Мақолалар

 “Менинг каллам ишламай қолди” номли мақола  ва унинг атрофидаги туҳматларга раддия

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

“Фитна қотилликдан ҳам қаттиқроқдир”, дея огоҳлантирган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир”, дея уламоларни шарафлаган Пайғамбаримизга салом ва салавотлар, у зотга яхшилик билан эргашган барча мусулмонларга Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлсин!

Бир неча кун олдин ўзимга шахсан таниш бўлган, улуғ сафарда ҳамсафар бўлиб, ҳожилар хизматида кўп ёрдам берган, бундан ташқари ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш ишида фаол бўлган бир ҳожи акамизнинг “Менинг каллам ишламай қолди” номли мақоласини ўқиб бошим қотди.

Мақолада бир қатор важлар қаторида “эшон бува” яъни, муфтий ҳазратларига муносиб бўлмаган сўзлар, куракда турмайдиган гаплар ва кимларнидир қош-қовоғига қараб иш тутиш каби ҳақоратли иборалар келтирилган. Шунингдек, қилинган ишларни атайин кўрмасликка олиш ёки билиб туриб, тан олмаслик ҳолатлари ҳам ифода этилган.

Бундай тарзда раддия бериш менинг услубим эмас. Менинг тутган йўлим марҳум устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Ҳар ким ўз ишини билиб қилсин” услубидир.

Ўрни келганда айтиб ўтай, оқибатини уйламасдан айтилган сўзлар, диний ислоҳотлар секинлашиши ва диний ходимларига нисбатан ёмон фикрлар тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Яна бир масала, депутат чиқиб закотни гапирса, қўшиқчи чиқиб фатво берса, киракаш чиқиб даъват қилса, ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Ҳожи ака мен сизни ҳурмат қиламан. Улар билан бир сафга қўймайман. Лекин, муфтий ҳазрат тимсолида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат қилаётган аҳли илмларга лой отдингиз, лойингиз тегмадику, лекин қўлингиз лой бўлгани қолди, холос.

Дин хизматидагиларга нисбатан ёмон сўз айтишдан олдин бир ўйлаб кўрдингизми? Халқимизни бир дона диний маросимини шариатга мувофиқ ўтказиб бера оласизми? Бу ерда сўз сизга айтилсада, аслида шу каби ғайрли қарашдаги барчага қаратилган. Фаразан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизими бир ой таътилга чиқди, дейлик. Ўрнига эса, ҳеч кимни “қовоғига” қарамайдиган сиз каби фидоийлар таклиф қилинса ва сиздан бир жума намозини ўқиб бериш илтимос қилинса, нима қилардингиз? Жумани ўқиб бера оласизми? Албатта, йўқ!

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ барчамиз учун фойдали бўлган сўзлар бор:

إذا ﻧصحتني ﻋلى انفراد فقد ﻧصحتني

وإذا ﻧصحتني أمام اﻟﻧاس فقد فضحتني

“Агар сен менга алоҳида насиҳат қилсанг, демак сен менга насиҳат қилибсан. Агар сен менга жамоат ичида насиҳат қилсанг, демак сен мени шарманда қилибсан”, деганлар.

Сиз интернет тармоғида фикрларингизни билдирганингиз учун, мен ҳам жавобан шундай қилишга мажбур бўлдим. Чунки, баъзан “понани, пона билан чиқарилади”, сўзига ҳам амал қилишга тўғри келар экан.

Шу ўринда, мен сизга бир савол билан мурожаат қилмоқчиман. Билишимча, сиз гўёки халқпарвар ва фидоий инсонсиз. Муфтий ҳазратлари сизнинг наздингизда ўзингиз таърифлаган инсон экан. Бирор марта дуо ёки бошқа халқни корига ярайдиган таклиф билан Диний идорага мурожаат қилдингизми?

Бу ишларни муфтийнинг ўзлари қилиш керак, деган савол беришингиз мумкин. Интернетдаги мухлисларингиз бу саволингиз учун олқишлашини ҳам сезиб турибман. Аммо, бир ҳақиқат бор: “Кўр одам қуёшни кўрмаслиги, қуёшни йўқлигини билдирмайди”.

Қуйида маълумотлардан бехабар бўлсангиз, бу билан, сизнинг таъбирингиз билан айтганда “эшон бува” айбдор бўлиб қолмаса керак? Унда ўқинг, муфтий ҳазратлари бошчилигида пандемия даврида мақола муаллифи Сиз муҳтарам ҳожи ака талабига мувофиқ келадиган ишларнинг мухтасар баёни:

  • 2020 йил 16 мартда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатво эълон қилинди. Унда асосан мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ва беш вақт намозларини ҳам уйда адо этиш тавсия этилди. Бу амалиёт кейинчалик кўплаб хориж мамлакатларида ҳам жорий этилди;
  • 2020 йил 23 мартда Уламолар Кенгашининг карантин талабларига қатъий риоя этиш бўйича мамлакат мусулмонларига мурожаати йўлланди;
  • Хусусан, пандемия даврида етук уламолар, нотиқ имом-хатиблар томонидан карантин мезонларига амал қилиш, заруратсиз уйдан чиқмаслик, ушбу синовли кунларда ваҳимага берилмаслик, ёрдамга муҳтож шахсларга ғамхўрлик қилиш ва шу каби йўналишларда чиқишлар қилинди, жумладан:
  • 1281 та телевидениеда;
  • 766 та радиода;
  • 13.685 та интернет тармоғида чиқишлар қилинди. Айни кунларда мазкур ишлар жадал давом эттирилмоқда.
  • Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали имом-хатибларнинг жума маърузалари онлайн тарзда бериб борилмоқда.
  • Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг жойлардаги вакиллари интернет сайтларида 70 та қори томонидан онлайн хатми Қуръонлар қилинди. Уларнинг якуни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирокида амалга оширилди. Мазкур тадбир телевидения ва ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.
  • Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Рамазон ойида мўмин-мусулмонларнинг телефон орқали йўлланган шаръий масалаларига туну кун жавоб бериш тизими – Кол-марказ йўлга қўйилди. Шунингдек, савол-жавобга ихтисослашган “Телеграм” мессенжерида бот ҳам ишлади. Бир кунда жами 3 мингдан зиёд савол-жавол қилинди.
  • Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан каронавирус хасталигини инсоният бошидан аритиш мақсадида динимиз кўрсатмаларига мувофиқ, бир қатор дуою тазаррулар ҳам амалга оширилди. Диний соҳа ходимлари бир неча минг ракат нажот сўраш намозини адо этдилар, икки миллиондан зиёд “Солатун ножия”, “Солатун нория”, “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” каби саловоти шариф ва дуолар ўқилди.
  • Шунингдек, хатми Қуръонлар файзу баракасидан бутун дунёга, хусусан, юртимизга қут-барака ёғилиши, балою офатлар даф этиш ниятида 25.000 та хатми Қуръонлар қилинди.
  • Дастлабки хатми Қуръонлар, салавотлар ва хайрия ишларининг якуний дуолари муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида Тошкент шаҳридаги “Сузук ота” мажмуасида, кейингиси “Олтинтепа” жоме масжидида бошқа ҳудудларда ҳам мўътабар масканларда юртимиздаги энг табаррук уламолар томонидан амалга оширилди.
  • “Ҳаж” ва “Умра” сафарлари бўйича Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати вакиллари томонидан Маккаи мукаррамадаги Ҳарами шарифда инсоният бошига келган бу хасталикни даф бўлишини сўраб, Ҳақ таолога ёлвориб дуо ўқиганлари таҳсинга лойиқ иш бўлди ва ҳоказо.

Ҳожи ака, сиз бу ишларни билармидингиз? Агар ўша дуоларда қатнашмаган бўлсангиз, балки муфтий ҳазратлари узр сўрашлари керакдир? Агар узр сўраш керак бўлса, у киши албатта узр сўрайди. Нега ишонч билан айтаяпман? Чунки у киши ҳеч қачон ёмонликни ёмонлик билан даф қилмаганлар. Мен у кишига шогирд тушганимда 6-синф эдим. Шундан биламанки, у киши айбсиз бўлса-да узр сўрашга журъати етадиган инсон. 

Биз юқорида муфтий ҳазратлари вазифасини бажариб турган инсон ҳақида гаплашдик. Энди эса у киши муфтий бўлишларидан олдин бўлиб ўтган бир воқеани баён этсак. Зора шундан сўнг интернетга берган мақолангиз янглиш эканига ва кимга ноўрин лой отганингизга ишонч ҳосил қилсангиз.

“Адашмасам 1990-1991 йиллар. Янги мустақил бўлганмиз. Динга озгина бўлсада эркинлик берилган. Устоз Усмонхон домла “Имом Бухорий” масжидида имом. Қурилиш ишлари бошланиб кетган. Ўша вақтда биринчи галдаги масала эски таҳоратхонани бузиб, ўрнига янгисини қуриш. Материал танқис бўлса керак, биз талабалар баъзимиз қўпорилган кафилларни орқасидан ёпишган сувоқларни ажратаяпмиз, бошқаларимиз эса ғишт ташиш ва бошқа юмушлар билан банд. 

Шу вақтда Хайруллоҳ ака деган киши билан бирга юзининг барча жойи оқ рўмолча билан ўралган бир киши қўлида кетмон билан келиб қолди. Бир аҳволда. Таҳоратхона канализациясини оёғи билан кечиб, қўлидаги кетмони билан тозалаб келаётган экан. Биз талабалар ҳам ҳатто у одамдан узоқроқ бўлишга ҳаракат қилдик. Яқин келгач юзидаги рўмолча олинди. Не кўз билан кўрайликки, бизга Қуръон ва унинг тафсирдан дарс берган устозимиз Усмонхон домла экан.” 

Сизнинг мақолангизни ўқигач ўйланиб қолдим. Ўша вақтларда ҳожи акам қайси тош кўчаларда юрган экан-а?!

Ўша вақтдан токи ҳозиргача устоз Усмонхон домла масжидлар ва мадрасалар қурилишини қилдилар. Қурилиш қилган имомларимиз, ҳомийларни топиш, уларни кўнглини эҳсонга моил қилиш ва ундан сўнг яна ва яна, қайта-қайта ишни битириш учун илтимослар қилиш нима эканини яхши биладилар.

Менинг ҳам ҳожи акамга ўхшаб каллам қотиб қолди. Баъзан, баъзи бир инсонларни, олайлик киракашлар ҳам, диний соҳа вакилларини айблаганларига гувоҳ бўлганман. Ўша дин ғамидаги “фидоий” киракаш, лоақал  бир дона йўловчини манзилига бепул олиб кетганида, бугунлик кунда кўплаб хайрияларни амалга оширган дин пешвоси, уламолар ва аҳли илмларга лой отармиди?!

Қурбон ҳайитини ўтказганимизга мана энди ўн кун бўлди. Афсуски, шу қисқа вақт ичида иккита фитнанинг гувоҳи бўлдик. Биринчиси Фозилхўжа исмлик йигитни муфтий ҳазратларини истеъфо бериши ҳақидаги видео мурожаати ва иккинчиси Файзиддин номли шахсни, қандайдир муфтий сайлаш ҳайъати ўндан зиёд номзодлар билан танишиб чиқиб, охири устоз Мубашшир Аҳмад номзодини маъқуллаган хабари бўлди.

Мен бу икки шахсга узундан узоқ раддия бермоқчи эмасман. Чунки уларга айтмоқчи бўлган сўзларимизни бошқа аҳли илм устозлар ва биродарлар айтиб бўлишди. Мен уларга иккита савол билан мурожаат қилмоқчиман.

Биринчиси: Фозилхўжа! Сиз фикр эркинлиги дея қилган мурожаатингизга қай даражада аҳлсиз. Сиз бу соҳани қайси бўғинида фаолият кўрсатасиз ёки соҳани қай даражада биласизки, унинг раҳбари истеъфосини талаб қилсангиз? Зеро, Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан қилган саҳиҳ ривоятда, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

لا يقُصُّ على النَّاسِ إلَّا أميرٌ أو مأمورٌ أو مُرَاءٍ.

“Инсонларга Амир (бошлиқ), маъмур (шу ишга буюрилган киши) ёки риёкор (иккиюзламачи) сўзлайди”. Бошқа ривоятда эса “мутакаббир” лафзи билан келган. Бу ҳадиси шарифда инсонларга насиҳат қилиш, уларни яхшиликка чорлаш ёки ёмонликдан қайтариш, ўша ишни эгаси ва аҳли бўлган кишиларга эканини тушунсак бўлади. Энди айтингчи, сизнинг ўзингиз кимсиз? Бу ишга яъни, диний масала ва диний ходимлар масаласига қанчалар аҳлсиз?

Сизга тавсиям, Аллоҳдан қўрқинг! Фитна чиқаришга ҳаракат қилманг. Агар бу соҳада очиқ қолган саволларингиз бўлса, шу соҳада ишлаб турган, бу соҳани машаққати ва меҳнатини кўрган хоҳлаган кишингиздан сўраб кўринг. Бу соҳа йиллар давомида шу даражага эришди. Буни четдан туриб, бузишга ҳеч ким қараб турмайди. Эшитишимча, сиз мебелчи экансиз. Сифатли мебелларни ишлаб чиқаринг, халқимизга фойдангиз тегсин! Шу ишингиз ўзингизга дунё ва охиратда манфаатли бўлади, инша Аллоҳ!    

Иккинчиси: Файзиддин! Сиз муфтий сайлайдиган Уламолар Кенгаши аъзосимисиз ёхуд ёлғончимисиз? Юқоридаги биринчисига тўғри келмадингиз. Демак сиз, тарқатган хабарингиз билан ёлғончисиз. Қолаверса фитначисиз. Шу воқеадан кейин, устоз Мубашшир Аҳмадга нисбатан ҳам салбий фикрлар айтилишига сабаб бўлдингиз. Ваҳоланки, устоз Мубашшир Аҳмад ўша ондаёқ сизга раддия бергани маълум.

Файзиддин! Сизга ҳам тавсиям, Аллоҳдан қўрқинг ва қуйидаги оятни тафаккур қилиб кўринг:

إِنَّمَا يَفْتَرِي الْكَذِبَ الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِآَيَاتِ اللَّهِ وَأُولَئِكَ هُمُ الْكَاذِبُونَ

“Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир” (Нахл сураси 105-оят).

Аллоҳ барчамизни ислоҳ қилсин! Ислом хизматида бўлган, мухлис фидоий инсонларимизни Ўзи паноҳида асрасин. Ўзи билиб-билмай дин номидан гапириб қўйишдан ва билмасдан диний ходимларга тош отиб қўйишдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин!

Олимхон Исахон ўғли ЮСУПОВ

Read 2833 times

Мақолалар

Top