Мақолалар

Тавба қилишда кишиларнинг ҳолатлари

Тавба қилишда кишилар турлича бўладилар. Кимдир самимий тавба қилади, яна кимдир тавба қилади-ю, лекин яна гуноҳларни қилишда давом этаверади. Мана шу икки хил тоифа орасида яна бошқа мартабалар ҳам бор бўлиб, бу ҳақда муҳаққиқ уламолар муфассал баён қилишган.
Имом Ғаззолий ўзларининг “Иҳёу улумиддин” китобларида тавба қилишда кишиларнинг неча қисмга бўлинишларини зикр қилганлар. Қуйида шуларни қисқартириб келтирамиз. Тавба қилувчилар тўрт табақага бўлинадилар:

Биринчи табақа. Тавба қилиб шу тавбасида умрининг охиригача астойдил мустаҳкам туради. Гуноҳга қайтишликни ҳатто ҳаёлига ҳам келтирмайди, фақатгина ундан баъзи бир хато ва камчиликлар содир бўлиб туради. Чунки, бундай ҳолатлардан ҳеч ким, ҳатто пайғамбар даражасидаги киши ҳам холи бўлмайди. Мана шундай тавба ҳақиқий тавба ҳисобланади ва унинг эгаси яхшиликларга ошиқувчи, гуноҳлари савобга алмаштирилувчи кишидир. Бу тавбанинг номи “тавбатун насуҳ” (самимий тавба) дейилади, бу нафсни эса “нафсул мутмаинна” (хотиржам нафс) дейилади.
Иккинчи табақа. Фарз ва вожиб амалларни бажаради, барча катта гуноҳларни тарк қилади, лекин тўғри келиб қолган вақтда гуноҳни ҳам қилиб қўяди. Гуноҳни қасддан қилмайди, балки ўзи билмаган ҳолатда ўзини тўхтата олмай гуноҳга қўл уриб қўяди. Аммо ҳар гал гуноҳ ишни қилиб бўлганидан кейин қилган ишидан афсусланиб, ўз нафсини маломатлайди, энди бундай ишларга қайта қўл урмасликка бошқатдан ўз-ўзига қасамёд қилади. Бундай нафс “нафси лаввома” (ўз-ўзини маломат қилувчи нафс) дейилади. Бундай тавба гарчи биринчи табақадаги тавбадан пастки даражада турсада, юқори мартаба ҳисобланади.
Учинчи табақа. Тавба қилиб, шу тавбасида бир мунча вақт собит туради, лекин кейинроқ бориб гуноҳ ишларга бўлган иштиёқи ғолиб келади, натижада ўз шаҳватини жиловлашга ожизлик қилиб шаҳватини қондириш учун қасддан гуноҳларга қўл уради. Шундоқ бўлса ҳам у фарз ва вожиб амалларни бардавом қилиб боради. Нафсига кучи етган вақтда гуноҳларни тарк қилади. У доимо Аллоҳдан ўз нафсини қўлга олиб, гуноҳлардан тийилишга қодир қилишини сўраб юради. Гуноҳни қилиб бўлиб, нафси ором олганидан кейин афсус-надомат қилади ва қани энди шу гуноҳни қилмасам эди, энди ўзимни қўлга оламан, тавба қиламан, дейди. Лекин ҳар гал нафсининг кўйига кириб, унга алданиб қолади. Бу нафсни “нафсул мусаввала” (алдамчи нафс) дейилади. Унинг эгаси ҳақида, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:


وَآَخَرُونَ اعْتَرَفُوا بِذُنُوبِهِمْ خَلَطُوا عَمَلًا صَالِحًا وَآَخَرَ سَيِّئًا عَسَى اللَّهُ أَنْ يَتُوبَ عَلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ

яъни: “Яна бошқалари ҳам борки, гуноҳларини тан олурлар. Яхши ишни бошқаси – ёмонига аралаштириб юборганлар. Аллоҳ уларнинг тавбаларини шояд қабул қилса. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Тавба сураси, 1012-оят).

Тўртинчи табақа. Тавба қилиб бир қанча вақт тўғри юради, сўнгра гуноҳ ишларга яна қайтади, лекин энди у яна тавба қилишни ҳаёлига ҳам келтирмайди, қилган гуноҳига афсус ҳам қилмайди, балки ўз шаҳвониятига ғарқ бўлади. Бундай нафсни “нафсул аммора биссуи” (ёмонликка ундовчи нафс) дейилади. Бу нафс соҳибининг оқибати ёмон бўлиши хавфи бор. Унинг иши Аллоҳнинг ҳохиш иродаси қўлида. Агар оқибати ёмонлик билан тугаса (яъни имонсиз ҳолатда кетса) унинг бахтсизлигининг чеки бўлмайди. Агар яхшилик билан тугаса (яъни мўмин ҳолида вафот этса) унинг дўзахда абадий қолмаслиги, қачонлардир ундан халос бўлиши умид қилинади. Гуноҳлари умуман авф этилиб юборилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Шундай қилиб, имом Ғаззолий нафснинг қилмишлари, унинг инсонга номаълум бўлган турли-туман ҳийла найранглари борлигини, нафснинг ёмонликка моил эканлигини бирин кетин баён қилиб берганлар. Шу билан бирга гуноҳ ишларни қилишдан қайтишнинг амалий йўлларини зикр қилиб ўтганлар. Бунда тавба қилган киши қилган гуноҳларига каффорат бўлиши учун, тавбасининг самимий эканлигини исботлаш учун ва тавбасида мустаҳкам туриши учун нималарга эътибор бермоғи лозимлигини баён қилганлар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг

биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.

https://t.me/tuhur

Read 2234 times

Мақолалар

Top