг тоатида доим бўладиган олимдир.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким олимларни пастга урса, унинг охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, унинг дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, унинг одамгарчилиги барбод бўлади”, деганлар.

Аҳли илм, имомларга самимий хайрихоҳ бўлайлик. Аслида исломнинг моҳияти ҳам шундай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни ўз ҳадисларида таъкидлаганлар.

Тами ибн Авс Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дин самимий хайрихоҳликдир”, дедилар. Биз: “Ким учун?” дедик. У зот: “Аллоҳ учун, Унинг Китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг имом-раҳбарлари ва ҳаммалари учун”, дедилар”. (Имом Муслим ривояти).

Барчамиз учун устоз бўлган, олим, фазилатли шайх Усмонхон Алимов ҳазратларини ўз вазифасига нолойиқ, олиб бораётган ишларини самарасизликда айбламанг! Муфтий ҳазратларининг одилона, илму маърифат ва мўътадиллик билан иш бошқаришлари натижаси ўлароқ масжидларимиз обод, талабаларимиз илм чашмасидан баҳраманд, соҳа вакиллари ўзаро иттифоқликда меҳнат қилиб, халқнинг маърифати, тинчлиги, тўғри йўлдан оғишмай, ҳалол-ҳаромни фарқлайдиган бўлиб шаклланиши давом этмоқда. Зеро, ҳикматларда “Ишларнинг яхшиси ўртачасидир”, дейилиши билан ҳар бир ишни мўътадил ҳолда бажариш афзал эканлигини таъкидланган.

Муфтий ҳазратларига узоқ йиллар мўмин-мусулмонларимиз хизматида бардавом бўлишларини Аллоҳ таоло насиб айласин!

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилоят бош имом-хатиби

 

 

 

 

                   

 

Read 2550 times

Мақолалар

Top