Мақолалар

Тавба ҳақида

Тавбанинг таърифи: Тавба Аллоҳга қайтиш демакдир. Бу ҳақда уламолар турли фикр билдирганлар. Айтганларки: кимки Аллоҳнинг азобидан қўрқиб гуноҳлардан қайтган бўлса, уни (таиб) тавба қилган дейилади, кимки Аллоҳдан ҳаё қилиб гуноҳлардан қайтса, уни (муниб) қайтувчи дейилади, кимки Аллоҳнинг азамати туфайли қайтса, уни (аввоҳ) дейилади. Тавбанинг шаръий маъноси устида айтилган энг гўзал таъриф ушбудир: тавба, бу – Аллоҳдан узоқ бўлишдан Унга яқин бўлишга қайтишдир.
Тавбанинг шартлари
Имом Нававий дейдилар: ҳар бир қилинган гуноҳдан тавба қилиш вожиб. Агар гуноҳ банда билан Аллоҳнинг ўртасида бўлса ва у бирорта одамга тааллуқли бўлмаса унинг дуруст бўлиши учун учта шарт бор: биринчиси, қилган гуноҳидан тийилиш, иккинчиси, гуноҳни қилгани учун астойдил надомат чекиш, учинчиси, қайта бу гуноҳни ҳечам қилмасликка азму қарор қилиш. Агар шу учта шартдан бирортаси адо этилмаса тавба дуруст бўлмайди. Агар гуноҳ бирорта одамга тааллуқли бўлса, бундай тавбанинг дуруст бўлиши учун тўртта шарти бор. Юқоридаги учала шарт ҳамда ўша одамнинг ҳаққини адо этиб, уни рози қилишдир. Агар мол бўлса уни эгасига қайтариш, агар туҳмат бўлса ундан авф этишини илтимос қилиш, агар ғийбат бўлса уни рози қилиш. Гуноҳлардан тавба қилиш Қуръон, суннат ва ижмоъга биноан вожибдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:


وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

яъни: “Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз” (Нур сураси, 31-оят).
Самимий тавба

Аллоҳ таоло айтади:


يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз...” (Таҳрим сураси, 8-оят).
Самимий тавба ҳақида салаф уламолардан бир қанча таърифлар ворид бўлган, шулардан Умар ибн Хаттоб ва Убай ибн каъб р.а.нинг таърифлари қуйидагича: самимий тавба – киши гуноҳидан тавба қилиб сўнгра, ҳудди сут елинга қайтмаганидек, ўша гуноҳга қайтмасликдир.
Ҳасан Басрий айтадилар: Самимий тавба – банда ўтган ишга афсус-надомат қилиш билан бирга унга ҳеч қачон қайтмаслигини қасд қилиши. Калбий дейдилар: У – тилда истиғфор айтиш, дилда надомат чекиш ва аъзоларни тийиш.


عن الأغر المزني رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : يا أيها الناس توبوا إلى الله فإني أتوب إليه في اليوم مائة مرة.

(رواه مسلم)

яъни: Ал-Ағор ибн Ясор ал-Музаний р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар: “Эй одамлар Аллоҳга тавба қилинглар, албатта мен ўзим бир кунда юз марта тавба дейман” (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра мўмин киши Аллоҳга йўлиқишидан олдин тавба қилиб олиши вожиб. Шунингдек, у васиятини ҳам ёзиб қолдириши лозим. Кейинроқ васият ҳукмлари ҳақида ҳам қисқача баён қиламиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг

биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.

https://t.me/tuhur

 

Read 3025 times

Мақолалар

Top